16:38 | 01.08.22 120

Ўзбекистонда Twitter ва бошқа ижтимоий тармоқларга қўйилган чекловлар олиб ташланди

АОКА бу бўйича маълумот берди

Ўзбекистонда 1 августдан Twitter ва бошқа ижтимоий тармоқларга қўйилган чекловлар олиб ташланди. Бу ҳақда АОКА хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Маълум қилинишича, бугундан бошлаб мамлакатда Twitter, WeChat ва Вконтакте ижтимоий тармоқларидан тўсиқларсиз фойдаланиш имконияти тўлиқ тикланмоқда.

‘TikTok’ платформаси билан музокаралар давом этмоқда, натижалари юзасидан қўшимча хабар берилади. Блокировкалар ривожланишга фақат зарар келтиради», дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 2021 йил 2 июльу куни айрим ижтимоий тармоқлар, жумладан, TikTok ва Twitter чекланганди.

Хабарга кўра, «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги қонуннинг 27-1-моддаси талабларига зид равишда Ўзбекистон фуқароларининг шахсга доир маълумотларига ишлов берилаётгани учун айрим ижтимоий тармоқлар 2021 йил 2 июлдан «Шахсга доир маълумотлар субъектлари ҳуқуқларини бузувчилар реестри»га киритилди ва Интернет тармоғида мазкур ресурсдан Ўзбекистон ҳудудида фойдаланиш ўрнатилган тартибда, аниқланган камчиликлар бартараф этилгунга қадар чекланган.

Шунингдек, «Ўзкомназорат» ВКонтакте, Twitter ва WeChat ижтимоий тармоқларида ўзбекистонликларининг шахсига доир маълумотларга қонун талабларига зид равишда ишлов берилаётгани учун «Mail.ru Group», «Twitter Inc» ва «Tencent-Inc» компанияларига кўрсатмалар берилгани ҳақида маълум қилганди.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев 30 июнь куни Ботаника боғида ўтказилган ёшлар ва талабалар форумидаги нутқи давомида айрим тиктокерларнинг хатти-ҳаракатларини танқид қилган эди.