Қайта сайлангач машҳурлиги сўнган, ўзига берилган «Нобель»ни ноҳақ инъом деб атаган АҚШ тарихидаги биринчи қора танли президент — Барак Обаманинг ҳаёти ва иқтибослари

Бошқарув даврида муваффақия билан бирга, омадсизликларга дуч келган, айримларнинг меҳри-ю, яна кимларнингдир нафратига сабабчи бўлган Барак Обама бугун, 4 август куни 61 ёшни қаршилади. «Bugun.uz» сана муносабати билан АҚШнинг 44-президенти, «Нобель» мукофоти лауреатининг ҳаёт йўлига назар ташлайди.

Бувисининг қўлида тарбия топган болакай

Фото: «Politico.com»

Биографияси сиёсатга бефарқ бўлмаган барчанинг диққат марказида бўлган собиқ президент 1961 йил 4 августда, ота-онасининг қаршилигига қарамай, турмуш қурган жуфтлик — кениялик Барак Ҳуссайн Обама ва америкалик Стенли Энн Данҳемнинг оиласида, Гавайининг Гонолулу шаҳрида дунёга келади.

Ҳали ўқишни тамомлаб улгурмаган ёшларга талабалик даврида ота-она бўлиш бироз қимматга тушади. Ҳаётга нечоғлик тайёр эканига амин бўлмаган Энн ва Барак қийинчиликлар, муаммолар қаршисида кези келса оташин туйғулар ҳам ожизлигини англай бошлайди. Барак асосан бувисининг қўлида тарбия топади. Яқинларининг рози бўлмаганига қарамай, ўзини худди бир-бирисиз яшай олмайдигандек тутган жуфтлик, ҳаёт мушти билан юзлашгач турмуш қуриш учун қилган ҳаракатичалик курашишга куч топа олмайди.

Фото: «Politico.com»

Ўғиллари тўрт ёшга тўлар тўлмас, ҳар иккисининг айри йўлдан кетгиси келиб қолади. 1964 йилда қабул қилинган мазкур қарор кичик Обаманинг ҳаёти, руҳий ҳолатига ҳам таъсир қилмай қолмайди. Ҳали нима бўлаётганини тўлиқ англашга ёшлик қилган болакай, шу тариқа ота меҳри ва эътиборидан бебаҳра қолади. Орадан уч йил ўтгач янги ҳаёт бошлашга қарор қилган онаси индонезиялик Лоло Суторога турмушга чиқади.

Уч кишидан иборат бўлган оила Жакартага кўчиб ўтганларидан кейин биттага кўпаяди — Обаманинг синглиси Мая дунёга келади. Жакартадаги маҳаллий мактабда 4 синфгача таълим олган Барак ака бўлганига кўп бўлмай яна бувисининг ёнига, Гонолулуга жўнатиб юборилади.

Шундан кейин таълимни Гавайидаги хусусий мактабда якунлайди. Мактаб даврида ўзига яраша фаол, тиришқоқлиги билан тенгдошларидан ажралиб туради. Ўша йилларда баскетболга муккасидан кетиб, штатда ўтказилган мусобақада жамоаси билан чемпион бўлади, ҳатто.

«Ёки сен ҳаётингни қўлга оласан, ё у сени йўлга солади»

Фото: «Politico.com»

Ташқаридан қараганда идеал туюлгани билан аслида инсоннинг ҳаёт йўли ва унда қиладиган танловлари унинг ички кечинмалари, руҳий ҳолати билан боғлиқ. Муваффақият билан муваффақиятсизлик, бахт билан бахтсизлиг-у, омад билан қоқилиш ёнма-ён юриши, одам маъқул билганинигина, бошқаларга кўз-кўз қилиши, ичидан ўтганини эса ўзи ва яратгандан бошқа ҳеч ким билмаслиги мумкин. Обамада ҳам шундай бўлган.

Ўша вақтда руҳий ҳолатидаги муаммолар боис спиртли ичимлик, кокаин ва марихуаннага илакишиб қолган. Буни кейинчалик болалик ва ёшлигидаги хотираларни ўзида мужассам қилган «Отамнинг орзуси» номли автобиографик китобида маълум қилган.

Ёшлик қилиб бошқа кўчаларга адашиб киргани билан вақтида ўзини қўлга олган ва айнан ушбу қилган қарори нафақат унинг, балки бутун Америка ҳаётига ҳам таъсир қилган. Чунки назоратни йўқотганида президент бўлиб мамлакатдаги муҳим ислоҳотларни амалга ошириш тугул, шахс сифатида ҳам ривожлана олмаслиги, унинг бор-йўқлиги эса аҳамиятсиз бўлиб қолиши мумкин эди.

