23:53 | 04.08.22 196

Сенатда соғлиқни сақлаш вазири ва Антикоррупция агентлиги раҳбари ўртасида тортишув юзага келди

«Ҳисоботда тиббиёт энг коррупцион соҳа деб хулоса қилиняпти», — дейди Беҳзод Мусаев

Олий Мажлис Сенатининг 4 август кунги ялпи мажлисида соғлиқни сақлаш вазири Беҳзод Мусаев Коррупцияга қарши курашиш агентлиги раҳбари Акмал Бурҳоновнинг маърузасига эътироз билдирди. Бу ҳақда вазирлик ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Сенат ахборот хизмати

Бурҳонов нутқи давомида 2021 йил Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида 56 миллиард сўмлик хато ва камчиликлар аниқланганини айтди. Мусаев эса бу рақамларга эътироз билдирди.

«Ҳисоботда тиббиёт энг коррупцион соҳа деб хулоса қилиняпти. Қани, ўша 395 та ташкилот? Биз шу маълумотларни кўрганимиздан бери тагига етгимиз келяпти. Қайси ташкилотимизда шундай катта молиявий камчиликлар аниқланди?

Шундай катта коррупцион ҳолат аниқланган бўлса, нега каттароқ тиббиёт тизими раҳбарига нисбатан суд томонидан қатъий жазо чоралари кўрилмаган? Бу камчиликлар судда ўз далил-исботини топмаган.

Бундан ташқари, шу мониторинг натижасида 50 миллиард сўмдан 35 миллиард сўми мақсадсиз харажатлар ўз вақтида аниқланди ва иқтисод қилинишига эришилди, дейиляпти.

Бу ҳали коррупцион ҳолат эмас. Мени битта таклифим: бундай ҳисоботни юқори даражага олиб чиқилишидан аввал вазирлик билан ҳар бир ҳолатни кўриб чиқсак ва якуний тўхтамга келинган рақамни олиб чиқсак, тўғрироқ бўларди», — дейди вазир.

Сенат раиси Танзила Норбоева бўлса Беҳзод Мусаевнинг эътирози ва таклифини рад этди. У Антикоррупция агентлигининг миллий маърузасига ишонишини айтди. Унинг таъкидлашича, асоссиз маълумотлар Сенат ялпи мажлисига олиб чиқилмайди.

Шундан сўнг Акмал Бурҳонов соғлиқни сақлаш вазирининг эътирозига муносабат билдирди. Унинг маълум қилишича, вазирлик Ўзбекистон бўйича энг кўп коррупция аниқланган давлат ташкилотлари ичида биринчи ўринда бўлган. 2022 йилга келиб эса иккинчи ўринга тушган.

Фото: Сенат ахборот хизмати

Эслатиб ўтамиз, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 21 июнь кунги йиғилишида Алишер Қодиров ва Расул Кушербаев ўртасида тортишув юз берганди. Йиғилиш давомида электрон далил масаласидаги қонун қонун лойиҳаси муҳокама қилинаётган пайт икки депутат ўртасида даҳанаки тортишув содир бўлган.