20:31 | 03.08.22 159

Президент тергов органларининг кадрлар салоҳиятини ошириш бўйича режалар тақдимоти билан танишди

Шавкат Мирзиёев соҳада янги самарали тизимни яратиш бўйича топшириқлар берди

Шавкат Мирзиёев 3 август куни суриштирув ва тергов органлари учун кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш бўйича режалар тақдимоти билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Тегишли идоралар мутасаддилари тергов ва дастлабки суриштирувларни олиб боришдаги муаммоли омиллар, янги пайдо бўлаётган таҳдид ва жиноят турларини ҳисобга олган ҳолда терговчи кадрларнинг салоҳиятини оширишга қаратилган чора-тадбирлар юзасидан ахборот берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Хусусан, коррупциявий ҳуқуқбузарликлар, иқтисодий жиноятчилик ҳамда кибермаконда ёки ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда содир этилаётган жиноятларни тергов қилиш бўйича фаолиятнинг методик таъминотини такомиллаштириш муҳимлиги алоҳида қайд этилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Давлат раҳбари замон талаблари ва халқаро стандартлар асосида суриштирув ҳамда тергов идоралари учун профессионал кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини узлуксиз ошириб боришнинг янги самарали тизимини яратиш бўйича топшириқлар берди.

Эслатиб ўтамиз, Президентининг тадбиркорлар билан мулоқотига тайёргарликнинг бориши бўйича 3 август куни йиғилиши ўтказилганди. Тадбиркорлардан савол ва таклифларни йиғиш бўйича республика штаби ҳамда «колл-марказ» ташкил этилган. Унга бугунги кунгача 7 минг 200 дан ортиқ таклиф ва мурожаатлар келиб тушган.