АОКА TikTok’ка кириш чеклови ҳам олиб ташланиши учун музокара олиб бормоқда

Интернетдаги бугунги энг асосий янгилик — ўзбекистонликлар Twitter, WeChat ва «ВКонтакте» ижтимоий тармоқларига яна бир йил аввалгидек, ҳеч қандай тўсиқларсиз кириш имконига эга бўлди (уларга қўшилиб, Soundcloud сервиси ҳам бир неча йиллик блокдан чиқарилгани айтилмоқда). Бир йил аввал ушбу ижтимоий тармоқларнинг бари «Ўзкомназорат» томонидан блокланган эди.

Фото: «Bugun.uz»

Интернетдаги фаоллар Қорақалпоғистондаги июль воқеалари вақтида тарқалаётган шубҳали ахборотларни рад этишда Twitter энг самарали восита бўлгани, унга VPN’сиз кириш имкони йўқ бўлса-да, бу тармоқдаги ўзбекистонликлар фейкларга қарши қизғин курашганини эътироф этганди. Шу билан бирга, Тошкентдаги катта инвестфорум вақтида чет эллик меҳмонлар ўз таассуротларини Twitter’да ёзолмагани Ўзбекистоннинг мафтункорлигига салбий таъсир қилгани айтилганди. Бозорларимиздаги тадбиркорлар эса WeChat’га қўйилган тўсиқ айниқса Хитойдаги шериклар билан мулоқотни қийинлаштираётганини таъкидлаб келарди.

Номлари зикр этилган ижтимоий тармоқлар «блокировкадан чиқарилаётгани» ҳақидаги АОКА хабарида тўғри таъкидланганидек, «блокировкалар ривожланишга фақат зарар келтиради» ва бу чекловлар, юқоридаги мисоллардан кўриниб турганидек, Ўзбекистонга зарар келтираётганди. Шу ўринда, «сизлар Twitter’нинг очилганига зўр хурсандсизлар, лекин мен яна бир ижтимоий тармоқ ҳали ҳам чекловда қолаётганини кўряпман», деб фикр қолдирган таниқли фаолда бўлгани каби, бир савол туғилади — нега «блокировкадан чиқарилганлар» рўйхатида TikTok йўқ?

АОКА қисқагина ахборотида бу масалага ҳам тўхталиб ўтган: «TikTok платформаси билан музокаралар давом этмоқда, натижалари юзасидан қўшимча хабар берилади». Бир қаторгина бўлса-да, яхшиликдан умид қилиш мумкин бўлган гап. Ваҳоланки, музокаралар олиб борилаётгани айтилмаслиги ҳам мумкин эди. «Балки музокаралар умуман олиб борилмаётгандир», деган фикр ҳам бўлиши мумкин. Катта эҳтимол билан, АОКА йўқ нарса ҳақида гапирмаган бўларди. Иккинчидан, музокаралар ҳақиқатан ҳам кўпдан бери олиб бориляпти.

Bugun.uz аввалроқ АОКА вакиллари TikTok маъмурияти билан 2020 йилдан бери музокаралар олиб бораётгани ҳақида ёзганди. Нега TikTok’га бундай алоҳида эътибор, нега у билан музокара олиб бориш зарур? TikTok Ўзбекистонда қисқа муддатда феноменал ўсишга эришди. Унга кириш чекланган вақтда аудиторияси бўйича Ўзбекистонда у билан фақат Telegram баҳслаша оларди, холос. У ерда юз минглаб, миллионлаб обуначиларга эга, ҳар куни юзлаб, минглаб контент тайёрлайдиган ўзбекистонлик фаоллар пайдо бўлди, улар учун мукофотлар таъсис этилди. Тиктокерлар нафақат ҳокимлар-у вазирларнинг, балки президентнинг ҳам эътиборига тушди.

АОКА ва бошқа идоралар саъй-ҳаракатлари натижасида ўзбекистонликлар орасида энг оммабоп ҳисобланган Telegram сервиси билан самарали муносабатлар ўрнатилган. Бунинг самараси ўлароқ деструктив ва ғайриқонуний аҳамиятга эга маълумотлар тарқатилиши баҳона бутун бошли мессенжерни блоклашга ҳожат йўқ. Аксинча, ўша маълумотлар ва уларни тарқатаётган зараркунанда манбаларга тўсиқ қўйилмоқда, холос. TikTok билан олиб борилаётган музокаралардан кўзланган мақсад ҳам шу. Айрим кузатувчилар буни цензура деб баҳолаши мумкин, лекин бугун цензура масаласи шу қадар чалкашки, унинг чегараси қаерда бошланиб, қаерда тугаши тушунарсиз.

