Ўзбекистон ташқи қарзи қанчага етгани очиқланди
Шунингдек, ташқи қарши қайси соҳаларга йўналтирилгани бўйича маълумот берилди
Олий Мажлис Сенатининг 29-ялпи мажлисида молия вазири ўринбосари Одилжон Исаков 1 июль ҳолатига умумий давлат қарзи 25,9 миллиард долларни ташкил этаётганини маълум қилди, деб хабар беради «Gazeta.uz».

«Шундан 23,2 миллиард доллари давлат ташқи қарзи ҳисобланади. Бу асосан буджетни қўллаб-қувватлаш, инфратузилма, саноат ва қишлоқ хўжалиги лойиҳаларига йўналтирилган», — дейди Исаков.
Ташқи қарз йўналтирилган соҳалар:
- Бюджетни қўллаб-қувватлашга — 6 миллиард доллар;
- Ёқилғи-энергетика соҳасига — 5,6 миллиард доллар;
- Транспорт ва транспорт инфратузилмасига — 2,5 миллиард доллар;
- Қишлоқ ва сув хўжалигига — 2,4 миллиард доллар;
- Уй-жой коммунал хўжалигига — 2,2 миллиард доллар;
- Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга — 1,5 миллиард доллар;
- Кимё саноатига — 1,1 миллиард доллар;
- Таълим ва соғлиқни сақлашга — 700 миллион доллар;
- Бошқа стратегик ва ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларга — 1 миллиард доллар.
Эслатиб ўтамиз, 2021 йилнинг ноябрида мамлакат ташқи қарзи учун ўрнатилган лимит 2022 йилда ўзгариши мумкинлиги хабар қилинганди. Ўшанда 2022 йилда Ўзбекистон давлат ташқи қарзи учун ўрнатилган лимит 4,5 миллиард доллар бўлиши кутилган эди. Бу жорий йил амал қилган чекловга нисбатан 500 миллион доллар паст, 2020 йилга нисбатан эса 1 миллиард доллар камайган. Шунингдек, 2022 йил якунида Ўзбекистон қарзи ялпи ички маҳсулотга нисбатан 40 фоизгача ошиши мумкиндиги айтилган.
Мавзуга доир: «Давлат қарзи тўғрисида»ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди