11:05 | 01.08.22 618

Сербия-Косово чегарасида можаро: тунда нималар содир бўлди

NATO вазият беқарорлашса, аралашишга тайёрлигини билдирмоқда

Косовода 31 июль оқшомида қисман тан олинган республика раҳбарияти ва серб ҳамжамияти ўртасидаги навбатдаги кескинлашуви юз берди. Тунда чегара ҳудудларида отишма ва сирена овозлари эшитилди. «Bugun.uz» тунда содир бўлган воқеалар хронологиясини тақдим этади.

Фото: «EPA» / Сербия ва Косово чегарасидаги «Ярине» назорат пункти яқини

Косовонинг серблар яшайдиган ҳудудларида 31 июль куни тунда сиреналар янграган. Шимолий Косова-Митровица аҳолиси шаҳар марказига тўплана бошлаган. Шаҳарнинг жанубий қисмида албанлар оммавий кўчаларга чиққан. Серблар баррикадалар қура бошлаган.

Косово серблари расмий Приштина жорий этган янги қоидаларга рози эмас. 1 августь куни ярим тунда Косово ҳукумати фуқароларнинг Сербия томонидан берилган ҳужжатлар билан киришини тўсиб қўйган. Шунингдек, августь ойидан бошлаб барча автомобилларни Косово рақамларига қайта рўйхатдан ўтказиш режалаштирилмоқда.

Сербия депутати Владимир Жуканович вазият кескинлашишидан бир неча соат олдин Twitter’да «Сербия Болқонни деназиялаштиришни бошлашга мажбур бўлади», деб ёзган. Тўқнашувлар бошланганидан кейин Косово Бош вазири Алmбин Курти Яринье чегара пунктига қуролли махсус кучларни юборган. Косово полицияси «Брняк» ўтиш жойини ёпиб қўйган, Рудница чорраҳасида эса фақат Косово давлат рақамлари бўлган автомобиллар ўтиши мумкин бўлган. NATO бошчилигидаги Косоводаги халқаро хавфсизлик кучлари Косовска-Митровица ва Метохия шаҳридаги Ибар дарёси орқали ўтган кўприкка жойлаштирилган. Сербиянинг «Курир» телеканали «Брянк» назорат-ўтказиш пункти яқинида отишма акс этган кадрларни чоп этган.

Сербиянинг «Вечерние Новости» газетасига кўра, Косово полицияси махсус бўлинмаси Приштинадан серблар намойиш ўтказаётган Косово ва Метохия шимолига кўчиб ўтган. Улар тўлиқ таъминланган ҳолда минтақанинг шимолий қисмига йўл олган, улар билан бир қанча тез ёрдам машиналари ҳам бўлган. Ярин ва Лепосачив ўртасидаги Слатина шаҳрида одамлар баррикадалар ўрнатган, бир киши жароҳатланган ва у касалхонага ётқизилган. Сербия армияси Косово ва Метохия ҳудудига кирмаган. Косово хавфсизлик кучлари серб намойишчилар полициясига қарата ўт очганини таъкидлаган.

Ўз навбатида, Сербия президенти Александр Вучич Бош штабга келган. У Албания томони аргументлардан таъсирланишига умид билдирган. Муросали ечимларга эришиш ва мулоқотда тинчликни сақлаш мумкинлигини айтган.

NATO ҳомийлигидаги халқаро миссия тан олинмаган республиканинг шимолий қисмида таҳдид юзага келса, аралашиш билан таҳдид қилган.

«Косово шимолидаги муниципалитетларида умумий хавфсизлик билан боғлиқ вазият кескинлигича қолмоқда. NATO бошчилигидаги миссия вазиятни диққат билан кузатиб боради ва агар барқарорликка таҳдид туғилса, аралашишга тайёр», дейилади миссия баёнотида.

Косово ҳукумати 1 августга ўтар кечаси  Сербия ҳужжатлари ва автомобиль рақамларини тақиқлашни бир ойга, 1 сентябрга қолдирган. Ҳозирда чегарадаги вазият барқарор.

Сербия, Косово ва Россия расмийларининг муносабати

Аввалроқ Вучич Косово ҳукумати «Сербларга ўзи ҳақ бўлмаган нарсаларни юклаётганини» айтган. У Косоводаги серблар учун вазият «жуда оғир» ва «Сербия ҳеч қачон бугунгидек қийин аҳволда бўлмагани»ни таъкидлаган. Россия Ташқи ишлар вазирлиги, ўз навбатида, Косово, «унинг ортида турган АҚШ ва Европа Иттифоқи»ни республикадаги сербларнинг ҳуқуқларини ҳурмат қилишга чақирган.

ТИВ матбуот котиби Мария Захарованинг таъкидлашича, Приштинадаги «ҳокимият»нинг 1 августдан маҳаллий сербларнинг шахсий ҳужжатлари ва рўйхатга олиш рақамларини мажбурий алмаштириш бўйича асоссиз камситувчи «қоидалар»ни қўллаш қарори Косовадан «сербларнинг чиқариб юборилишига» олиб келади.

Қисман тан олинган Косово бош вазири Альбин Курти ўзининг ижтимоий тармоқларида яқин кунлар қийин ва муаммоли бўлишини, чунки республика «серб шовинизми»га дуч келаётганини айтган.

Косово атрофидаги можаро

2008 йилда ўша пайтда Сербия таркибида автоном вилоят мақомига эга бўлган Косово мустақиллигини эълон қилган. Косово суверенитети Европа Иттифоқининг 27 давлатидан 22 таси, шунингдек, АҚШ ва Буюк Британия томонидан тан олинган. Шу билан бирга, Сербия Конституциясига кўра, Косово ҳамон унинг бир қисмидир. Қолаверса, Косово Хитой ва Россия вето қўйгани учун ҳамон БМТга аъзо бўлмаган. Косовода мунтазам ҳарбий ҳаракатлар бўлмаса-да, Белград ва Приштина ҳалигача тинчлик келишувига эриша олгани йўқ. Бу уларнинг Европа Иттифоқига киришига ҳам тўсқинлик қилмоқда. Сербия аллақачон Европа Иттифоқи аъзолигига номзоднинг расмий мақомига эга, Косово эса потенциал номзодлар рўйхатида.