Ўзбекистонда никоҳни қайд этишнинг 1 ойлик муддати бекор қилиниши мумкин
Олий Мажлис Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитасининг мажлиси бўлиб ўтди. Бу ҳақда парламент юқори палатаси матбуот хизмати хабар берди.

Унда сенаторлар, қўмита ҳузуридаги эксперт гуруҳи аъзолари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларнинг Ёшлар сиёсати, хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари бўйича доимий комиссиялари раислари, экспертлар, вазирлик ва идоралар масъуллари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Мажлисда Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида муҳокама қилиниши назарда тутилган масалалар дастлабки тарзда кўриб чиқилган. Хусусан, «Ўзбекистон Республикасининг Оила кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонунга кўра, никоҳни қайд этишнинг бир ойлик муддати ва уни қисқартириш учун асос бўлувчи ҳолатлар бекор қилинмоқда. Никоҳланувчи шахслар мажбурий тиббий кўрикдан ўтганларидан сўнг никоҳни расмийлаштириш тартибини белгилаш кўзда тутиляпти.
Шунингдек, хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликларнинг олдини олиш мақсадида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 206-1-моддасига ўзгартиш киритиш орқали тазйиқ ўтказган ва (ёки) зўравонлик содир этган ёхуд уларни содир этишга мойил бўлган шахс томонидан ҳимоя ордери талабларини бажармаслик учун белгиланган жазо кучайтирилмоқда.
Танқидий руҳда ўтказилган мажлисда кўрилган масалалар бўйича қўмитанинг тегишли қарорлари қабул қилинган.
Аввалроқ адлия вазири Руслан Давлетов Ўзбекистонда нотариусларга никоҳни қайд этиш ҳуқуқи берилиши мумкинлиги маълум қилганди. «Чунки нотариусларда ҳам жуда кучли юристлар, қийин ишдан ўтган, ҳаммасини тушунади. Улар икки томоннинг хоҳиш-иродасини тасдиқлаб, шаҳодатлай олади. Ҳеч қанақа муаммо йўқ», — деганди Давлетов.


