Қашқадарёда аёл эрининг бошига темир билан уриб, ўта оғир тан жароҳати етказди
Қашқадарё вилояти Косон туманида 10 июль куни аёл эрининг бошига темир билан уриб, ўта оғир тан жароҳати етказди. Вилоят Ички ишлар бошқармаси ҳолатга нима сабаб бўлганини маълум қилди.

Маълум бўлишича, тумандаги Яккасарой маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи фуқаро Б.П. шаръий никоҳ асосида бирга яшовчи турмуш ўртоғи Р.Х. га уйининг ёнидаги ер майдонига экилган тарвуз ва маккажўхори даласини қўриқлашни буюрса-да, далага тез-тез чорва моллари кириб, далани пайҳон қилаётганини рўкач қилиб, аёлни далага қарамаганликда айблаб келган.
Ҳолат содир бўлган куни эри уйда соғлигини тиклаш учун даволанаётган бўлишига қарамасдан яна шаръий никоҳ асосидаги турмуш ўртоғи Р.Х.ни турли рўзғор ишларини бажармаганликда айблаб, оғзаки урушган. Оқибатда тоқати тоқ бўлган хотин Р.Х. шаърий никоҳ асосидаги эри Б.П. уйда ухлаб ётганидан фойдаланиб, тумтоқ темир жисм билан унинг бошига уриб, ўта оғир тан жароҳати етказган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Косон туман прокуратураси томонидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаркатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Қаршида руҳий носоғлом эркак қайнсинглисини ўлдириб қўйгани, Наманганда сув талашган фуқароларнинг бири иккинчисини ўлдиргани тўғрисида хабар берилганди.


