ДХХ қатор вилоятларда гиёҳванд моддалар савдосига чек қўйди — видео
Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари республиканинг қатор вилоятларида катта миқдордаги гиёҳвандлик моддалар контрабандасига чек қўйди, деб хабар берди ЎзА.

Маълум қилинишича, Самарқанд вилоятининг Пахтачи туманидаги ЙПХ масканида «Spark» автомашинасида 2 нафар фуқаро ёнида 10 килограмм «опий» гиёҳванд моддаси борлиги аниқланган. Тожикистондан контрабанда йўли билан олиб келинган ушбу гиёҳавандлик моддаларини Хоразм вилоятида сотишни режалаштиришган.
Сурхондарё вилоятида ўтказилган тезкор тадбирда эса Термиз туманида яшовчи 2 нафар фуқаро 2 килограммдан ортиқ «опий» моддасини 40 минг долларга сотган вақтларида ДХХ ходимлари томонидан қўлга олинган. Улар Тожикистондан келтирилган бу гиёҳвандлик воситасини термизлик фуқародан 28 минг долларга сотиб олгани аниқланиб, у ҳам ушланган.
Шунингдек, ДХХ ва Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари ҳамкорлигида Бекобод—Гулистон йўналишида ҳаракатланаётган «Нехиа» русумли автомашинада бўлган тожикистонлик фуқаро ёнида 1 килограмм «опий» гиёҳвандлик воситаси борлиги аниқланиб, қўлга олинган. У наркотикни Қозоғистонга ўтказишни режалаштирган.
Фарғонада вилоятида ўтказилган тадбирда Тожикистон фуқароси ўзининг шаръий никоҳидаги турмуш ўртоғи бўлган аёл билан Сурхондарё вилоятининг Денов туманига бориб, Тожикистондаги наркосавдогардан 11 минг долларга сотиб олинган 976 грамм «опий» ва 994 грамм «гашиш» сотиб олгани аниқланган. Улар гиёҳванд моддаларини контрабанда йўли билан Ўзбекистон ҳудудига ўтказган. Сўнгра улар наркотик моддаларни олиб қайтаётган вақтларида Марғилон шаҳрида ушланган.
Бошқа ҳолатда эса Ёзёвон туманидан Марғилон шаҳри томон ҳаракатланаётган «Lacetti» русумли автомашина тўхтатилиб, кўздан кечирилган. Унда Марғилонда яшовчи 2 нафар фуқаронинг ёнида Қирғизистондан олиб келинган 698 грамм «опий» гиёҳвандлик воситаси борлиги аниқланган.
Тошкент вилоятида Бекобод шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда Тожикистоннинг Сўғд вилояти Мастчоҳ туманида яшовчи шахс қарийб 2 килограмм «гашиш» моддасини шартли харидорга сотган вақтида қўлга олинган.
Бундан ташқари, Наманган вилояти Янгиқўрғон туманида ҳаракатланаётган «Cobalt» русумли автомашинада кетаётган фуқаронинг ёнида 968 грамм «гашиш» моддаси борлиги маълум бўлган. Аниқланишича, у мазкур наркотик моддани Қирғизистондаги танишидан 7 минг доллар сотиб олиб, учинчи шахслар имкониятлари орқали Янгиқўрғон тумани ҳудудига контрабанда йўли билан ўтказган.
Ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида жами 14,73 килограмм «опий» ва 3,92 килограмм «гашиш» моддалари мусодара қилинган.
Аввалроқ ДХХ Қирғизистондан ноқонуний олиб келинган психотроп дориларни сотувчи гуруҳ фаолиятига чек қўйгани, Тошкентда нарколаборатория ташкил қилганларни ушлангани, Самарқандда 5 килограмга яқин гиёҳванд моддалар айланмасига чек қўйилгани тўғрисида хабар берилганди.


