Бугун оқшоми. Боғчада вафот этган болалар, 2021 йилда коррупция қилинган триллионлаб сўмлар, Тайвандан кетган Пелоси

Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.

Боғчалардаги даҳшатлар: охирги 10 кунда 3 бола боғчада вафот этди.

Охирги ўн кунда Қашқадарё, Наманган ва Хоразм вилоятларидаги боғчаларда 3 нафар бола вафот этди. Охирги кейс Хоразмнинг Хонқа туманида содир бўлди: 5 ёшли бола тушликдан сўнг тоби қочиб вафот этди.

Фото: Иллюстратив / «Bugun.uz»

Ҳозирда ҳолат юзасида суд-тиббий экспертизаси ўтказиляпти, унинг хулосаларидан сўнг тўлиқ ахборот берилиши айтилди.

Бундан олдин Наманганнинг Чуст туманида 1 август куни тилини чайнаб юборган 5 ёшли вафот этган, шунингдек, Қашқадарёданинг Шаҳризабзида боғчага синглисини олиб келиб, ўзи ҳам бирга қолган 8 ёшли қиз шиша синиқлари устига тушиб, кўп қон йўқотиши оқибатида вафот этганди.

Жиноий гуруҳ Тошкентдаги «Давр банк»дан 15 миллиард сўм ўғрилади. Онлайн. Улар ушланди (лекин буниси оффлайн).

Бундан деярли бир ой олдин — 7 июль куни 1976 йилда туғилган фуқаро жиноий шериклари билан ўзаро тил бириктириб, пойтахтнинг «Давр банк» ХАТБ тизимига рухсатсиз кириш орқали 15 миллиард сўм миқдордаги пулни ўғрилаган.

У бу пулларни ўзининг жиноий шериги — 2000 йилда туғилган бошқа бир фуқаронинг пластик картасига ўтказган. Сўнг пластик карта эгаси пулларнинг 11 453 244 343 сўм (ўқишга ҳам қийин бўлган сумма, айниқса, ўзбек сўмида) миқдорини ноқонуний ўзлаштирган. Ечиб олинган пуллар жиноий гуруҳ аъзолари ўртасида тақсимланган.

Тошкент шаҳар ИИББ томонидан олиб борилган тезкор тергов ҳаракатлари натижасида 11 нафар фуқаролар гумонланувчи сифатида жалб қилиниб, қамоққа олиш эҳтиёт чораси танланган. Бундан ташқари яна икки гумонланувчини ҳам ушлаш чоралари кўрилмоқда.

Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ Тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 169-моддаси 4-қисми «а» банди (Жуда кўп миқдорда ўғрилик) аломатлари билан жиноят иши қўзғатилган (демак, 15 миллиар сўм шунчаки катта миқдордаги пул эмас жуда катта миқдордаги пул).

Иш ҳақи бўйича ярим йиллик ҳисобот(ча): ходимларга 82,5 триллион сўмга яқин иш ҳақи ҳисобланган, Ўзбекистонда фақатгина 5,4 миллион киши расмий иш ҳақи олади.

Давлат солиқ қўмитаси маълумотларига кўра, Ўзбекистонда 2022 йил январь-июнь ойларида ходимларга 82,5 триллион сўмга яқин иш ҳақи ҳисобланга. Шу даврда расман 5,4 миллион нафарга яқин ходимга иш ҳақи берилган.

Фото: Давлат солиқ қўмитаси

Ўртача ойлик иш ҳақи қарийб 2,8 миллион сўмдан тўғри келмоқда. Ҳисобот даврида ўртача иш ҳақи Ўзбекистон бўйича Тошкент шаҳрида энг юқори — 4,4 миллион сўмни, Сирдарё вилоятида энг паст — 1,99 миллион сўмни ташкил этган.

Аввалроқ Ўзбекистон бўйича 2022 йилнинг январь–июнь ойларида ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақи 3,5 миллион сўмни ташкил этиб, 2021 йилнинг мос даврига (2,9 миллион сўм) нисбатан 119,3 фоизга ошгани тўғрисида хабар берилганди. Қизиқ-қизиқ.

Ўзбекистондаги йўллар ҳаракат хавфсизлигига қараб «қизил», «сариқ» ва «яшил» тоифага ажратилади.

Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига кўра, барча туман (шаҳар)лари бўйича «Хавфсиз йўл» индексини юритиш амалиёти йўлга қўйилди.

Фото: «Bugun.uz»

Бунда индексни юритиш вазифаси йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлинмаларига юклатилади. Ҳар чорак якунида индекс доирасида йўл инфратузилмаси ва йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилинишининг ҳолати махсус комиссиялар томонидан 29 та индикатор бўйича баҳоланади.

Туман (шаҳар)лар индекс кўрсаткичлари асосида йўлларда ҳаракат хавфсизлигини ташкил этишнинг ҳолати бўйича «яшил», «сариқ» ва «қизил» тоифаларга ажратилади.

Ота-оналар мактаб формасини олишга мажбур экани ҳақида прокуратура ходимлари тилхат ёздириб кетгани хабар қилинди. Бош прокуратура буни рад этди.

Twitter ижтимоий тармоғида 1 август куни «Vatanparvar» никли фойдаланувчи томонидан эълон қилинган скриншотда ота-оналарга мурожаат акс этган. Унда прокуратура барча 100 фоиз форма сотиб олиши шартлиги ҳақида тилхат олиб кетгани ёзилган.

