ФВВ Андижондаги ёнғинни ўчиришда ўт ўчирувчилар «шошиб қолгани» тўғрисидаги хабарга муносабат билдирди
Қайд этилишича, бинога уч томонлама электр токи келган
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Андижон вилояти Асака туманидаги дўконда содир бўлган ёнғинни ўчиришга келган ўт ўчирувчиларнинг шошиб қолгани бўйича тарқалган хабарларга муносабат билдирди.

Журналист Хуршид Далиев ўзининг Telegram’даги канали орқали Асака туманидаги дўконда содир бўлган ёнғинни ўчиришга келган ўт ўчирувчиларнинг тайёргарлиги йўқлиги ҳақида ёзган.
Вазирликнинг маълум қилишича, 3 август куни соат 12:27 да туманнинг «Беруний» МФЙ Имом Бухорий кўчасида жойлашган «Оилавий бизнес самараси» корхонасида ёнғин бўлаётгани ҳақида тумани фавқулодда вазиятлар бўлимига хабар келиб тушган.
Шунга кўра, 2 та ёнғин-қутқарув экипажи соат 12:30 да воқеа жойига етиб борганда, масканга уч томонлама электр токи келгани маълум бўлган ва дарҳол ҳудудий электр корхонаси мутахассислари чақирилган. Таъкидланишича, ёнғин-қутқарувчилар техника хавфсизлиги юзасидан электр токи билан боғлиқ ёнғинларда юқори кучланишли электр токи ҳудудий электр корхонаси мутахассислари томонидан тармоқдан узилмагунга қадар ёнғинни баратаф этишда иштирок этмайди.
Электр токи мутахассислар томонидан 0,4 киловатт кучланишли электр тармоғидан тўлиқ узилгандан сўнг, ёнғин соат 12:38 да тўлиқ бартараф этилган. Ёнғин натижасида ён-атрофдаги бино-иншоотларга зарар етмаган. Ҳодиса оқибатида тан жароҳати олган ва ҳалок бўлганлар йўқ. Ҳозирда ёнғин юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
«Шахсий таркиб билан ҳар бир сменада вазирлик буйруқлари талаблари асосида тушликка қадар назарий ва тушликдан сўнг амалий машқ ва машғулотлар режа асосида ўтказиб келинмоқда. Бошқарма мутахассислари томонидан шахсий таркибнинг билими ва маҳоратини ошириш юзасидан қўшимча машғулотлар ҳам ташкил қилинмоқда.
Ўз навбатида, журналист ва блогерларга вазирлик фаолиятига нисбатан хайрихоҳлик учун миннатдорлик билдирган ҳолда, вазирлик фаолияти билан боғлиқ жараёнларни ёритишда соҳа мутахассислари билан яқиндан ишлаш, ҳар бир ҳолатни чуқур ўрганган ва хулоса қилган ҳолда ёритишни сўраб қоламиз», — дейилади муносабатда.
Аввалроқ Жиззаҳдаги кўп қаватли уйда ёнғин содир бўлгани, Фарғонадаги чиқинди тўплаш ва қайта ишлаш жойида ёнғин юзага келгани, Ўзбекистонда ўтган 6 ойда қанча одам ёнғин оқибатида ҳалок бўлгани тўғрисида хабар берилганди.