«Темурбеклар мактаби» ҳарбий-академик лицейлари учун йиллик қабул квотаси оширилди
Ўзбекистон Қуролли Кучлари ва давлат хизмати учун кадрлар захирасини тайёрлаш тизимини такомиллаштиришга қаратилган Президент қарори қабул қилинди.

Президентнинг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчаларга кўра, 2022/2023-ўқув йилидан бошлаб Мудофаа, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари ва Миллий гвардиянинг «Темурбеклар мактаби» учун йиллик қабул квотаси 150 кишини ташкил этади (олдин 100 киши эди). Бунда:
- «Темурбеклар мактаби» ҳарбий-академик лицейлари учун қўшимча контракт бўйича ҳарбий хизматчилар ва фуқаро таркибидаги ходимлар штат бирликлари тегишли равишда Мудофаа, Фавқулодда вазиятлар вазирликлар ва Миллий гвардия бўлинма (қўшин)ларининг белгиланган чекланган умумий сони доирасида ажратилади;
- молиялаштириш «Темурбеклар мактаби» ҳарбий-академий лицейи мавжуд бўлган вазирлик ва идораларга ҳар йили ажратиладиган бюджет маблағлари ва қонунчилик билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.
Шунингдек, ҳар бир «Темурбеклар мактаби»да юқори касб маҳоратига эга бўлган ва таълим-тарбия жараёнига шахсан аниқ ҳисса қўшаётган ўқитувчиларнинг базавий тариф ставкаларига ҳар ойлик устамалар белгилаш, ходимларга мукофотлар тўлаш ҳамда моддий ёрдам кўрсатиш йўли билан уларни рағбатлантириш учун бюджет маблағлари ҳисобидан Директор жамғармаси ташкил этилади.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йилнинг мартида Президент «‘Ватан таянчи’ болалар ва ўсмирлар ҳарбий-ватанпарварлик ҳаракати фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги қарорни қабул қилганди. Ҳаракат давлат муассасаси ҳисобланиб, мудофаа вазирининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари муассаса фаолиятини мувофиқлаштириб боради. Қарорга кўра, мактабларда чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фани ўқитувчиси раҳбарлигида 10–11-синф ўқувчиларидан (таркиби 20 нафар) иборат «Ватан таянчи» отрядлари тузилади. Ўқувчилар унга ихтиёрий аъзо бўлади.


