Пелосининг самолёти Тайванга қўнса, уруш бўладими? АҚШ Тайванни деб Хитой билан урушадими?

Афтидан, АҚШ Конгрессининг Вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелоси 2 август куни барибир Тайванга ташриф буюради. Аввалбошдан у оролда бир кеча бўлиши айтилган эди. Аммо кейинроқ у фақат Тайбэй аэропорт транзит тарзида бўлиш билан чекланиши ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Ташриф қандай кўринишда ўтиши, шунингдек, Хитой бунга қандай муносабат билдириши ҳали ҳам номаълум. Аввалроқ Хитой раҳбари Си Цзиньпин Пелосининг эҳтимолий ташрифини АҚШ президенти Жо Байден билан муҳокама қиларкан, «ўт билан ўйнашмаслик»га ва «битта Хитой» тамойилини ҳурмат қилишга чақирган эди. Хитой армияси эса Тайвань яқинида олдиндан режалаштирилмаган машғулотларни бошлаб юборди. Бу хатти-ҳаракатлар охир-оқибат қандай натижа билан тугаши ҳақида «Медуза» нашри хитойшунос тадқиқотчи Темур Умаров билан суҳбат уюштирди.

АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелоси Капитолийдаги матбуот анжумани вақтида. АҚШ, Вашингтон, 2022 йил, 29 июль.
Фото: Meduza / LETA

— Бир йилча аввал Хитой Тайвань томон ҳарбий самолётларни учирганди. Ўшанда ҳам қуролли тўқнашув эҳтимоли муҳокама қилинган, аммо охири ҳаммаси бахайр бўлганди. Ҳозир яна ўша ҳолат такрорланяптими ёки вазият жиддийроқми?
— Кўпчилик Украинадаги уруш ва Тайвань атрофидаги эҳтимолий янги урушни бир-бирига боғлашга уринмоқда, аммо мен бундай қилмаган бўлардим. Тайвань атрофидаги қуролли можаро юз бериши эҳтимоли сўнгги ойларда эмас, балки сўнгги беш-ўн йилда — Хитойда ҳокимият тепасига Си Цзиньпин келгач кучайди, деган бўлардим.

Унинг ҳукмронлиги Хитойдаги сиёсий тузум салкам ярим асрдан бери ўйнаб келган қоидалардан ташқари бир истисно бўлди. Си Цзиньпин Тайвань масаласи имкон қадар тезроқ ҳала қилиниши керак, деб ҳисоблайди. Бу Хитойдаги сиёсий тузумни кучайтириш ва Хитойдек катта ва кучли давлатни бундан кейин эътибордан четда қолдириб бўлмаслигини кўрсатиб қўйиш, ташқи сиёсатда унинг манфаатлари билан келишмаслик мумкин эмаслигини билдириб учун.

Хитой Америка билан дипломатик муносабатлар ўрнатган илк дамларда ҳам Тайвань атрофида инқирозлар кам содир бўлмаган. Бироқ Хитойда ҳеч қачон Тайванни эгаллаш учун ҳозиргидек хоҳиш ва бу ниятни амалга оширишнинг ҳақиқий йўлларидан бири — қуролли можаро эканига ишора қилувчи ҳозиргидек қатъий нуқтаи назар бўлмаган.

Биринчидан, Хитой авваллари ҳеч қачон ҳозиргидек ҳарбий қудратга эга бўлмаган — у ҳозир 10 йил аввалги ҳолатидан ҳам кучлироқ. Иккинчидан, Тайвань ҳеч қачон ҳозиргидек хавфли ўйин олиб бормаган: у ерда 2016 йили бўлиб ўтган президент сайловларида Демократик тараққиёт партияси вакили Цай Инвэнь ғолиб чиққан бўлиб, унинг партияси Хитой билан ҳар қандай яқинлашувга қарши ва оролнинг тўлиқ мустақил бўлиши тарафдори.

