Ҳафталик дайжест. Ҳукуматга қайтган Алламжонов, млрд ва трлн сўмлик коррупциялар, Украинада вафот этган ўзбекистонлик, иссиқлик бўйича янгиланган рекордлар

Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг сўнгги етти кунликдаги энг муҳим ва сара хабарлари жой олган ҳафталик дайжести.

Ҳафта тайинлови: Комил Алламжонов ҳукуматга қайтди. У Шавкат Мирзиёевнинг тегишли фармони билан Президент администрацияси раҳбарининг (яъни Сардор Умурзоқовнинг) ўринбосари бўлди. Алламжонов янги лавозимида жамоатчилик фикрини ўрганиш ва ахборот сиёсатига масъул бўлади.

Фото: Telegram / @allamjonov_ki

Алламжонов Масс-медиа фонди васийлик кенгаши раиси лавозимидан кетгани, шу билан бирга, бизнесларини ҳам бошқаларга топширганини маълум қилди. Бизга шерик «Kommers.uz» нашри администрацияси раҳбарининг янги ўринбосарига тегишли бизнеслар рўйхатини бир жойга тўплади, уларнинг ичида сизга танишлари ҳам бор, масалан, «Миллий» ТВ ва Ягона имтиҳон маркази, хуллас — қизиқ, танишиб чиқинг, лекин энди улар Комил Алламжоновга қарамайди.

Табиийки, Алламжоновнинг янги лавозимга тайинланиши жамоатчиликнинг муҳокамасига сабаб бўлди. Кўпчилик юмор қилди, лекин бунинг ортидан Твиттернинг блокдан чиқариш мавзуси яна актуаллашди. «Bugun.uz» блогер ва ижтимоий тармоқ фаолларининг бу бўйича эълон қилинган постларини бир жойга жамлади: «Энди блокировкалар ечилса керак». Алламжоновнинг ПАга қайтиши қизғин муҳокама қилинди.

«Bugun.uz» мутасаддининг фаолияти бўйича видеоролик тайёрлади.

Сувга чўккан миллиардлар: Сузиш федерацияси мансабдорлари 1 млрд сўмни талон-торож қилгани аниқланди. Бу спорт федерациялари учун биринчи ҳолат эмас.

Ўзбекистон Сузиш федерацияси мансабдор шахслари ва бошқалар мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиб, жуда кўп миқдорда жамият манфаатига зарар етказишган. Бунинг учун ишлатилган схемалар ҳам ўта классик. Хусусан, терма жамоа ҳамда унинг захираси таркибига киритилмаган фуқаро Россия Федерациясининг Волгоград шаҳрида ўтказилган халқаро йиғинга юборилиб, 72 миллион сўм бюджет маблағлари асоссиз ишлатилган.

Фото: «Bugun.uz»

Шунингдек, 2021 йилнинг октябрь-декабрь ойларида жами 287 нафар спортчи «D» МЧЖга қарашли меҳмонхона хизматидан фойдаланмаган бўлса-да, фойдаланганлик ҳақида электрон ҳисоб-фактураларга сохта ёзувлар киритган ҳолда 1 миллиард сўмлик пул маблағ талон-торож қилинган.

Ҳозирда мазкур ҳолатлар бўйича жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Бу спорт федерациялари учун бу биринчи ҳолат эмас. Аввалроқ Волейбол федерацияси мансабдорлари 231 миллион сўм бюджет маблағини ўзлаштиргани аниқланган. Шунингдек, Каратэ федерациясининг собиқ раҳбарлари ва бошқа мансабдор шахслари ҳужжатларни қалбакилаштириш ва ўта йирик миқдорда бюджет маблағларини ўзлаштиришда айбланаётгани ҳақида хабар берилган.

Андижонлик таниқли тадбиркор Раҳмиддин Мирзаев ўз жонига қасд қилди. Ҳозиргача бунинг сабаби маълум эмас.

Фото: Telegram

Андижон вилояти Шаҳрихон туманида таниқли тадбиркор Раҳмиддин Мирзаев ўзини осиб қўйди. Маълумотни Бош прокуратура матбуот котиби тасдиқлади. Аммо ҳозирча бунинг сабаби номаълум, ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.

Маълумот учун, Раҳмиддин Мирзаев «Karakalpak Sement», «Smes Stroy Savdo», «Rash-milk Plus» ҳамда «Recocement» МЧЖлари таъсисчиларидан бири бўлган.