Шундай қилиб мактабни тамомлаганидан кейин Лос-Анжелесдаги Ғарбий коллежда, вақт ўтгач Нью-Йоркнинг Колумбия университетида халқаро алоқалар бўйича ўқийди.

Таҳсилдан таскин топган ёш Обама олий таълимни тамомлагач, сиёсатга берилади. Олган билимлари, таълими унга ички ҳолатга асир бўлиб қўл қовуштириб ўтириш эмас, аниқ мақсадлар қўйиб у томон интилиш кераклигини ўргатганди.

АҚШнинг иқтисодий маркази бўлажак президент карьерасида муҳим роль ўйнайди. Ҳали университетни тамомламай туриб, Нью-Йоркдаги тадқиқот маркази ҳамда Халқаро бизнес-корпорацияда фаолият юритади.

Бакалавр дипломини қўлга олганидан кейин Гарвард университетининг қошидаги юридик мактабга қабул қилинади. Ҳуқуқ соҳасини ўрганиш билан параллель равишда университетдаги «Harvard Law Review» газетасида муҳаррирлик қилади.

1991 йилда докторлик дипломини қўлга киритгач, судда дискриминация жабрдийдаларини ҳимоя қилганча ҳуқуқ борасида тажрибасини орттиради. Ҳуқуқ, журналистика — бу ҳали ҳаммаси эмас, бўлажак президент Чикаго университетида конституция ҳуқуқлари бўйича 10 йил давомида дарс бериб педагоглик ҳам қилади.

Вазиятдан келиб чиқиб тутилган иш сабаб ошган сиёсий имиж

Фото: «Politico.com»

Обаманинг сиёсий карьераси 1997 йил Иллинойс штатида бошланади. 2004 йилгача АҚШнинг демократик партияси қизиқишларини намоён қилади. У мамлакатдаги вазиятни аниқ баҳолай олган ва одамларга нима кераклигини жуда яхши биларди. Шундан келиб чиққан ҳолда йўл тутгани сиёсий имижига ижобий таъсир қилади. Бу кам таъминланган оилаларни, мактабгача таълимни қўллаб-қувватлагани, шунингдек, Америка ҳарбий қўшинларини Ироқдан олиб-чиқиб кетишни ёқлагани билан боғлиқ.

Ирқий камситилишга қарши курашгани ва умумий тиббий суғурта лойиҳасини ривожлантиришга урингани боис Америка аҳолисининг орасида машҳурлиги тобора ортиб, уни қўллаб-қувватловчилар сони кўпая бошлайди.

2005 йилда АҚШ сенатига қўшилганидан кейин бир қанча қўмиталарга аъзо бўлади. Шу тариқа жамоатчилик ишлари, халқаро муносабатлар ва ветеранларга алоқадор муаммоларни ҳал қилишга жалб қилинади.

Бир зумда матбуот симпатиясига сазовор бўлган янги сенатор Вашингтоннинг энг кўзга кўринган сиёсий фигуралардан бирига айланади. Бу эса воқеалар ривожи қандай бўлишини тахминан чамалаш имконини берарди. 2006 йил кузга келиб, АҚШнинг 2008 йилги президент сайловларида Демократик партиядан Обаманинг номзоди кўрсатилиши-ю, раҳбар айнан у бўлишига ҳеч кимда шубҳа йўқ эди.

2007 йил Обама расман сайловда қатнашишини эълон қилганидан кейин бу шунчаки тахмин эмаслиги, ҳаммаси кутилганидек бўлаётгани ойдинлашади. Сайловда иштирок этиш учун тайёргарлик ишларини бошлаб юборган Барак мамлакатнинг сиёсий ва иқтисодий масалалари, шу жумладан, кам таъминланган қатламни қўллаб-қувватлашга киришади.

Унинг президентлик кампаниясини қўллаб-қувватлаш учун 58 миллион доллар йиғилади, қизиғи ушбу маблағнинг учдан бир қисми оддий одамлар томонидан ажратилганди. Шу баҳона бўлиб бўлажак президент кампаниясини буджетдан молиялаштирилишини рад қилади.

Номзоднинг машҳурлигига қарамай, сайловолди кампаниялари бир текис ўтмайди. Баракнинг ваъдаларидан бири Aмерика ҳарбий кучларини Ироқдан олиб чиқиб кетиш эди. Лекин электорат билан мулоқот жараёнида Яқин Шарқдаги ҳарбий операцияларда иштирок этган ҳарбийларнинг ҳаёти ҳақида гапириб жиддий хатога йўл қўяди.

Бу гаплар унга қимматга тушади. Рейтинглари кескин туша бошлаганидан хавотирланган Барак нуқтаи назарини тушунтиришга ва кўплаб узрлар билан ўзини оқлашга ўтади.

Шу ва шунга ўхшаш ҳолатларга қарамай, 51 фоиз овозга, сайловчиларнинг қўллаб-қувватлашига эга бўлади. Мазкур муваффақият қайсидир маънода Обама ва демократик партияникигина эмасди. Бу асрлар давомида ирқчилик, айирмачиликка қарши курашган инсонлар, терининг ранги сабаб хўрланиш ва камситилишга маҳкум бўлганларнинг ғалабаси эди. Гап шундаки, Обама АҚШ тарихида президент бўлган илк қора танли шахс эди.

Эришилган ғалаба доимий омаднинг гарови эмас

Фото: «Politico.com»

Муваффақиятдан масрурлик ўз йўлига, лекин бутун бошли қўшма штатларни бошқаришнинг ўзи эмас, муаммолар эса ўзини узоқ куттирмасди. Обаманинг президентликдаги биринчи муддати силлиқ кечмайди. Мамлакат иқтисодиёти танглашиб, сиёсий нобарқарорлик кузатилади. Аммо «халқ президенти»ни у каби қийинчиликлар тўхтатолмайди ва у сайловолди дастурларида кўрсатилган вазифаларни бажаришга тушиб кетади. Иқтисодий ва сиёсий ислоҳотларга куч беради. Бунинг учун 787 миллиард доллар сарфланади.

Обама 2009 йилда Халқаро хавфсизликни таъминлашга қаратилган ҳаракатлари учун Нобель мукофотини қўлга киритади. Лекин ҳали президентлик лавозимида бир йил ҳам ишлаб улгурмагани, шунингдек, кўзга кўринадиган ишлар қилмагани сабаб кўплаб танқид ва мунозараларга сабаб бўлади. Тарафкашлари бўлса уни инсон ҳуқуқларига риоя этилишини таъминлагани, ядро қуролидан холи дунёни қуришга қилган ҳаракатлари мукофотга лойиқлигини маълум қилишдан чарчамайди. Обаманинг ўзи бўлса мукофотни ноҳақ берилган инъом деб атайди.

Мамлакатдаги соғлиқни сақлаш соҳасини ривожлантиришга урғу бергани боис 2014 йилга келиб АҚШнинг 95 фоиз аҳолиси тиббий суғуртага эга бўлади. Бундан ташқари, айнан у сабаб Ироқдаги ҳарбий миссия якунланиб, Американинг сўнгги жанговар бўлинмаси 2010 йилда ушбу ҳудуддан олиб чиқилади.

Раҳбарлик даврида биринчи рақамли халқаро террорчи Усама бин Лодин Америка махсус хизмати ходимлари томонидан йўқ қилинади, шунга қарамай, кўп ўтмай ИШИД даврага кириб келади.

Иккинчи уриниш

Фото: «Politico.com»

Обама 2012 йили мамлакат буджетида жиддий муаммо кузатилишига қарамай, навбатдаги сайловда такроран қатнашишини маълум қилади. Шунингдек, у вазиятдан келиб чиқиб инқирозга қарши қонун лойиҳаси ишга тушиш арафасида экани-ю, уни реализация қилинишга бошқаларни ишонтиради. Натижада Обама сайловолди кампанияларида рекорд даражада катта маблағ — 934 миллион доллар йиғилади.

Бу вақтга келиб унинг тарафдорлари 2008 йилга нисбатан сезиларли даражада камайган бўлсада, «сайлов машинасининг» аниқ ишлаши натижасида такроран президентлик пойгаларида республикачи Митт Ромнини ортда қолдиради. Бу сафар янада қаттиқроқ ишлашга бел боғлаган Обама Америка Қўшма Штатларини ҳали бундан ҳам ёрқин кунлар кутаётганига чин қалбдан амин эканини таъкидлайди.

Суриядаги фуқаролик уруши у Президент сифатида юзлашган энг мураккаб масалалардан бири эканини таъкидлаган Обама хунрезликда аввало Асад режими, қолаверса, унинг иттифоқчилари Россия ва Эронни жавобгарлигини қўшимча қилади.

Суриядаги вазият, солиқ сиёсати ва мамлакатдаги бошқа муаммолар билан боғлиқ муаммолар бир-бирига уланаверади.

Булар эса Обаманинг рейтинги кескин тушиб кетишига олиб келади. Оқибатда бор-йўғи ярим йил ичида тарафкашлари 12 фоизга камаяди. 2014 йилга келиб америкаликларнинг катта қисми уни қўллаб-қувватламай қўяди. Иккинчи маротаба раҳбарлик қилишга қилган қарори машҳурлиги ва одамларнинг унга бўлган илиқ муносабатини сўнишига олиб келганди, гўё.