Учинчи омил — бу Хитой ва АҚШ муносабатларининг совуқлашишидир. АҚШ — Тайваннинг энг асосий ва, уни ҳимоя қилолмаса-да, Тайвань масаласида ўз ниятларига ета олмаслиги учун Хитойга кўплаб бошоғриқ келтириб чиқариши мумкин бўлган ягона муҳим иттифоқчисидир. Ҳозир мана шу уч омил бир нуқтада туташаётгани учун ҳамма тўқнашув эҳтимоли ҳақиқатга яқин, деб ҳисобламоқда.

— Хитой ҳозир Тайванга босим ўтказишга уринишига айнан нималар сабаб бўлди?
— Нэнси Пелосининг Тайванга ташрифи ҳақидаги навбатдаги эълоннинг ўзи аниқ бир сабаб. У бу ерга апрель бошидаёқ келмоқчи эди, аммо кейин унинг коронавирусга чалингани маълум бўлди. Ҳақиқатан ҳам шундай бўлганмиди — биз буни билмаймиз, аммо якунда ташриф бекор қилинган эди. Ҳозир эса Пелоси яна Тайванга бормоқчи, Цай Инвэнь хоним билан кўришмоқчи.


Тайбэйдаги емакхона хўрандалари. Орқа фонда — Нэнси Пелоси иштирокидаги янгиликлар дастури. Тайвань, 2022 йил, 1 август.
Фото: Meduza / Reuters

Бу Хитой учун триггер, чунки улар буни АҚШнинг «битта Хитой» тамойилидан чекиниши сифатида кўрмоқда, айнан шу тамойил бўйича АҚШ Тайванни Хитой Халқ Республикасининг бир қисми сифатида тан олади ва Цай Инвэнни қонуний ҳокимият деб тан олмайди.

Агар Пелоси Тайванга отланмаганида эди, низонинг кескинлашувини ҳам, Си Цзиньпин ва Байден ўртасидаги икки соатлик онлайн-саммитни ҳам ва Тайвань атрофидаги ҳарбий машғулотларни ҳам кўрмаган бўлардик.

— Нега Пелосининг ташрифига бу қадар катта эътибор қаратилмоқда?
— Ненси Пелоси — АҚШ Демократик партияси вакили, Демократик партияси эса ҳозирда парламентда кўпчилик ўринга эга, боз устига, президент ҳам шу партиядан. Яъни, бу худди АҚШ Тайвань атрофидаги вазиятни кескинлаштириш бўйича бирдам қарорга келгандек кўринмоқда.

Расман АҚШ президент Жо Байден бундай эмаслигини, мамлакатда учта ҳокимият бўғини борлигини ва президент Пелосига нима қилиш мумкину, нима қилиш мумкин эмаслиги ҳақида топшириқ бера олмаслини таъкидлаяпти. Расман бу Пелосининг Тайванга бориш бўйича шахсий хоҳиш-истагидек кўрсатилмоқда, лекин ташқаридан АҚШ Хитойнинг жиғига тегаётгандек кўринмоқда.

25 йил аввал АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси спикери Нью Гингрич ҳам Тайванга ташриф буюрган. Бироқ унда вазият бошқача эди — у республикачи эди, мамлакатни эса демократ Билл Клинтон бошқараётганди. Ўшанда бу ҳолатни бир ҳокимият бўғинининг бошқаси билан қарама-қаршилиги сифатида талқин қилиш мумкин эди, айниқса, Клинтон ва Гингрич ўртасидаги очиқча кескинликни ҳам ҳисобга олган ҳолда — айнан у Клинтонга қарши импичмент ташаббускорларидан бири бўлган.

Яъни, ўшанда Тайванга ташриф АҚШнинг ташқи сиёсатдан кўра, ички сиёсатига дахлдорроқ воқеа бўлган. Ҳозир эса бу худди АҚШ Хитой билан боғлиқ масалани қандай ҳал қилишга уринишини намойишига ўхшаб кўринмоқда. Хитой буни провокациядек қабул қилмоқда.