Қорақалпоғистон ички ишлар вазири Аманбай Оринбаев лавозимидан озод қилинди. У бошқа ишга ўтди. Унинг ўрнига Бахтияр Торебеков тайинланди.

Аманбай Оринбаев
Фото: ЎзА

Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазири лавозимида фаолият юритган Аманбай Оринбаев Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг Экология ва Оролбўйи ҳудудларини ривожлантириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозимига тайинланди.

Бахтияр Торебеков
Фото: ИИВ матбуот хизмати

Тайинловга қадар Қўнғирот тумани ички ишлар бўлими бошлиғи лавозимида фаолият юритган Бахтияр Торебеков 25 июль куни лавозимидан озод қилинган Аманбай Оринбаевнинг ўрнига Қорақалпоғистон ички ишлар вазири бўлди.

Маълумот учун, бу Қорақалпоғистон учун 1-2 июль воқеаларидан кейинги иккинчи йирик тайинлов: бунга қадар Қорақалпоғистон Республикаси прокурори лавозимига Қашқадарё прокурори Эркабой Тожиев тайинланганди (унинг қашқадарёдаги курсиси бўш қоляпти).

Рекордларнинг урилиши: шу ҳафтада Термиз ва Самарқандда иссиқ ҳароратнинг тарихий рекордлари янгиланди.

Скриншот: «Ўзгидромет»

Сурхондарё вилоятининг Термиз шаҳрида жазирама иссиқ бўйича рекорд янгиланди. 25 июль куни Термизда кундуз куни ҳавонинг максимал ҳарорати 45,7 даражага чиққан. Сурхондарё вилояти марказида бундан олдинги энг юқори ҳаво ҳарорати 1907 йилда кузатилган — 44,6 даража.

Самарқандда кетма-кет иккинчи йил жазирама рекорди янгиланди. 26 июль куни Самарқандда кундузи ҳавонинг максимал ҳарорати 40,9 даражага чиққан. Шаҳарда бундан олдинги энг юқори ҳаво ҳарорати 2021 йилда кузатилган — 40 даража. 26 июлда ҳавонинг ўртача кунлик ҳарорати 31,8 даражани ташкил этган бўлган, 2021 йилнинг шу кунида ўртача кеча-кундузлик ҳарорат 26,5 даража бўлган.

Энг кўпи — Тошкентда, энг ками — Фарғонада. Энг бойи — банкирлар. Ўртача ойлик иш ҳақи тўғрисида маълумот берилди.

Скриншот: Давлат статистика қўмитаси

Ўзбекистон бўйича 2022 йилнинг январь–июнь ойларида ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақи 3,5 миллион сўмни ташкил этиб, 2021 йилнинг мос даврига (2,9 миллион сўм) нисбатан 119,3 фоизга ошди. Статистика қўмитаси берган маълумотларга кўра, 2022 йил январь–июнь ойларида иқтисодий фаолият турлари бўйича ўртача ойлик иш ҳақининг энг баланд кўрсаткичи — банк, суғурта, лизинг, кредит ва воситачилик фаолияти соҳасига тўғри келиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ўсиш даражаси 124,8 фоизни ташкил этган.

Ҳудудлар кесимида энг кўп иш ҳақини Тошкент (5,48 миллион сўм), Навоий (4,85 миллион сўм ) ва Тошкент вилояти (3 миллион 96 минг сўм) аҳолиси олган. Энг кам иш ҳақи эса Фарғон ва Самарқанд вилоятларида — 2 миллион 663 минг сўмдан. Бошқа ҳудудлардаги иш ҳақи билан бу ерда ёки юқоридаги инфографикада танишиб чиқишингиз мумкин.

Россия Ўзбекистонга маймунчечакни аниқловчи тестларни топширди. Бу ҳақда русларнинг ўзи хабар берди, Ўзбекистон томони (доимгидек) жим.

Фото: «РИА Новости»

Россия Ўзбекистон, Арманистон, Қозоғистон ва Туркманистонга маймунчечакни аниқлаш учун тест тизимлари топширди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар берди, бу ҳақдаги маълумотни на ССВ, на унинг матбуот котиби, бошқа бир расмий манба бермади («Россиядан шунча тест келди, опқолдик, мана, энди бизам маймунчечакни аниқлашимиз мумкин, яқин орада Нурмат Отабеков кўриниш бериб қолиши мумкин» ёки етиб келмаган бўлса, «йўқ, биз олмадик ёки йўлда», деб қўйиш қийинми?).

