Ўзбекистон Жанубий Корея билан ҳарбий тиббиёт бўйича ҳамкорлик қилади
Жанубий Корея Қуролли Кучлари Тиббиёт қўмондони генерал Чой Бюнг Сеоп раҳбарлигидаги делегация Ўзбекистон Мудофаа вазирлигига ташриф буюрди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, учрашувда томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларининг бугунги ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилиб, уни янада жадаллаштириш борасида фикр алмашган. Тиббиёт соҳасига юқори технологик тиббий ва жарроҳлик амалиётларини, замонавий даволаш стандартлари ва усулларини татбиқ этиш, тиббиёт фани ва ҳарбий тиббиёт соҳасидаги долзарб муаммоларга бағишланган қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, фармацевтика соҳасидаги янги технологиялар, ахборот коммуникациялари ва воситалари, электрон тиббиётни қўшинлар тиббий таъминот тизимига тадбиқ этиш каби йўналишларда ҳамкорлик олиб боришга келишилган.

Таъкидланишича, Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасида барча соҳалардаги каби ҳарбий соҳада ҳам изчил ҳамкорлик йўлга қўйилган. Хусусан, 2021 йилда икки давлат Мудофаа вазирликлари ўртасида ҳарбий тиббиёт соҳасидаги ҳамкорликка оид меморандумнинг имзоланган. Унга кўра, ўзбекистонлик ҳарбий тиббиёт ходимлари Жанубий Кореянинг энг ривожланган ҳарбий-тиббиёт марказларида билим ва тажрибаларини оширмоқда.
Бундан олдин Ўзбекистон ҳарбийлари Буюк Британия базаларида малака ошириши, Мудофаа вазирлиги ва Миллий университет ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзолангани тўғрисида хабар берилганди.




