Ироқда сиёсий инқироз: Ким кимга қарши курашяпти?

Ироқ Саддам Ҳусайн тузуми қулатилганидан кейинги энг оғир сиёсий инқирозни бошдан кечирмоқда. Сайловлардан салкам 10 ой ўтганига қарамай, парламент мамлакат президенти ва бош вазирлигига номзодлар борасида ҳали ҳам бир фикрга кела олмади. Турли қарама-қаршиликлар эса намойиш ва тўқнашувлар билан якунланмоқда. Кўзга кўринган шиа раҳнамоси Муқтадо Садр тарафдорлари ўтган ҳафта икки бор Ироқ парламентини эгаллаб олди.

Муқтадо Садр ким?

Муқтадо Садр 1973 йил 12 август куни Бағдод жанубидаги Куфа шаҳрида машҳур шиа уламоси оятуллоҳ Муҳаммад Содиқ Садр оиласида туғилган. Муқтадонинг отаси Муҳаммад Содиқ 1999 йили Саддам Ҳусайнни танқид қилгани учун икки ўғли билан бирга ўлдирилган. Муқтадонинг бундай оилада таваллуд топиши унинг сиёсий фаолиятида ҳам катта ўрин тутган.

Ироқ парламентига бостириб кирган Муқтадо Садр портретини кўтариб олган намойишчилар.
Фото: «Reuters»

2003 йил Саддам Ҳусайн тузуми ағдарилгач, Муқтадо Садр мамлакатдаги янги бошқарув тизимини йўлга қўйишда муҳим шахс бўлган. Ўша йилнинг июнида Садр АҚШнинг Ироқда олиб бораётган ҳарбий ҳаракатларига қарши «Жайш ал-Маҳдий» («Маҳдий қўшини») қуролли гуруҳини тузган. «Маҳдий қўшини» ва Америка аскарлари ўртасида Ироқнинг Нажаф ва Карбало шаҳарларидаги жанглар бир неча мўътадил шиа уламоларининг танқидига учраган.

Шунингдек, «Маҳдий қўшини» Ироқда 2006—2007 йилларда ўзининг энг авж нуқтасига етган турли тоифалар ўртасидаги курашларда суиқасдлар, қотиллик ва қийноққа солиш ҳаракатларини содир этишда ҳам айбланган. 2007 йил қуролли гуруҳ ҳаракати чеклангани, кейинчалик, 2008 йилда эса «қўшин» тугатилгани айтилади.

Садр 2006 йилнинг охирларида жамоатчилик эътиборидан йўқолади, у Эроннинг Қум шаҳрига илм олиш учун кетади. Садр 2010 йилда Нурий Моликийнинг иккинчи марта бош вазир бўлишида муҳим ўрин тутган. Муқтадо Садрнинг ироқликлар орасида обрўси жуда баланд бўлиб, мамлакатдаги бир неча муҳим лавозим эгалари унинг тарафдорлари саналади..

Садрга қарши чиққан «Координацион тузилма» нима?

Ҳокимият учун курашаётган ва бу йўлда Муқтадо Садрга қарши чиқаётган тараф — 2021 йил октябрида ташкил этилган «Координацион тузилма» номли коалицион гуруҳ. У ҳам шиа сиёсатчилардан иборат бўлиб, гуруҳ аъзолари парламентдаги 329 ўриндан 130 тасини эгаллаган. Гуруҳ аъзоларининг Эрон билан алоқалари жуда яхши, деб ҳисобланилади.

Ироқ парламентини эгаллаб олган Муқтадо Садр тарафдорлари.
Фото: «Reuters»

«Координацион тузилма» 25 июль куни Муҳаммад Шияъ Суданийни Ироқ бош вазирлигига номзод қилиб кўрсатди, бу эса Муқтадо Садр етакчилигидаги гуруҳ норозилигига сабаб бўлиб, жараён охир-оқибат 27 июль куни улар томонидан Ироқ парламентинг эгаллаб олиниши билан тугади. Садр тарафдорлари 30 июль куни эса иккинчи марта парламентни эгаллади. Тартибсизликлар давомида 125 киши жароҳатланган, камида бир киши ҳалок бўлган.

Муқтадо Садр 31 июль куни ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали ўз тарафдорларига мурожаат қилиб, ҳозирги ҳолат «инқилоб учун олтин фурсат» эканини таъкидлади. «Координацион тузилма» эса Муқтадо Садрнинг сиёсий тузумни ўзгартиришга қаратилган ушбу баёнотини «халққа қарши давлат тўнтариши»га уриниш деб атади. Ироқнинг амалдаги бош вазир Мустафо Козимий томонларни тинч музокаралар ўтказишга чақирган.

2003 йил АҚШ қўшинлари Ироққа бостириб кирганидан бери ушбу мамлакатда сиёсий барқарорлик тўлалигича ўрнатилгани йўқ. Саддам Ҳусайн ҳайкалини ағдаришда иштирок этган ироқликнинг айтишича, «Саддам кетди, бироқ унинг ўрнига бошқа минглаб ‘саддам’лар келди». Ироқда ҳокимият учун кураш давом этмоқда, бу жараёнда эса энг кўп жабрни оддий халқ — тинч аҳоли тортмоқда.

Россияда ўзбекистонлик наркотик сотувчиси қўлга олинди
Жаҳон0:25 | 10.8.22
Россияда ўзбекистонлик наркотик сотувчиси қўлга олинди
«Толибон» мамлакатдаги тиланчиларни камайтириш йўлини маълум қилди
Жаҳон0:24 | 10.8.22
«Толибон» мамлакатдаги тиланчиларни камайтириш йўлини маълум қилди
Самарқандда 11,5 кг олтин кукунини ноқонуний сотишга уринган шахслар ушланди
Жамият, Самарқанд0:19 | 10.8.22
Самарқандда 11,5 кг олтин кукунини ноқонуний сотишга уринган шахслар ушланди
Тайван артиллерия иштирокида ҳарбий машқлар бошлади
Жаҳон0:18 | 10.8.22
Тайван артиллерия иштирокида ҳарбий машқлар бошлади
Хитой Тайванни ўраб, қамал қилиш машқларини бошлайди
Жаҳон0:16 | 10.8.22
Хитой Тайванни ўраб, қамал қилиш машқларини бошлайди
«Толибон» АҚШга маҳбус алмашишни таклиф қилди
Жаҳон0:15 | 10.8.22
«Толибон» АҚШга маҳбус алмашишни таклиф қилди