«‘Роспотребнадзорʼ [«зор» билан тугайдиган ташкилотлар ўзи жуда қизиқ ва баъзида қўрқинчли] томонидан Россия тест тизимлари Арманистон, Қозоғистон, Ўзбекистон ва Туркманистонга топширилди. Бундан ташқари, ҳамкор мамлакатлардаги ҳамкасблар учун маймунчечакнинг лаборатория диагностикаси бўйича махсус семинарлар ташкил қилинади», дейилади хабарда.

Хай, нима бўлганда ҳам, русларнинг айтишича бўйича, бизда маймунчечакни аниқлайдиган тест бор (аввал ҳам бўлган(дир), чунки, «Ўзбекистонда бу касаллик аниқланмади», дейиш учун ҳам тест бўлиши керак-ку).

Ўзбекистонда бу йил мактаб формаси мажбурий бўлмаслиги маълум қилинди. Ягона формага 2025 йилгача босқичма-босқич ўтилади. Мактабларда рўмол ўрашга ҳам тақиқ қўйилмайди.

Халқ таълими вазири Бахтиёр Саидовнинг сўзларига кўра, 2022 йил сентябрь ойидан янги ўқув йилида ота-оналар учун ягона формани харид қилишга мажбурий талаб қўйилмайди ва мактабга ягона формада келмаган ўқувчиларга нисбатан ҳеч қандай эътирозлар билдирилмайди (эслаб қолинг, баёнотнинг бир муҳим қисми).

Бахтиёр Саидовa
Фото: АОКА

Шунингдек, ўзбек миллий қадриятлардан келиб чиқиб, ўқувчи-қизларнинг мактабга очиқ рангдаги миллий рўмолни бошнинг орқа томонидан ўраган ҳолда келишлари маън этилмайди. Ўқувчи-қизларнинг юбка ва кофта енгларининг узунлигини узайтиришга рухсат берилади, аммо белгиланган ўлчамдан калта бўлиши мумкин эмас.

Мактаб формасини айнан бирор тадбиркордан/корхонадан харид қилиш бўйича мактаб маъмурияти томонидан мажбур этилмайди ва бундай ҳолатга йўл қўйилмайди (эслаб қолинг, баёнотнинг яна бир муҳим қисми).

Жонатан Ҳеник АҚШнинг Ўзбекистондаги янги элчиси бўлди. Дэниел Розенблюм фаолиятини Қозоғистонда давом эттиради.

АҚШ Сенати 27 июль куни бўлиб ўтган йиғилишда Жонатан Ҳеникни мамлакатнинг Ўзбекистондаги янги элчиси лавозимига тайинлади.  Ушбу лавозимни 2019 йил май ойидан буён эгаллаб келган Дэниел Розенблюм АҚШнинг Қозоғистондаги элчиси бўлди.

«Мен АҚШ қизиқишларини илгари суриш ва Ўзбекистон билан стратегик шериклигимизни, икки томонлама хавфсизлигимиз, халқлар ва иқтисодий алоқаларимизни мустаҳкамлаш, биз баҳам кўрадиган демократик қадриятларни илгари суриш учун ҳаракат қиламан.

Шунингдек, АҚШнинг Тошкентдаги элчихонасида ходимлар жамоавий иш ва ҳурматни қадрлайдиган инклюзив иш муҳитини яратишга ҳаракат қиламан», — деган Ҳеник тайинлов лавозими нутқида.

Жонатан Ҳеник Нью-Йоркда туғилган, рус, португал, турк ва озарбайжон тилларини билади. У Гавайи университетининг сиёсатшунослик фанлари номзоди, Колумбия университетида халқаро муносабатлар бўйича магистр ва Колумбия коллежи бакалаври ҳисобланади. Бундан ташқри, дипломат маслаҳатчи мақомига эга АҚШ Ташқи ишлар хизматининг юқори мартабали ходими.

ШҲТга аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирлари Ўзбекистонда. Мамлакат расмийлари улар билан учрашувлар ўтказди. Шавкат Мирзиёев ШҲТни ривожлантиришнинг принципиал жиҳатларини белгилаб берди.

Тошкентда 29 июль куни Ўзбекистон раислигида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига (ШҲТ) аъзо давлатлар Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг мажлиси бўлиб ўтади. Унда иштирок этиш учун баъзи делегациялар етиб келди. Улар расмий тадбирлардан олдин Ўзбекистондаги ҳамкасби, Шавкат Мирзиёев ва бир нечта расмийлар билан учрашди. Хусусан, Президент Хитой ташқи ишлар вазири Ван И ва Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавровни қабул қилди.

