Россияда 11 нафар ўзбекистонлик заҳарланиш оқибатида касалхонага ётқизилди
Россиянинг Волгоград вилояти Биковский туманида 11 нафар ўзбекистонлик заҳарланиш оқибатида касалхонага ётқизилди. Бу ҳақда вилоят соғлиқни сақлаш қўмитасига таяниб, «ТАСС» хабар берди.

Маълум қилинишича, икки нафар бемор Волжск шаҳридаги Волгоград вилоят юқумли касалликлар шифохонасига юборилган, яна тўққиз киши ўткир гастроэнтероколит дастлабки ташхиси билан Бйковская марказий туман касалхонасида даволанишни давом эттирмоқда.
«Биковская марказий туман касалхонасига заҳарланиш аломатлари билан 18 ёшдан 60 ёшгача бўлган 11 нафар Ўзбекистон фуқароси етказилди. Бугунги кунда уларнинг аҳволи қониқарли деб баҳоланмоқда, бироқ беморлар таҳлил натижалари олинмагунча шифокорлар назоратида бўлади», дейилади қўмита хабарида.
Аввалроқ Россия пойтахти Москвада жойлашган мигрантлар учун мўлжалланган ётоқхонада бир нечта мигрант ноодатий шароитда заҳарланганди. Шунингдек, мамлакатда Ўзбекистон фуқаролари орасида оммавий заҳарланиш қайд этилгани билан боғлиқ яна бир ҳолат содир бўлганди.