Мамлакат раҳбариятидаги учинчи одам Тайванга бориб, шахсан давлат раҳбари билан кўришса — бу худди дипломатик алоқалар мавжуд бўлган мамлакатга уюштирилган расмий ташрифдек кўринади. Ваҳоланки, АҚШ ва Тайвань ўртасида дипломатик муносабатлар йўқ. Шу сабабли ҳам Хитойда савол туғиляпти: бу билан нима демоқчисизлар? Агар сиз бу билан «битта Хитой» сиёсатидан чекинаётганингизни кўрсатмоқчи бўлсангиз, у ҳолда бу сиз билан муносабатларимиз асосини бузади ва сиз билан бошқача гаплашишимизга тўғри келади. Шу боис Си Цзиньпин бекорга онлайн-саммит вақти Байденга: ўт билан ўйнаш, ногоҳ ўзинг куйиб қоласан, демади.

Ушбу кескинликнинг якунига турлича бўлиши мумкин. Хитой Тайванга уруш қилиб кириши шарт эмас, унинг қўлида босим ўтказиш имконини берадиган кўплаб воситалар бор. Масалан, Тайвань ўз савдо муносабатларида тахминан 40 фоизга материкдаги Хитойга боғланиб қолган. Агар Хитой Тайванни ўзидан иқтисодий узиб қўядиган қандайдир санкциялар жорий этса, оролнинг ҳолига ҳавас қилиб бўлмай қолади.

— Агар Пелосининг самолёти Тайвань ҳаво кенгликларига кирса, нима бўлиши мумкин? Самолётни, хитойлик пропагандачилар ёзганидек, уриб тушириш эҳтимоли қанчалик ҳақиқатга яқин?
— Ху Сицзинь — бу Twitter’да шу каби гапларни ёзишни ўзига эп кўрадиган шундай бир хитойлик Владимир Соловьев. Бироқ шуни унутмаслик керакки, у бу ишни ташқаридаги аудитория учун қилади. Ташқаридаги аудитория учун ишлаётганда эса Хитой медиаси ўзини ички аудиторияга ишлаётганидан кўра эркинроқ ҳис қилади.

Бироқ пропагандачилар ва дипломатларнинг Пекин томонидан қабул қилинадиган қарорларга таъсири жуда чекланган. Ху Сицзинь ёки унга ўхшаш бирор одам Пекиннинг АҚШ билан муносабатларини қайта кўриб чиқишига таъсир қила олади, деб ўйламайман. У айтаётган нарса — ўта катта қадамга айланиши мумкин бўлган жуда радикал сценарий.

АҚШни Пелосининг Тайванга ташрифи оғир оқибатлар келтириб чиқариши ҳақида дипломатик каналлар орқали огоҳлантириш, баёнотлар бериш — бир масала, уруш бошлаш эса — мутлақо бошқа масала. Бу анча жиддий масала ва АҚШдагилар ҳам буни яхши тушунади.

Мен радикал сценарийлар тарафдори эмасман, аммо Пекин: «Эътиборга олинглар», дегандек қилиб, столда барча вариантлар борлигини билдириб бўлди. Шундай эҳтимол (Пелосининг самолётини уриб тушириш эҳтимоли) бор, ҳа.

— Агар Нэнси Пелосига ҳақиқатан ҳам қандайдир таҳдид бўлса, у ҳолда АҚШ ва Хитой ўртасидаги уруш муқаррарми?
— Агар Нэнси Пелосининг ҳаёти хавф остида қоладиган бўлса, бўлиши мумкин. Лекин мен Хитой бунга боради, деб ўйламайман: йўқотишлар даражаси жуда юқори. Мамлакатнинг учинчи одами ҳаётини хавф остида қолдириш — бу ўта кетган радикал қадам.

Агар Хитой Тайванга Пелосининг ташрифи вақтида ҳужум қилса, бу нафақат Тайванга, балки АҚШга ҳам уруш эълон қилиш бўлади. Бу автоматик равишда ядровий қуролга эга икки давлат ўртасидаги урушга айланади — биз эҳтимолий учинчи жаҳон уруши босқичига ўтамиз. Бу бизни ядровий урушга яқинлаштирадиган энг радикал сценарий.

Яқин йиллар учун ҳақиқатга яқин, бироқ ҳозирча ишониш қийин бўлиб турган сценарий — бу фаол кескин муносабат билдиришлар, куч намойиши, ҳарбий машғулотлар, соҳилбўйи қўшинларини шайлик ҳолатига келтириш кабилардир. Лекин ҳужум эмас, токи Пелоси ўша ерда экан.