Бундан ташқари, давлат раҳбари бугун амалий ташриф билан Ўзбекистонда бўлиб турган Туркия ички ишлар вазири Сулаймон Сойлуни ҳам қабул қилди. Шунингдек, Сойлу ўзбекистонлик ҳамкасби Пўлат Бобожонов билан ҳам учрашди.

Дарвоқе, бугун рус ва украин медиасида қуйидаги видео машҳурликка эришди. Унда Хитой ва Россия ташқи ишлар вазирлари учрашгани акс этган.

Шавкат Мирзиёев ШҲТга аъзо давлатлар делегациялари раҳбарларини қабул қилди. Учрашувда давлат раҳбари ривожлантиришнинг қатор принципиал жиҳатларини белгилаб берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Таъкидланишича, булар — Ташкилотнинг ҳеч қандай блокларга қўшилмаслик мақомини сақлаш, янги хатар ва таҳдидларга қарши курашиш бўйича салоҳиятини кучайтириш, Марказий Осиёнинг ШҲТнинг «географик ўзаги» сифатидаги ўрнини сақлаб қолиш, трансминтақавий ўзаро боғлиқлик лойиҳаларини илгари суриш ҳамда Афғонистонни минтақадаги иқтисодий жараёнларга янада фаол жалб қилиш.

Учрашув якунида ШҲТ маконида мамлакатлар ва халқлар манфаатлари йўлида дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини, кенг кўламли ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга Ўзбекистоннинг интилиши қатъий экани яна бир бор қайд этилди.

Мудофаа вазирлиги 36 миллиард сўмлик хато-камчиликлар тўғрисидаги «ўчирилган» ҳисоботга муносабат билдирди.

Коррупция қарши курашиш агентлиги 2022 йилнинг 6 ойи давомида давлат харидларига оид қонунчилик талабларига риоя қилиш юзасидан ҳисобот эълон қилди. Унда Мудофаа вазирлиги тизимида 36,1 миллиард сўмлик камчиликка йўл қўйилгани айтилганди. Бироз вақтдан сўнг агентлик ҳисобни ўзгартирди. Мудофаа вазирлиги ахборот хизмати бу бўйича муносабат билдирди.

Агентлик эълон қилган ҳисоботнинг биринчи варианти
Инфографика: Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Агентлик эълон қилган ҳисоботнинг ўзгартирилган варианти
Инфографика: Коррупцияга қарши курашиш агентлиги

Унга кўра, агентликнинг хабарида Мудофаа вазирлиги томонидан Давлат харидлари соҳасида қонун талабларига риоя қилинишида хато ва камчиликлар мавжудлиги баён этилган.

«Таъкидлаш керакки, ушбу ҳолатлар Мудофаа вазирлиги буджет маблағларига мутлақо алоқаси бўлмаган Ҳарбий савдо корхоналарининг 5 йиллик фаолияти давомида йўл қўйилган хато ва камчиликлардан иборат эканлиги аниқланган», дейилади муносабатда.

«Ўзтрансгаз» мансабдорларига нисбатан жиноят иши қўзғатилгани рад этилди. Аммо терговга қадар текширув олиб борилмоқда.

«Ўзтрансгаз» акциядорлик жамияти мансабдорларига нисбатан жиноят иши очилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Унда 4 триллион 904,7 миллиард сўмни растрата қилиш йўли билан талон-тарож қилингани ва 7,4 миллиард сўм маблағ ортиқча мукофот пуллари сифатида тўлаб берилиб, ўзлаштирилгани айтилган. Бош прокуратура матбуот хизмат бунга муносабат билдирди.

Фото: «Bugun.uz»

Telegram’даги «Kompromatuzb» каналида «Ўзтрансгаз» акциядорлик жамияти мансабдорларига нисбатан жиноят иши очилгани ҳақида хабар берилди. Унда «4 триллион 904,7 млрд сўмни растрата қилиш йўли билан талон-тарож қилингани ва 7,4 млрд. сўм маблағ ортиқча мукофот пуллари сифатида тўлаб берилиб, ўзлаштирилгани натижасида давлат ва жамият манфаатларига жуда кўп миқдорда зарар етказилгани» айтилган.