8 йил давомида мамлакатни бошқарган Обама кетишидан аввал Трампга ташқи сиёсатда қарорларни систематик равишда, ўйлаб, мулоҳаза ва аниқ мақсад билан қабул қилишни тавсия қилади. Лекин ҳали президентликка ҳали киришиб улгурмаган Трамп хорижий раҳбарлар билан илк учрашувларида бировнинг маслаҳатига зор эмаслигини таъкидлайди.

2017 йилда истеъфосидан бир неча ой ўтиб Пенгуин Рандом Ҳоусе нашриёти томонидан «A promised land» номли китобнинг биринчи томи чоп этилади. 25 тилга таржима қилинган, 768 саҳифадан иборат «A promised land»дан ташқари, «Отамнинг орзуси», «Умиднинг мардлиги» ҳамда «Сен ҳақингда куйлайман: қизларимга мактуб» номли китоблари ҳам тақдим қилинган.

Ҳамма нарса ҳам кўринганидек мукаммал бўлавермайди

Фото: «Politico.com»

Барак Обама рафиқаси Мишель билан 1989 йил, юридик карьерасидаги энг ёрқин даврда танишади. Аёлнинг қора танли қулларнинг авлоди экани АҚШнинг биринчи хоними бўлишига асло ҳалал бермайди. 1998 йилда илк бор фарзандли бўлган ота-она, қизалоққа Малия Энн деб исм қўяди. Иккинчи фарзандлари Наташа бўлса, орадан 3 йил ўтиб туғилади.

Мишель Обама томонидан 2018 йилда тақдим қилинган, 24 тилда нашр қилинган «Шаклланиш» номли китобда унинг аждодлари ва Саут-Сайддан чиққан кичкина қиз қандай қилиб ўз овозига эга бўлгани-ю, бошқаларни руҳлантириш учун ўзида куч топгани ҳақида ҳикоя қилинади.

Мишелнинг биографиясида можаро ва интригалар кўзга ташланмаса-да, Обамаларнинг ҳаётида ҳам ҳамманикидек муаммо ва камчиликлар бўлади. Муносабатларида дарз кетиш кузатилганига қарамай, фарзандлари, шунингдек, Обаманинг карьераси учун ҳам ўтган ишларга кўз юмилиб, оила сақлаб қолинган.

Сиёсий саҳнага чуқур инқироз пайти кириб келиб, мамлакат аҳволи яхшиланиши учун қўлидан келганча курашган собиқ президентни кимлардир танқид қилса, бошқалар оғзидан бол томиб мақтайди. Аммо қандай бўлишидан қатъи назар, бир вақтлар бувисининг қўлида тарбия топган, бебошлигида ҳаёти остин-устун бўлишига бир бахя қолган Барак Обаманинг ҳаёти аниқ мақсад ва унга интилиш бўлса, ирқи, келиб чиқишидан қатъий назар, ҳар ким муваффақиятга эришиши, ҳаёти олдида масъулликни билиш нафақат бир ўзи, балки бутун мамлакат ҳаётини ўзгартириши мумкинлигига мисол бўлади.

Барак Обамадан иқтибослар

Фото: «Bugun.uz»
Фото: «Bugun.uz»
Фото: «Bugun.uz»
Фото: «Bugun.uz»
Фото: «Bugun.uz»
Фото: «Bugun.uz»
Фото: «Bugun.uz»
Фото: «Bugun.uz»
Фото: «Bugun.uz»
Фото: «Bugun.uz»
Россияда ўзбекистонлик наркотик сотувчиси қўлга олинди
Жаҳон0:25 | 10.8.22
Россияда ўзбекистонлик наркотик сотувчиси қўлга олинди
«Толибон» мамлакатдаги тиланчиларни камайтириш йўлини маълум қилди
Жаҳон0:24 | 10.8.22
«Толибон» мамлакатдаги тиланчиларни камайтириш йўлини маълум қилди
Самарқандда 11,5 кг олтин кукунини ноқонуний сотишга уринган шахслар ушланди
Жамият, Самарқанд0:19 | 10.8.22
Самарқандда 11,5 кг олтин кукунини ноқонуний сотишга уринган шахслар ушланди
Тайван артиллерия иштирокида ҳарбий машқлар бошлади
Жаҳон0:18 | 10.8.22
Тайван артиллерия иштирокида ҳарбий машқлар бошлади
Хитой Тайванни ўраб, қамал қилиш машқларини бошлайди
Жаҳон0:16 | 10.8.22
Хитой Тайванни ўраб, қамал қилиш машқларини бошлайди
«Толибон» АҚШга маҳбус алмашишни таклиф қилди
Жаҳон0:15 | 10.8.22
«Толибон» АҚШга маҳбус алмашишни таклиф қилди