Ўзбекистон ва Тожикистон ҳарбийлари иштирокида ўқув машғулоти бошланди — фото
Термиз гарнизонидаги умумқўшин дала-ўқув майдонида турли машқлар бажарилди
Сурхондарё вилояти Термиз шаҳрига 3 август куни Тожикистон ҳарбий делегацияси етиб келди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, улар Термиз гарнизонидаги ҳарбий қисмга жойлашгандан сўнг биргаликдаги ўқувга бағишланган машғулотларга тайёргарлик кўриш мақсадида ўзбек ва тожик офицерлари иштирокида амалга ошириладиган ҳаракатлар режалари ўрганиб чиқилган.

«Ҳамдўстлик–2022» биргаликдаги ўқувининг иккинчи куни, 4 августда эса тантанали очилиш маросими билан давом эттирилган. Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округи қўмондони генерал-майор Зайнобиддин Иминов ҳамда Тожикистон Қуролли Кучлари Бош штаби бошлиғи ўринбосари, генерал-майор Эгамзод Шароф Худойберди очилиш маросимида сўзга чиққан.

Шундан сўнг икки давлат мадҳияси остида Ўзбекистон ва Тожикистон Республикалари давлат байроқлари кўтарилган. «Ҳамдўстлик–2022» ўқувига жалб этилган ҳарбийлар ҳарбий оркестр садолари остида саф майдонидан ўтган.

Тантанали очилиш маросимидан кейин Термиз умумқўшин дала-ўқув майдони ўқув нуқталарида ва тўсиқлар йўлакларида ўзбек ҳарбий хизматчилари томонидан кўргазмали машқлар бажарилган.

Машқлар жараёнида ҳарбийларимиз яқин масофада жанг олиб бориш, ярадорларни эвакуация қилиш, шартли душман ҳужумини қайтариш каби амалий машғулотларда иштирок этишди. Ушбу машқларни кузатиш жараёнида тожикистонлик ҳарбийлар ҳам ўзларини синаб кўрган.
Эслатиб ўтамиз, 2021 йил 25 июнь куни Ўзбекистон мудофаа вазири Баҳодир Қурбонов куни ҳарбий ҳаво кучларининг тайёргарлигини текширгани ҳақида хабар берилганди. Вазир қирувчи самолётга чиқиб, ҳаво ҳужумидан ҳимоя, шартли объектга зарба бериш ва учиш-қўниш шайлигини кўздан кечирган.