TikTok билан музокараларга жалб қилинган АОКА ва бошқа ташкилотларнинг мақсади — интернет фойдаланувчиларнинг сўз ва фикр билдириш эркинлигига дахл қилмаган ҳолда, ушбу тармоқда бузғунчилик, ахлоқсизлик ва бошқа ноқонуний маълумотлар тарқалишининг олдини қонун доирасида олишга эришиш. Ўзаро манфаатли ҳамкорлик йўлга қўйилиши учун АОКА Ўзбекистон номидан TikTok’га қизиқ бўлиши мумкин бўлган бир қатор таклифларни ҳам билдирган. Маълумотларга кўра, ушбу таклифлар TikTok томонидан кўриб чиқилмоқда. Охир-оқибат, ўзбекистонлик интернет фойдаланувчилар учун манфаатли қарор қабул қилиниши эҳтимоли юқори.

Бугунги «ижтимоий тармоқларни озод қилиш операцияси»да президент матбуот котиби Шерзод Асадов ҳамда ахборот сиёсатига масъул қилингани ҳолда Президент администрацияси раҳбари ўринбосари этиб тайинланган Комил Алламжоновнинг ҳам ўрни бор. Бир ҳафта аввал Алламжоновнинг тайинлови эълон қилинганидаёқ жамоатчилик воқеаларнинг мана шундай ривож топишини тахмин қила бошлаганди. Асадов «ахборот маконини ёпиб қўйиш жамиятни орқага тортиши исбот талаб қилмайдиган ҳақиқат» эканини таъкидлаган бўлса, Алламжонов ўзига хос услубда: «Блоклаш — фақат зарар ва аҳмоқлик», дея фикр билдирди.

Мана шундай «зарарли ва аҳмоқона масалалар» ҳал қилиниши учун АОКА, Масс-медиа фонди ва бошқа шу каби ташкилот ва идоралар анчадан бери ҳаракат қилиб келгани факт, бундан кейин ҳам улар бу ҳаракатларини давом эттиришларига шубҳа йўқ.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 1 августдан Twitter ва бошқа ижтимоий тармоқларга қўйилган чекловлар олиб ташланганди.

Аввалроқ Ўзбекистонда 2021 йил 2 июльу куни айрим ижтимоий тармоқлар, жумладан, TikTok ва Twitter чекланганди. Шунингдек, Шавкат Мирзиёев 30 июнь куни Ботаника боғида ўтказилган ёшлар ва талабалар форумидаги нутқи давомида айрим тиктокерларнинг хатти-ҳаракатларини танқид қилган эди.

Ўзбекистонда 1 октябрь куни кузатиладиган об-ҳаво маълумоти эълон қилинди
Жамият7:35 | 1.10.22
Ўзбекистонда 1 октябрь куни кузатиладиган об-ҳаво маълумоти эълон қилинди
Ҳарбийлар билан селфи тушаётган вице-президент, Виндзордаги кийиклар подаси, тўфон келтирган талафотлар — бугун суратлари
Жаҳон23:58 | 30.9.22
Ҳарбийлар билан селфи тушаётган вице-президент, Виндзордаги кийиклар подаси, тўфон келтирган талафотлар — бугун суратлари
Apple Россиядаги аксарият ходимларини Қирғизистонга кўчирди
Жаҳон23:37 | 30.9.22
Apple Россиядаги аксарият ходимларини Қирғизистонга кўчирди
Тошкентда қизларни Туркияга фоҳишаликка жўнатмоқчи бўлган икки аёлга суд ҳукми ўқилди
Жамият, Тошкент вил.23:06 | 30.9.22
Тошкентда қизларни Туркияга фоҳишаликка жўнатмоқчи бўлган икки аёлга суд ҳукми ўқилди
Ўзбекистонга илк бор Техас штати савдо миссияси келади
Жаҳон22:35 | 30.9.22
Ўзбекистонга илк бор Техас штати савдо миссияси келади
АҚШ Сенати Украинага қўшимча 12,4 млрд долларлик ёрдам лойиҳасини маъқуллади
Жаҳон22:08 | 30.9.22
АҚШ Сенати Украинага қўшимча 12,4 млрд долларлик ёрдам лойиҳасини маъқуллади