Наманганда археологик ёдгорлик уй-жой қуриш учун бериб юборилгани аниқланди
Прокуратура ва ДХХ органлари томонидан Маданий мерос агентлиги мутахассислари иштирокида ўтказилган ўрганишларда Наманган вилояти Янгиқўрғон тумани масъул мансабдор шахслари томонидан маданий мерос объектини уй-жой қуриш учун ноқонуний бериб юборилиши оқибатда унга жиддий зарар етказилгани аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, маданий мерос ёдгорлиги ҳисобланган Янгиқўрғон тумани «Гаистон» маҳалласида жойлашган «Гаистонтепа» археология ёдгорлигига оид ҳужжатлар туман кадастр ва қурилиш бўлими бошлиқлари томонидан қонунчилик талабларига зид равишда ер участкаларини бериш масаласини кўриб чиқувчи комиссияга тақдим этилиб, объект ноқонуний равишда фуқароларга дала ҳовли қуриш учун ажратилган.
Оқибатда, «Гаистонтепа» археология ёдгорлиги 2020-2021 йиллар давомида фуқаро З.М. томонидан бузиб ташланиб, ўрнига уй-жой қурилгани натижасида тарихий объектга 80 миллиард сўм жиддий зарар етказилган.
Текшириш натижасига кўра, жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Бухорода археология ёдгорлиги ери экин майдонига айлантирилгани, Наманганда археологик ёдгорликка салкам 4 миллиард сўм зарар етказилгани аниқланган эди. Шунингдек, Бухорода мадраса ҳудуди қўйхонага айлантирилгани айтилган хабарлар тарқалган.