Шундан сўнг акциядорлик жамияти бу хабарларга муносабат билдирди. Таъкидланишича, «Ўзтрансгаз» ўз мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши очилганидан хабари йўқ ва ҳозирда ҳам ҳеч бир мансабдор шахс бирор жиноий иш доирасида тергов жараёнига жалб қилинмаган.

Ушбу муносабатдан сўнг журналист Хуршид Далиев ўз Telegram каналида жамият мансабдорларига нисбатан жиноят иши очилгани тўғрисидаги ҳужжат нусхасида эълон қилди.

Фото: Telegram / @muxbir1

Бош прокуратура юқоридаги ҳолат бўйича расмий баёнот берди. Маълум қилишича, терговга қадар текширув ҳаракатлари тўлақонли ўтказилмасдан қарор барвақт қабул қилинганлиги аниқланган.

«Мазкур жиноят иши Бош прокуратура томонидан назорат тартибида ўрганилганида, терговга қадар текширув ҳаракатлари тўлақонли ўтказилмасдан қарор барвақт қабул қилинганлиги аниқланган.

Шу сабабли, жиноят иши қўзғатиш ҳақидаги қарор 16 май куни бекор қилиниб, қўшимча равишда терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб боришлик учун юборилган», дейилади муносабатда.

Агар текширувлар якунланиб, триллионлар «еб юборилгани» аниқланса, бу йилнинг, балки ўн йилликларнинг энг катта коррупцион иши бўлади. Ундай бўлмасин, аммо коррупционерлар жаримага тортилсин.

Украинада аҳолига ош тарқатган ўзбекистонлик эркак ҳалок бўлди. Ертўлада. Паловга тайёргарлик кўраётган пайтда.

Украинанинг Чугуев шаҳрида маҳаллий аҳолига палов тарқатган 36 ёшли ўзбекистонлик Сардор Ҳакимов (айтилишича, Андижоннинг Асакасидан) ракета зарбаси оқибатида ҳалок бўлди.

Фото: RFE/RL

Харков вилояти ҳокимлиги раҳбари Олег Синегубов Чугуевда ўзбекистонлик эркак билан ҳамма таниш бўлганини айтган. «Ҳамма Сардор Ҳакимовнинг тирик эканига охиригача умид қилди. У доим жилмайиб турарди, очиқ кайфиятда бўлган», — деган у.

Маҳаллий имом Тимур Беридзенинг айтишича, Сардор Ҳакимов отишма пайтида ертўлада бўлиб, у ерда палов пиширишга тайёргарлик кўраётган бўлган.

Украина матбуотига кўра, Ҳакимов 2000 йилдан бери Луганск вилоятининг Северодонецк шаҳрида истиқомат қилган. Урушдан кейин, 2014 йилда у Чугуевга кўчиб ўтган. У ерда ўзбек ошхонаси ва зираворлар дўконини очган. Россиянинг Украинага ҳужумидан кейин Ҳакимов оиласини Ўзбекистонга юборган ўзи эса одамларга ёрдам бериш учун Чугуевда қолган.

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.

Украинада ҳарбий ҳолат ва умумий сафарбарлик муддати узайтирилади
Жаҳон13:14 | 13.8.22
Украинада ҳарбий ҳолат ва умумий сафарбарлик муддати узайтирилади
Ўзбекистонда 6 ойда қанча хорижлик никоҳдан ўтгани маълум бўлди
Жамият12:51 | 13.8.22
Ўзбекистонда 6 ойда қанча хорижлик никоҳдан ўтгани маълум бўлди
ДХХ ўзини ДТМ ходими дея таништириб, ўқишни кўчириб бериш учун 3 минг доллар олган йигитни ушлади
Жамият12:04 | 13.8.22
ДХХ ўзини ДТМ ходими дея таништириб, ўқишни кўчириб бериш учун 3 минг доллар олган йигитни ушлади
Қозоғистонда Марказий Осиёдаги энг катта масжид очилди — фото
Жаҳон11:27 | 13.8.22
Қозоғистонда Марказий Осиёдаги энг катта масжид очилди — фото
Facebook ва Instagram фойдаланувчиларни кузатиши маълум қилинди
Жаҳон11:13 | 13.8.22
Facebook ва Instagram фойдаланувчиларни кузатиши маълум қилинди
Ўзбекистон мобил алоқа абонентлари сони маълум қилинди
Жамият11:10 | 13.8.22
Ўзбекистон мобил алоқа абонентлари сони маълум қилинди