— Демак, Пелосининг Тайванга ташрифи ҳар қандай ҳолатда ҳам орол учун оқибатлар келтириб чиқармайди, шундайми?
— АҚШ Хитой томонидан оқибатлар ҳақида огоҳлантирилган ва Нэнси Пелосининг ташрифи Хитой томонидан мутлақо эътиборсиз қолдирилиши имконсиз. Бу кучсизлик, мағлубиятдек кўринади.

Бу жамоатчиликнинг жуда фаол муҳокамасига сабаб бўлади. Бу ҳақда жуда кўп ва етарлича тажовузкор руҳда гапирилади, дипломатик, ҳарбий баёнотлар кўп бўлади. Сўнг Тайванни ҳаводан патрул қилиш ҳолати кўпаяди. Яъни, ҳозир кўриб турганларимизнинг бари бўлади.

Эҳтимол, Хитой ижтимоий тармоқларида Тайванга қарши қаратилган қандайдир пропаганда кампаниялари бошланиши мумкин. Биз, масалан, Япония билан муаммолар юзага келганида кўча тартибсизликларига айланиб кетган мана шундай кампанияларни кўргандик: одамлар япон машиналари, дўконлари ва бошқа нарсаларга ҳужум қилганди. Бу ерда ҳам шунга ўхшаш ҳолат бўлиши мумкин.

Кейинчалик бу Хитой Тайванга қарши жорий этиши мумкин бўлган санкцияларга ва Хитой билан боғлиқ тайванлик бизнесменларга босимларга сабаб бўлиши мумкин. Вариантлар жуда кўп. Хитой дарҳол қуролли тўқнашувга киришади, деб ўйламайман.

— Нима учун ҳозир ҳарбий тўқнашув Хитой манфаатларига хизмат қилмайди?
— Ҳозир Хитойнинг ички сиёсати нисбатан нозик ҳолатда турибди ва мамлакат бошқа масалаларга ҳаддан ташқари кўп ресурс сарфлашга тайёр эмас. Хитой иқтисодий инқирознинг оғир дамларини бошдан ўтказмоқда, ҳали ҳам коронавирус чекловларидан тикланмоқда. Иқтисодиётнинг ўсиши сўнгги 30 йилдаги энг суст кўрсаткичларни қайд этмоқда.

Бундан ташқари, сиёсий тузум шу вақтгача бўлмаган ишни — мамлакат раҳбарини учинчи муддатга қайта сайлашга тайёргарлик кўрмоқда, бу Дэн Сяопин томонидан ўрнатилган ўйин қоидаларига кирмайдиган бир ҳаракатдир.

Си Цзиньпин бутун ҳокимиятни ўз қўлида жамламоқчи, бу жиҳатдан уни Мао Цзэдун билан таққослашяпти. У кузга режалаштирилган муҳим қурултой арафасида муаммолар келиб чиқишини истамаса керак.

Бошқа томондан, Тайвань атрофидаги кескинлик тузумнинг фойдасига хизмат қилиши мумкин, чунки бу жамоатчиликни муаммолардан ва, энг муҳими, ҳамманинг жонига тегиб кетган коронавирусдан чалғитади. Хитойда бу борадаги вазият ҳали ҳам қатъий назорат қилинмоқда: фуқаролар тест топширишга мажбурланяпти, оммавий карантинлар жорий этиляпти, ҳали ҳам бутун бошли шаҳарларни ёпиб қўйишяпти. Тайвань атрофидаги ишлар эса жамиятни ҳамманинг ҳиқилдоғига келган муаммолардан чалғитиши мумкин.

— Агар Хитой барибир Тайванга бостириб кирса, АҚШ бу урушга аралашишига тўғри келадими?
— Жо Байден камида икки марта, агар қуролли тўқнашув юз берадиган бўлса, АҚШ аралашинини айтди. Авваллари Америка президентлари бу ҳақда гапиришни лозим кўришмаганди.

