Шавкат Мирзиёев Эрон президентига ҳамдардлик билдирди
Мамлакатда юз берган кучли сув тошқинлари оқибатида кўплаб инсонлар қурбон бўлган
Шавкат Мирзиёев 1 август куни Эрон президентига ҳамдардлик билдирди. Бу ҳақда Президент матбуот котиби хабар берди.

Маълум қилинишича, Эроннинг қатор ҳудудларида юз берган кучли сув тошқинлари оқибатида кўплаб инсонлар қурбон бўлган ва катта талафотлар етган.
Қайд этилишича, давлат раҳбари вафот этганларнинг оила аъзолари ва яқинларига таскин-тасалли сўзларини етказишни сўради, жароҳатланганлар тез фурсатда соғайиб кетишини тилаган.
Маълум қилинишича, Эронда кучли сув тошқинлари кузатилмоқда. Ҳодиса оқибатида бир ҳафта ичида камида 69 киши ҳалок бўлган. Яна 45 киши бедарак йўқолганлар рўйхатига киритилган.
Тошқинлар мамлакатнинг барча вилоятларининг 2/3 қисмида (31 провинсиядан 24 тасида) кузатилмоқда. Энг кўп жабрланган ҳудудлар орасида Теҳрон ҳам бор.
Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Ҳиндистоннинг шимоли-шарқидаги ҳудудларда юз берган табиий офатлар оқибатида кўплаб инсонлар қурбон бўлгани муносабати билан мамлакат президенти Рам Натҳ Ковинд ва бош вазири Нарендра Модига ҳамдардлик йўллаганди. Шунингдек, давлат раҳбари Бразилиянинг Брумадинью муниципалитетида тўғон ёрилиши оқибатида кўплаб инсонлар ҳалок бўлгани муносабати билан 2019 йил 28 январь куни мамлакат президенти Жаир Мессиас Болсонаруга ҳамдардлик билдирганди.