14:42 | 01.08.22 174

Лукашенко Беларусь мустақиллиги сақлаб қолинишини таъкидлади

У Россия билан бошқа давлатлар ҳасад қиладиган иттифоқ тузишни айтган

Беларусь президенти Александр Лукашенко мамлакат Россия билан мустақиллигини сақлаб қолган ҳолда иттифоқ туза олишини маълум қилди. Бу ҳақда «БЕЛТА» хабар берди.

Фото: «Цензор.нет»

Унинг сўзларига кўра, Беларус суверенитети ва мустақиллиги доимий масала бўлиб, бу муҳокама қилинмайди.

«Биз жуда ақлли одамлармиз. Россияда ҳам Президент мутлақо ақли расо ва қайси йўналишда ҳаракат қилишимиз кераклигини тушунади. Шунинг учун Россия ва Беларусь мустақиллигини сақлаб қолган ҳолда, биз шундай иттифоқ қура оламизки, ҳам федерал, ҳам конфедерал, ҳаттоки унитар давлатлар унга ҳасад қилиши мумкин», — дейди Лукашенко.

Беларусь раҳбари мазкур баёнотни Дмитрий Крутойни мамлакатнинг Россиядаги элчиси этиб тайинлаши жараёнида айтган.

Аввалроқ Лукашенко постсовет давлатларини Иттифоқ давлатига яқинлашишга чақирганди. Шунингдек, у Ўзбекистон Россия ва Беларусь Иттифоқ давлатига қўшилиши мумкинлиги ҳақида гапирган.

«Биласизми, Беларусь аллақачон ушбу иттифоқда. Қозоғистон учун январдаги норозиликлари яхши сабоқ бўлади деб ўйлайман. Агар сиз 15 йиллик муддат десангиз, Украина иттифоққа қўшилишига ишончим комил. Туркманистон, Ўзбекистон ва Тожикистон ҳам иқтисодий заруриятдан келиб чиқиб, ўйлайманки, қўшилади», — деган у.

Ўзбекистон томони Беларусь президентининг мазкур баёнотига ҳам муносабат билдирган. Республика ўз миллий ривожланиш стратегиясига эгалиги айтилиб, Лукашенко бошқа давлатлардаги вазиятга баҳо ва уларнинг ташқи сиёсатига изоҳ бермаслиги кераклиги айтилган.

«Ўзбекистон мустақил, суверен давлат сифатида ўз келажагини аниқ тасаввур қилади ва фақат халқ ҳамда давлат манфаатларидан келиб чиқиб, ўзининг миллий ривожланиш стратегияси йўлидан боришда давом этади», дейилган муносабатда.