Хитой ва Тайвань ўртасидаги ҳар қандай қуролли тўқнашув Америка ҳарбий-ҳаво кучларининг жавобига сабаб бўлади. Биз ҳозирнинг ўзида АҚШ ўз авиаташувчи кемаларини Тайванга яқинлаштириб келаётганини кўрмоқдамиз. Авиаташувчиларнинг бир жойда кўпайиб кетиши ўз ўзидан кемалар ўртасидаги тўқнашув эҳтимолини келтириб чиқаради, масалан, Жанубий Хитой денгизида Хитой ва Вьетнам ўртасида ҳам худди шундай бўлганди.

Бироқ, тасаввур қилайлик, қандайдир қуролли тўқнашув юз берди — кейин томонлар нима қилишади? Улар келишишга ва юз берган воқеадан келиб чиқиб янги қоидаларни ўрнатишга киришадими? Ёки яна олға юриб, қандайдир натижага эришишга ҳаракат қиладими?

Назаримда, ҳозир томонлар боши берк кўчага кириб қолган. Улар ҳозир қуролли тўқнашув билан бирор бир мақсадга етиб бўлмаслинини яхши тушуниб турибди. Агар Хитой ҳозир оролни босиб олмоқчи эмаслигини тушуниб турган бўлса, у ҳолда қандайдир қуролли тўқнашув учун куч сарфлаб нима қилади?

Тайванликлар Синьбэйдаги жанговар кўникмаларни ўргатувчи Polar Light компаниясининг ўқ отиш залида гаровга олинган фуқароларни қутқариш бўйича ўқув машғулотида қатнашишмоқда. Тайвань, 2022 йил, 22 май.
Фото: Meduza / Reuters

Бизга худди АҚШ Украинадаги вазиятга ўралашиб қолганидан фойдаланиб, Хитой шу шовқинда Тайванни босиб оладигандек кўриняпти. Лекин Хитой Россия эмас, Тайвань эса Украина эмас. Хитой 1949 йилдан бери Тайвань муаммосини ҳал қилишга уринади ва ҳали ҳам ҳал қилган эмас. У бу масалани ҳиссиётларга берилган ҳолда ҳал қилишга уринмайди, у ҳақиқатан ҳам, Си Цзиньпин таъкидлаганидек, «Тайванни материкка қўшиб олиниши» бўйича узоқ муддат давомида стратегия ишлаб чиқяпти. Тўғри, сўнгги вақтларда Тайванни куч ишлатган ҳолда материкка қўшиб олиш салоҳияти ўсиб боряпти, аммо Тайванни қўшиб олиш бўйича тўлақонли урушни бошлаш ҳақида гапиришга ҳали эрта. Қандайдир ўрта муддатли истиқболда, яқин тўрт-беш йилда шундай бўлиши мумкин, лекин ҳозир эмас.

Украинадаги урушнинг Тайвань инқирозига қандайдир таъсири бўлса, у ҳам Россия ўз ҳаракатлари билан Хитойга вақт ютиб берганидир. Объектив қараганда, ҳозир АҚШ ва Ғарбнинг кўп вақти ва ресурслари Украинага ёрдам беришга ва ушбу низони ҳал қилишга қаратилган ҳамда Хитой билан ҳисоб-китоб қилиш учун ресурслар чекланган, буни ҳозир Вашингтонда ҳам очиқ айтишяпти.

— Қуролли тўқнашув бошланса, Тайвань атрофидаги низога қўшилиш мажбуриятини олган бирор бир учинчи давлатлар ҳам борми?
— Аслида ҳатто АҚШда ҳам Тайвань низосига аралашиш учун юридик мажбуриятлар йўқ. Тайвань ҳақиқатда фақат ўзига ишониши мумкин. Шу сабабли ҳам Тайвань қуролли кучлари сўнгги вақтларда АҚШдан қурол-яроғларни айниқса фаол сотиб олмоқда ва Хитой томонидан амалга оширилиш мумкин ҳужум вақтида назарий жиҳатдан қандай қаршилик кўрсатиш мумкинлиги нуқтаи назаридан Украинадаги урушни диққат билан кузатмоқда.