Скриншот: Twitter

Бош прокуратуранинг маълум қилишича, ҳолат юзасидан ишчи гуруҳ тузилиб, ўрганиш ишлари амалга оширилган. Ўрганишда Чилонзор туманидаги мактабларнинг бирида форма сотиб олиш бўйича прокуратура органлари томонидан ҳеч қандай тавсия берилмагани ва тилхат олинмагани, аслида бу мактаб директорининг шахсий ташаббуси экани, бироқ бу жараёнга ёлғондан прокуратурани аралаштиргани аниқланган.

«Келгусида бундай ҳолатларга йўл қўйилмаслик ҳақида мактаб директори расман огоҳлантирилди», — дейилади муносабатда.

Даҳшат, шунчаки даҳшат: 2021 йилда коррупцион жиноятлар оқибатида давлат ва жамият манфаатларига 1 триллион 282 миллиард сўм моддий зарар етказилган.

Фото: «Bugun.uz»

Ўзбекистонда коррупцион жиноятларга қарши олиб борилган фаол (фаол? — ўринли савол) ишлар натижасида 2021 йилда республика бўйича 3 769 та коррупцияга оид жиноят иши судларга юборилган (демакки, триллионлаб сўмлар мана шу 4 мингга яқин ҳолатдагина аниқланган). Ушбу кўрсаткич 2020 йилга нисбатан 3 бараварга ошган.

Аксарият коррупцияга оид жиноятлар (доимгидек) Соғлиқни сақлаш, Халқ таълими, Мактабгача таълим, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари ҳамда банк тизими ташкилотларига тўғри келган. Ҳудудлар кесимида Тошкент шаҳри, Сурхондарё, Навоий, Андижон, Фарғона, Наманган, Қашқадарё, Хоразм вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида энг ёмон кўрсаткичлар қайд этилгани танқид қилинган.

Бошқа хабарлар пунктларда:

  • Яна имтиёзлар: Афғон уруши қатнашчиларининг фарзандларига ОТМларга киришда квота берилиши мумкин;
  • Ўзбекистонда ногиронлиги бўлган ёшларга 15 миллион сўмгача субсидия ажратилади;
  • Жамият — 18:57 · 03.08.2022
    Ўзбекистонда никоҳни қайд этишнинг 1 ойлик муддати бекор қилиниши мумкин.

Хўш, Пелосига нима бўлди?

АҚШ Вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелоси Тайвандан кетди. Энди нима бўлади? Фақат вақт ҳал қилади.

Анча шов-шувга сабаб бўлган Пелосининг Тайванга ташрифи 19 соатгина давом этди. Пелосининг АҚШ ва Хитой ўртасида очиқ можарога сабаб бўлган Тайванга сафари 2 август куни амалга ошган. АҚШ расмийси ва унинг делегацияси учун Тайпейдаги «Grand Hyatt» меҳмонхонасида 48 та хона брон қилинган. Пелоси 3 августь куни Тайван раҳабри Цай Инвэнь билан учрашган, парламент олдида нутқ сўзлаган.

Бу АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси спикерининг 1997 йилдан бери оролга биринчи ташрифи ҳисобланади.

Хитой Тайванни ўз провинцияси деб ҳисоблайди ва у билан Пекин дипломатик алоқаларга эга бўлган давлатлар расмийлари ва ҳарбийлари ўртасидаги ҳар қандай алоқага қарши. Пелосининг ташрифи фонида Хитой халқ озодлик армияси Тайван қирғоқларида бир қатор ҳарбий амалиётлар ва машғулотларни бошлаган.

Пелосининг ташрифи ортидан британияликлар ҳам Тайванга бормоқчи, лекин Хитой уларни огоҳлантиряпти.

Пелоси кетди, Тайван эса ўзи қолди, энди нима бўлишини вақт кўрсатади, холос. Кузатамиз. Тайван ва умуман, бошқа муҳим янгиликларни тезкор ўқиб бориш учун Telegram’даги «Bugun — LIVE» каналига обуна бўлинг.

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.

Миграция агентлиги Россиядаги ўзбекистонликларни огоҳлантирди
Жамият21:28 | 17.8.22
Миграция агентлиги Россиядаги ўзбекистонликларни огоҳлантирди
Бугун оқшоми. Саудияда намоз ўқиган Мирзиёев, 18 та машина иштирокидаги ЙТҲ ва калтаклаб ўлдирилган 3 ёшли қиз
Жамият21:00 | 17.8.22
Бугун оқшоми. Саудияда намоз ўқиган Мирзиёев, 18 та машина иштирокидаги ЙТҲ ва калтаклаб ўлдирилган 3 ёшли қиз
Навоийда 156 млн сўм имтиёзли кредит маблағларини ўзлаштирган иш юритувчи аниқланди
Жамият20:43 | 17.8.22
Навоийда 156 млн сўм имтиёзли кредит маблағларини ўзлаштирган иш юритувчи аниқланди
Британияда суғориш учун шланглардан фойдаланиш тақиқланди
Жаҳон20:12 | 17.8.22
Британияда суғориш учун шланглардан фойдаланиш тақиқланди
Шавкат Мирзиёев Масжидун Набавийда икки ракат намоз ўқиди — видео
Жамият19:40 | 17.8.22
Шавкат Мирзиёев Масжидун Набавийда икки ракат намоз ўқиди — видео
Ўзбекистонда 6 ойда 41 судьянинг ваколати муддатидан олдин тугатилди
Жамият19:09 | 17.8.22
Ўзбекистонда 6 ойда 41 судьянинг ваколати муддатидан олдин тугатилди