Ҳиндистонда PUBG ўйнаш тақиқланди
Ҳиндистонда дунёга машҳур PUBG Mobile Lite ўйинининг аналоги тақиқланди. Бу ҳақда «Gizchina» хабар берди.

Мобил ўйиннинг ҳиндча варианти Battlegrounds Mobile India деб аталади, асосий версия 2020 йилда тақиқланган. Ўйин аллақачон мамлакатдаги Google Play ва App Store дўконидан олиб ташланган. Ўйинни ишлаб чиқарувчи Krafton студияси ўйин Ҳиндистонда олиб ташланганини тасдиқлаган ва бунга тушунтириш талаб қилган. Бунинг ортидан Жанубий Корея компанияси акциялари 9 фоизга арзонлашган.
Тахминларга кўра, Battlegrounds Mobile India’нинг тақиқланиши маълумотларнинг Хитой серверларига ўтиши билан боғлиқ бўлиб, бу фойдаланувчиларнинг хавфсизлигига таҳдид солиши мумкин. Krafton учинчи томон серверларига маълумотларни юбориш фактини тасдиқлаган, аммо ҳамма нарса қонуний равишда содир бўлаётганини айтган.
«Бошқа мобил ўйинлар ва иловалар сингари, Battlegrounds Mobile India ҳам ўзига хос ўйин функцияларини тақдим этиш учун учинчи томон ечимларидан фойдаланади. Ушбу ечимлардан фойдаланиш жараёнида баъзи ўйин маълумотлари учинчи томонларга узатилади», —деган Krafton вакили.
Аввалроқ «Толибон» ҳаракати Афғонистонда ёшларнинг PUBG ва «TikTok»дан фойдаланишини тақиқлаганди. Шунингдек, АҚШда TikTok миллий хавфсизликка таҳдид деб эълон қилинганди.


