Жиззахда «Damas» ҳайдовчиси 71 ёшли пиёдани уриб, воқеа жойидан қочиб кетди — видео
Жабрланувчи воқеа жойида вафот этган
Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов туманида пиёдани уриб юборган ҳайдовчи воқеа жойидан қочиб кетди. Бу ҳақда «O‘zbekiston 24» телеканалининг «Вазият 24» дастурида маълум қилинди.

Маълум қилинишича, Шароф Рашидов туманининг «Ғазғонтепа» маҳалласи ҳудудидан ўтган Жиззах—Қўқон А376 автомобилининг 292-километрида йўл-транспорт ҳодисаси юз берган. Хусусан, номаълум автомобиль пиёдани уриб юборган, бироқ жабрланувчига ёрдам кўрсатмай, ҳодиса жойидан кетиб қолган. Оқибатда «Бахт» маҳалласида яшовчи 71 ёшли пиёда воқеа жойида вафот этган.
Ҳолат юзасидан туман ИИБ Тергов гуруҳи томонидан жиноят иши қўзғатилиб, олиб борилган тезкор суриштирув ишлари давомида йўл-транспорт ҳодисасини Зомин туманида яшовчи «Damas» ҳайдовчиси содир этгани аниқланган.
Бундан олдин, Қашқадарёда ҳайдовчи машинасида 2 пиёдани уриб, қочиб кетгани, Тошкент вилоятида «Labo» пиёдани уриб, воқеа жойидан яширингани тўғрисида хабар берилганди.