Сурхондарёда «Damas» 83 ёшли пиёдани уриб юборди — видео
Сурхондарё вилоятининг Термиз шаҳрида «Damas» автомобили 83 ёшли пиёдани уриб юборди. Бу ҳақда «Менинг юртим» телеканалининг «Марказий студия» информацион дастурида маълум қилинди.

Маълум қилинишича, «Damas» русумли автомобиль ҳайдовчиси йўлни белгиланмаган жойидан кесиб ўтаётган 83 ёшли пиёдани уриб юборган. Жабрланувчи воқеа жойида вафот этган.
Ҳайдовчининг айтишича, у келаётган вақтида йўлда пиёда ҳали чиқмаган бўлган. «Йўқ эди, чопиб келди, машинани четга олиб қочсам ҳам ‘боковойимʼ тегди», — дейди у.
Вилоят ИИБ ЖХХ ЙҲХБ ахборот хизмати раҳбари Элнур Абраевнинг сўзларига кўра, йўл-транспорт ҳодисаси ҳайдовчининг маст ҳолатда автомобиль катта тезликда бошқаргани, пиёда эса йўлни белгиланмаган жойдан кесиб ўтгани сабаб юзага келган.
Бундан олдин, Қашқадарёда ҳайдовчи машинасида 2 пиёдани уриб, қочиб кетгани, Тошкент вилоятида «Labo» пиёдани уриб, воқеа жойидан яширингани тўғрисида хабар берилганди.


