«Букрилар мамлакатида букчайишга тўғри келади». Ёзувчилик ортидан бойиш мумкинлигини исботлaган, асарлари марказида севги бўлсада, оила қуришга жазм қилолмаган Ги де Мопассаннинг ҳаёт йўли ва иқтибослари

Қисқа сюжет ва ортиқча бўлмаган сўзлар билан қаҳрамонларнинг психологик ҳолатини очиб беролган Ги де Мопасанни кўпчилик аксарият ижод намуналари фильмларга сценарий бўлган буюк француз адиби сифатида танийди. Унинг биографияси билан танишиш эса тарихда қолган шахснинг ҳаёти ҳақида тўлиқроқ тасаввурга эга бўлиш имконини беради. «Bugun.uz» бундан 172 йил аввал дунёга келган, асарлари ҳалигача севиб ўқиладиган ёзувчининг ҳаёт йўлига назар ташлайди.

Босимлардан қочган эрксевар болакай

Фото: «The Times»

Тўлиқ исми Анри-Рене-Алберт-Ги де Мопассан бўлган ёзувчи Франциянинг Диеппе шаҳри яқинидаги Мироменильда, дворянлар оиласида дунёга келади. Романтик кайфият эгаси бўлган отаси феъл-атвор жиҳатидан ўзига тамоман қарама-қарши, болаликдаги дўсти Лора Ле Пуатвенни рафиқа сифатида танлаганди.

Аммо қурилган турмуш эртакларда айтиладиган узоқ ва бахтли кечмайди. Хонавайрон бўлгач биржада маклерлик қила бошлаган отаси, қарзга ботиб бор йўғини кўкка совургани етмагандек, енгилтак аёлларга илакишиб оиласини тарк этади. Эҳтимол шу болаликдаги травмаси сабабдир Мопассан ҳаёти давомида оила қуришга жазм қилолмайди. «Ҳаёт» номли романидаги Жюльен исмли қаҳрамонни эса худди отаси сингари қилиб тасвирлайди.

Отасининг қилмишларига чидолмаган онаси, иккинчи ўғли дунёга келгач болаларини олиб бошқа шаҳарга кўчиб кетади. Вақтини кўчада, балиқ тутиш ва денгизчилар билан дўст тутиниб ўтказган Мопассаннинг ёшлиги ғамдан ҳоли, қувончли онларга бой ўтади. Кўчада соатлаб вақт кечиргани ўзига хон ўзига бек бўлишига туртки бўлади. Онасининг психози борлиги, кейинчалик бу муаммо укаси ва ўзининг тақдирига таъсир қилганини айтмаганда ҳаммаси яхши эди.

13 ёшга тўлар-тўлмай, онаси уни диний мактабга ўқишга бергач болалиги якунига етгандек бўлади. Ўқув муассасасидаги жиддий тартиб ва талаблари ортиқча муҳитда эрки чеклангандек ҳис қилади. Ўзини ҳеч қўярга жой тополмаганидан бир неча марта қочиб ҳам кетади, ҳатто.

Кейинчалик ўқишни лицейда давом эттирган Мопассан бу вақтга келиб қуйилиб қолганиданми ёки муҳит ёққани боис таълим олишга берилиб кетади. Айнан ўша даврда илм-фан, санъат ва асосийси адабиётга қизиқиш уйғонади. Гюстав Флоберга шогирд тутинади.

Лицейни битиргач, юридик соҳада таълим олиш учун Парижга келади, лекин қабул қилинганининг ўзи билан ўқишни давом эттира олмайди. Бошланган Франция-Пруссия уруши нафақат, у балки ўша даврдаги кўпчиликнинг ҳаётини буткул ўзгартириб юборади. Ихтиёри билан урушга қўшилган бўлажак ёзувчининг ўша даврда кўрганлари кейинчалик асарларида бу каби воқеалар ишонарли тасвирланишини таъминлайди. Яна айнан ўша пайтда табиатшунослик ва астрономияга бўлган қизиқиш уйғонади. Урушдан уйга қайтгач чала қолган ўқишни давом эттиришни истайди, молиявий инқироз туфайли эса бунинг имкони бўлмайди. Бунинг ўрнига оёққа туриш учун денгиз ишлари бўйича вазирликда ишлашига тўғри келади.