Тайвань уни АҚШ, шунингдек, у АҚШ билан бирга унинг иттифоқчилари: Япония, Жанубий Корея ва кам жиҳатдан Филиппин қанчалик қўллаб-қувватлашга тайёр эканини аниқ билмайди. Шу сабабли ҳам, очиғини айтганда, Тайвань — якка. Бироқ унда президент Байден томонидан икки марта берилган ваъда бор.

— Тайвань қўлловсиз қолиши, Хитой эса оролни барибир куч билан эгаллаш истиқболлари қандай?
— Тайвань ва Хитойнинг кучли жуда ҳам нотенг. Ҳозирги Хитой ҳарбий бюджети жиҳатидан жаҳоннинг иккинчи мамлакати ҳисобланади. Бу шахсий таркиб сони бўйича Ҳиндистон билан рақобатлашадиган қуруқликдаги улкан армия. Хитойнинг ҳарбий денгиз кучлари ҳам ўсиб бормоқда — июнь ойида у ўзининг учинчи авиаташувчи кемасини сувга туширди. Барча статистик маълумотлар бўйича Хитой жуда қудратли ҳарбий давлат бўлса-да, бу унинг Тайванни осонгина қўлга киритишини билдирмайди.

Тайвань — ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари билан яхши ҳимояланган, катта бўлмаса-да, яхшигина тез ҳаракатлана оладиган ҳарбий денгиз кучларига, Америка самолётларига эга. Шаҳар шароитларида уруш олиб бориш — Тайванда аҳоли жуда зичлигидан келиб чиқсак, бу ҳам осон вазифа эмас. Қўшимчасига, Хитой армияси 1970 йиллардан бери амалда урушларда қатнашмаган (Хитой армияси учун охирги уруш 1979 йилги Вьетнам кампанияси эди) ва бу ҳатто Хитой армиясининг генераллари ҳам реал шароитларда қандай ҳаракат қилиш кераклигини билмайди, дегани. Хитой армиясининг етарли даражада тажрибага эга эмаслиги ҳар қандай ҳарбий юришнинг муваффақиятига таъсир кўрсатади.

— Нэнси Пелосининг ташрифи Тайвань учун қандай аҳамиятга эга?
— Тайванда, менинг билишимча, бу мавзу жуда ҳам берилиб муҳокама қилинаётгани йўқ — ҳар ҳолда, ҳар бир тайванлик Пелосининг самолёти етиб келдими-йўқми, деб янгиликлар лентасига термулиб ўтиргани йўқ. Бироқ сиёсий тузум учун бу анчагина муҳим воқеа: фақат 12 та орол-давлатгина улар билан дипломатик муносабатга эга ва бўғознинг нариги тарафидаги нуқул қурол билан қўрқитадиган улкан гигантдан ягона ҳимоя — бу АҚШнинг Тайвань хавфсизлигини таъминлаш борасидаги ваъдаси.

Ҳокимият тепасида қатъий мустақиллик тарафдори ва ХХР билан ҳар қандай яқинлашувга қарши бўлган партия турибди — яъни, бу ерда вазиятнинг кескинлашувидан бошқа йўл ҳам йўқ аслида. Шу муносабат билан АҚШда Хитойга нисбатан ёндашувда ўзгаришлар бўлаётгани Тайванга қўл келади. Келгусида, Тайвандаги навбатдаги президент сайловларида Демократик тараққиёт партиясидан кўрсатиладиган номзодларда аргумент бўлади — уларга овоз бериш, чунки уларни АҚШ қўллаб-қувватлайди, деган маънода.

Бунга муқобил йўл эса — Хитой билан яқинлашув. Тайвань аҳолиси ўзини материк билан боғлиқликда кўрмайди ва оролнинг 60 фоиз аҳолиси бўғознинг нариги тарафидаги жамиятга қўшилишни истамайди, шундай экан, амалдаги ҳукмрон партияда қайта сайланиш учун абрча имкониятлар мавжуд.

