Тошкентда ўқувчини мактаб девори босиб қолгани айтилмоқда
Бош прокуратура матбуот хизмати Тошкент шаҳрида мактаб ўқувчисини девор босиб қолгани айтилган хабарларга муносабат билдирди.

Ижтимоий тармоқларда 2022 йилнинг март ойида Тошкент шаҳри Олмазор тумани 234-сонли мактабда ўқувчини мактаб девори босиб қолгани ҳақида хабар тарқалди.
Унда мактаб маъмурияти мазкур ўқувчи ўлимини яширишга урингани, мактабнинг қулаб тушган ҳолати авария экани, умуман, мактаб директори фаолияти танқид қилинган эди.
«Ўқувчини мактаб девори босиб қолганлиги ҳолати бўйича қўзғатилган жиноят иши юзасидан қўшимча тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда», — деб ёзади Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов.
Тошкент шаҳар Халқ таълими бош бошқармасининг маълум қилишича, мазкур ҳолат юзасидан айни пайтда тергов-суриштирув ишлари давом этмоқда. «Бу ҳақда кейинроқ батафсил ахборот берамиз», — дейилади муносабатда.