Арзимаган ойликка ишлаган ва у ерни қамоққа ўхшатган ёш адибнинг ҳаётига фақат бир нарса — ижод қилиш ранг бериб турарди. Ҳамкасбларидан ҳеч бири адабиёт билан боғлиқ тушунчага эга эмас, ёзувчи бўлиш ҳақидаги истак ҳақида-ку гап бўлиши ҳам мумкин эмасди. Шундай вақтларда устози Гюстав Флобер билан суҳбатлашиш жонига аро кирарди. Адиб Мопассанга ёзишдан қўли чиқиб қолмаслиги учун иложи бўлса ҳар куни қоғоз қоралашни тавсия қилар, шундай қилсагина муваффақиятга эришиши мумкинлигига ишонтирарди. Шу тариқа ота ўрнида ота, кези келганда дўст ва қадрдон бўлган Флобер туртки бўлиб ва ниҳоят босимли муҳитдан чиқиб, халқ таълими муассасасида ишлашда давом этади.

Ижодий парвоз

Фото: «Storytel.com»

Яна айнан Флобер уни Эмиль Золя, Ипполит Тен, Иван Тургенев сингари машҳур кишилар билан таништиради. Бу вақтда унча машҳур бўлмаган нашрларда тахаллус остида ҳикояларини эълон қилиб боради. Адабиёт оламига муваффақиятли кириб келиши эса 1880 йилда тақдим қилинган «Дўндиқ» асаридан кейин бўлади. Новелланинг ўзига хослиги қаҳрамонлар, феъл-атвор ва пейзаждан ташқари, воқеаларнинг ўта реал тасвирланишида бўлади.

Насрдан кейин назмга ҳам қўл уриб, шеърий тўпламини тақдим қилади. Ўқувчилар қалбидан жой олаётгани ва ўзи ҳам ишидан қониқаётгани боис давлат ишини ташлаб «Голуа» газетасида ишлай бошлайди.

Яна илҳом ва ғоялар сафар жараёнида туғилишини тушуниб, кўпроқ саёҳат қилишга ҳаракат қилади. Таассуротлари роман, новелла ва очеркларида ўз аксини топади. Ёзувчилик ортидан мўмай даромадга эга бўлиш мумкинлигини ўз мисолида исботлайди. Йилига 60 минг франк даромад топган адиб, онаси ва оила аъзоларини молиявий томондан қўллаб-қувватлаб турган. Ҳаётининг шафақ вақтида молиявий томондан етарлича оёққа туриб, бир нечта мол-мулк, яхталарга эга бўлган.

Маҳорати ҳаммасини ўта реал тасвирлолганида

Фото: «Storytel.com»

«Иветта»,«Ҳаққоний тарих», «Ой ёғдуси», «Бахт», «Симон ота», «Мартен қизалоғи», «Мадмуазел Фифи», «Милон амаки», «Ҳаёт», «Азизим», «Монт-Ориоль» ва «Пьер ва Жан» сингари ижод намуналарини тақдим қилиб улгурган адибнинг «Ўлимдек кучли», «Бизнинг қалб» романларида психологик ёндашув шундоқ кўзга ташланади.

«Бочкача», «Жавоҳирот», «Оила бағрида»,«Васиятнома», «Иблис» асарлари, бундан ташқари, «Дайди», «Шкаф», «Гадой» новеллаларида кундалик ҳаётда кўзга ташланадиган чиркинлик-у муаммолар акс этади.

Асарлари кутилмаган якуни билан маълум бўлган адибнинг машҳурлиги 1880 йиллар, романлар ҳикояларга йўл бераётган даврга тўғри келади. Шунга қарамай, ижоди давомида 6 та роман тақдим қилишга ҳам улгуради

Психологик таҳлил билан бирга кинояни умумлаштириш борасида моҳир ҳисобланган Мопассан бир вақтни ўзида қаҳрамонларини аниқ ва шу билан бирга кутилмаган синоатларга бой қилиб тасвирлайди.

Шу билан бирга, психологик стресс, ахлоқий ва ҳиссий кечинмаларни нозик ифодалаб мураккаб интригадан қочади. Севги ва уруш мавзуларини юмордан тортиб фожиагача бўлган кенг эмоционал-психологик диапазонда очиб беради. Туйғуларни жунбишга келтириб, ўқувчида қалбан суҳбатлашгандек ҳис уйғотиши машҳурликка эришишига сабаб бўлган.

Мопассан новеллаларини импрессионист рассомлар суратни қандай чизса, шундай ёзган. Уни ўқиган китобхон худди ёрқин ранг ва бўёқлар билан тавсирланган-у, лекин моҳияти тасвирдан чуқурроқда акс этган суратни томоша қилгандек бўлади. Арғимчоқ учиш, қайиқда сайр, ўт устида тушлик ва шунга ўхшаш тасвирлар исталган рассом асари учун тайёр ғоя бўлиши мумкин.