Биринчи ёрдам кўрсатиш бўйича курслардаги жанг вақтида ярадорлар имитацияси.
Фото: Meduza / Reuters

— Яъни, Тайвань АҚШ бир кун келиб унинг суверенитетини тан олишига умди қилмаяпти, шундайми?
— Йўқ, АҚШ ҳозир Пекин билан муносабатларини узиб, Тайбэй билан расмий муносабатлар ўрнатиши ҳақида ҳеч қандай гап йўқ. Бу қайта бутун гўштга айлантириб бўлмайдиган қиймадек гап. АҚШ шундай қилишига ва “битта Хитой” тамойилини қўллаб-қувватловчи бошқа давлатлар ҳам унга эргашиб, Тайвань билан муносабат ўрнатишларини тасаввур ҳам қилиб бўлмайди. Бу умуман олганда имконсиз масала.

Лекин бунгача нима бўлган? Тайваннинг АҚШ билан бир қатор ҳужжатлари бор эди ва бу ҳужжатлар бўйича АҚШ умуман олганда Тайванга ёрдамни ваъда қилганди, энди бўлса ушбу ваъдалар делегациялар юбориш билан мустаҳкамланмоқда. Юборилганда ҳам қандайдир тушунарсиз амалдорлар эмас, балки мамлакатнинг учинчи одами юборилмоқда. Бу мутлақо бошқа даража, бу материкдаги Хитой билан бўладиган эҳтимолий қуролли низода кўмак ололишига Тайванга куч ва умид беради.

Тайванда унинг халқаро ҳамжамиятдаги аҳволи ижобий томонга ўзгаришига доир умидлар бор, демаган бўлардим. Тайваннинг ҳозирги аҳволини ҳам таҳқирловчи деб аташ қийин. Тайвань дунёга очиқ, деярли барча мамлакатларда унинг иқтисодий ҳамкорлик бўйича ваколатхона деб аталувчи норасмий элчихоналари бор. Аслида эса улар ҳақиқий элчихона, уларда ҳатто Тайванга кириш учун виза ёки у ерда ўқиш учун грант олиш мумкин. Яъни, де-факто Тайвань расман Хитой билан дўстона муносабатдаги давлатлар билан, масалан, Россия билан ҳам алоқаларга эга.

Бироқ, айни вақтда, Тайваннинг на БМТда, на унинг бирор ташкилотида ваколатхонаси бор, халқаро жараёнларга таъсир кўрсатиш имкони йўқ. Тайвань бундан ҳеч нарса йўқотаётгани ҳам йўқ. Лекин баъзида бу нарса панд бериб туради — масалан, пандемия даврида Тайвань Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти дастури доирасида вакциналардан фойдалана олмади.

Оиласи билан хайрлашаётган астронавт аёл, шаҳар ўртасидаги улкан мушук, автомобиль йўлига ўтириб олган намойишчи — бугун суратлари
Жамият23:52 | 6.10.22
Оиласи билан хайрлашаётган астронавт аёл, шаҳар ўртасидаги улкан мушук, автомобиль йўлига ўтириб олган намойишчи — бугун суратлари
«Uztelecom Starlink’дан кўра 4-5 баробар арзон ва тез интернетни исталган хонадонга олиб бориши мумкин» — Шерзод Шерматов
Жамият, Тошкент ш.23:13 | 6.10.22
«Uztelecom Starlink’дан кўра 4-5 баробар арзон ва тез интернетни исталган хонадонга олиб бориши мумкин» — Шерзод Шерматов
Россия Беларусга импорт ўрнини босиш учун 1,5 млрд доллар ажратди
Жаҳон22:51 | 6.10.22
Россия Беларусга импорт ўрнини босиш учун 1,5 млрд доллар ажратди
Қашқадарёда туман электр тармоқлари корхонаси ходими ток уриши оқибатида вафот этди
Жамият22:35 | 6.10.22
Қашқадарёда туман электр тармоқлари корхонаси ходими ток уриши оқибатида вафот этди
«Сафарбарликдан қочаётган россияликлар Европадан бошпана сўрашга ҳақли» — Meduza
Жаҳон22:04 | 6.10.22
«Сафарбарликдан қочаётган россияликлар Европадан бошпана сўрашга ҳақли» — Meduza
Гулнора Каримовага тегишли бўлган «Сижжак» дам олиш маскани қайта сотувга қўйилди
Жамият21:44 | 6.10.22
Гулнора Каримовага тегишли бўлган «Сижжак» дам олиш маскани қайта сотувга қўйилди