«Аҳоли орасида бир-бирига бақириш, дўппослаш одатий ҳолга айланиб бораётгандек» — Омбудсман
Самарқанд туманида 21 июль куни икки эркак ўзаро келишмовчилик сабабли икки аёлни калтаклагани тўғрисида хабар берилганди. Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили мазкур ҳолатга муносабат билдирди.

Самарқанд туманида юзага келган келишмовчилик оқибатида аёллар фарзанди кўз олдида эркаклар томонидан дўппосланиши тасвири кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлди. Ўрганишлар, суратдаги бола аслида аёлнинг боласи эмаслиги, унга энагалик қилиши аниқланган.
«Яхшилаб ўрганилмай туриб, оммага эълон қилинган бу каби материаллар жамиятимизда ҳар хил кайфиятни туғдирмоқда. Ҳозирда мазкур ҳолат бўйича Самарқанд тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда», — дейилади муносабатда.
Шунингдек, Самарқанд вилоятида аёл кишининг калтаклангани, қарши томоннинг эса давлат ходими бўлиши мумкинлиги айтилган видео тарқалди. Видеода биринчи бўлиб аёлнинг шовқин кўтариб, эркак кишига тош отгани ҳам кўрсатилган.

Юқоридаги ҳар иккала ҳолат бўйича Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг Самарқанд вилоятидаги минтақавий вакили Диёр Хусанов томонидан ўрганиш ишлари олиб борилган.
Иккинчи ҳолат юзасидан аниқланишича, аёл кишини тепишга уринган эркак тадбиркор бўлиб, у вилоят ҳокимининг тегишли кўрсатмасига асосан, 37 та дала-ҳовли ўрнида кўп қаватли уй қуришни режалаштирган. Омбудсманга тақдим этилган маълумотларга кўра, уй эгаларининг розилиги билан уй-жойлар нархлари баҳоланиб, «снос» ҳолатига келтирилган. Уларга компенсация пуллари тўлаб берилиб, уйни бўшатишлари сўралган.
Жумладан, видеода норозилик кайфиятидаги аёл ҳам компенсация пулларини тўлиқ қабул қилгани ҳақида маълумот берилган. Лекин аёл уйни бўшатиб беришга қаршилик қилган. Ҳозирда ҳолат юзасидан тергов олди текширув суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Қайд этилишича, ҳар иккала ҳолат бўйича ҳам суд-тергов ишлари якунлангач, айбдор шахсларга нисбатан тегишли чоралар кўрилади.
«Аҳоли ўртасида бир бирига бақириш, қўл кўтариш, дўппослаш, таҳдид қилиш кабилар одатий ҳолга айланиб бораётгандек. Омбудсман фуқаролар ўртасидаги низоларни кўриб чиқиш ваколатига эга бўлмасада, бундай мазмундаги хабарларнинг кўпайиб бораётганидан хавотирдалигини билдиради», — дея таъкидланади муносабатда.
Аввалроқ Самарқандда аёл болани шафқатсизларча калтаклагани ҳақида хабар берилганди. Бола ҳуқуқлари бўйича вакил Алия Юнусова ҳолат юзасидан муносабат билдириб, фарзандини зўравонлик билан «тарбиялайдиган» ота-оналардан уларни олиб қўйишни таклиф қилганди.