Ги де Мопассан асарларининг маълум қисми бадиий фильмлар учун мавзу бўлган. «Дўндиқ» 1934 йилда режиссёр Михаил Ромм томонидан экранлаштирилган бўлса, ўзбек китобхонларига бегона бўлмаган «Азизим»нинг ўзи бир неча марта — 1936 йил Вилли Форст, 1983 йилда Пер Кардинал ва 2012 йилда Деклан Донеллан томонидан суратга олинган. Ҳаёти давомида 300 га яқин қисқа ҳикоя, учта саёҳатга оид китоб тақдим қилган ёзувчи фикр қанчалик мураккаб бўлмасин, уни тўлиқ ифодалаб бериш учун бир нечта сўзнинг ўзи кифоя эканига ишонган.

Шахсий ҳаёти

Фото: «Storytel.com»

Мопассан севиш-у севилишни ва буни доимий равишда ҳис қилишни яхши кўрган. Унинг ҳаёти турфа ҳикоялар-у, муносабатларга бой бўлган. Айнан шу сабаб бўлса керак ўқувчи асарларида ушбу туйғунинг тафтини шундоқ ҳис қилади.

Унинг ҳаётида Эммануэла Потоцкая, Эрмина, Мари Канн исмли аёллар бўлгани ҳақида маълумот борлигига қарамай, аслида адиб муносабатларини матбуотда кўз-кўз қилмасликка уринган. Бир сафар хонимлардан бирининг исмини газетада ёзиб чиққан журналист билан дуэльга чиқишига сал қолган, ҳатто.

1882 йилда уйланишга қарор қилган-у, бироқ муносабатлари оила қуришгача етиб бормай, бир умр бўйдоқ ўтган. 40 дан ошганида кўриш қобилияти ва хотираси сусайиб, галлюцинациядан азият чекади. Орттириб олган касаллиги — сифилис прогрессив фалажликка олиб келади. Ўзини ўлдиришга қилган уринишидан кейин Канндан Парижга олиб кетилиб, шифокор Бланшнинг шифохонасига жойланади. У ерда умрининг сўнгги 6 ойини ўтказган Мопассан 43 ёшга етмай ҳаётдан кўз юмади.

Ўлимидан 10 йил ўтгач «Эклер» номли француз нашрида «Азизим» муаллифининг уч нафар фарзанди борлиги, никоҳсиз туғилган болалар ўша вақтдаги одатга кўра онаси Жозефина Литцелманнинг фамилиясида бўлгани эълон қилинган. Аммо ёзувчининг ўзи бирон марта ҳам фарзандлари ҳақида лом-лим демаган, унинг қариндошлари ҳам бу маълумотни тан олмайди.

Фото: «Bugun.uz»
Фото: «Bugun.uz»
Фото: «Bugun.uz»
Фото: «Bugun.uz»
Фото: «Bugun.uz»
Фото: «Bugun.uz»
Фото: «Bugun.uz»
Фото: «Bugun.uz»
Фото: «Bugun.uz»
Шавкат Мирзиёев ХХР ташкил топганининг 73 йиллиги муносабати билан Си Цзиньпинни табриклади
Жамият12:42 | 1.10.22
Шавкат Мирзиёев ХХР ташкил топганининг 73 йиллиги муносабати билан Си Цзиньпинни табриклади
Фермерларни ҳақорат қилган Тошлоқ тумани ҳокимига ҳайфсан эълон қилинди
Жамият12:14 | 1.10.22
Фермерларни ҳақорат қилган Тошлоқ тумани ҳокимига ҳайфсан эълон қилинди
«Ҳозирда Украинани НАТОга қабул қила олмаймиз» — бош котиб Столтенберг
Жаҳон11:47 | 1.10.22
«Ҳозирда Украинани НАТОга қабул қила олмаймиз» — бош котиб Столтенберг
АҚШ Россияга қарши янги санкцияларни жорий этди
Жаҳон11:23 | 1.10.22
АҚШ Россияга қарши янги санкцияларни жорий этди
Запорожьеда автоколоннанинг ўққа тутилиши оқибатида ҳалок бўлганлар 30 кишига етди
Жаҳон10:54 | 1.10.22
Запорожьеда автоколоннанинг ўққа тутилиши оқибатида ҳалок бўлганлар 30 кишига етди
АҚШга ёпирилган «Иэн» тўфони қурбонлари сони 45 кишига етди
Жаҳон10:36 | 1.10.22
АҚШга ёпирилган «Иэн» тўфони қурбонлари сони 45 кишига етди