Ўзбекистонда «Табаррук зиёрат» туризм концепцияси тасдиқланди
У доирасида ҳар икки йилда бир марта «Туркий тилли ёшлар» халқаро фестивали ўтказилади
Ўзбекистонда «Туркий давлатлар билан туризм соҳасидаги ҳамкорликни жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори қабул қилинди. Бу ҳақда «Ҳуқуқий ахборот» Telegram каналида хабар берилди.

Маълум қилинишича, қарор билан туркий дунё доирасида «Табаррук зиёрат» туризм концепцияси тасдиқланган. Концепция доирасида Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хива, Шаҳрисабз, Марғилон, Қўқон, Термиз ва бошқа тарихий шаҳарларда буюк алломаларнинг илмий ва маданий мероси тўғрисида семинар, симпозиум, конференция, илмий-амалий анжуманлар ўтказилади.
Шунингдек, Туркий давлатлар ташкилоти доирасида ўзаро ҳамкорлик орқали «Табаррук зиёрат» бренди яратилади.
2023 йилдан ҳар 2 йилда 1 маротаба:
- май ойининг учинчи декадасида Марғилон шаҳрида «Марғилон ипак матоларининг халқаро бозордаги аҳамияти» мавзусида кўргазма ва илмий-конференция;
- июнь ойининг биринчи декадасида «Лаванда» фестивали;
- июль ойида талабалар ва ёшлар учун Халқаро «Turksoy» ташкилоти билан ҳамкорликда «Туркий тилли ёшлар» халқаро фестивали;
- август ойининг учинчи ҳафтасида туркий давлатларнинг тадбиркорлари, ОАВ, журналист ва блогерлар учун «Табаррук зиёрат» халқаро медиатури ва унинг доирасида «B2B» форматида учрашувлар ташкил этилади.
Аввалроқ Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти МАТТА онлайн туризм платформаси орқали тарғиб қилиниши хабар берилганди. Шунингдек, Тошкентда халқаро туризм ярмаркаси ўтказилиши хабар қилинганди.