16:11 | 05.08.22 505

Ўзбекистондаги мустақил ОТМларни молиялаштириш тартиби тасдиқланди

Молиялаштиришда бир талаба учун тўғри келадиган ўртача харажат миқдоридан келиб чиқилади

«Молиявий мустақиллик берилган давлат олий таълим муассасаларида давлат буюртмаси (давлат гранти) асосида кадрлар тайёрлаш учун Ўзбекистон Республикаси давлат бюджетидан молиялаштириш тартибини тасдиқлаш тўғрисида»ги Вазирлар Маҳкамаси қарори қабул қилинди, деб хабар беради «Norma».

Фото: «Bugun.uz»

Ҳужжат билан Молиявий мустақиллик берилган давлат олий таълим муассасаларини бир талаба учун тўғри келадиган ўртача харажат миқдоридан келиб чиқиб молиялаштириш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланган. У қуйидагиларни тартибга солади:

  • молиявий мустақиллик берилган олий таълим муассасаларига молия йили учун ажратиладиган бюджет маблағлари ҳажмини аниқлашда қўлланиладиган харажатларнинг базавий нормативлари;
  • молия йилида харажатларнинг базавий нормативларини қўллаш йўли билан молиявий мустақиллик берилган олий таълим муассасалари учун бюджет маблағлари ҳажмини ҳисоблаш тартиби.

Молия йили учун ОТМга ажратиладиган бюджет маблағлари ҳажмини аниқлашда қуйидаги харажатларнинг базавий нормативлари қўлланилади:

  • профессор-ўқитувчилар ҳамда бошқарув, техник, хизмат кўрсатувчи ва ўқув-ёрдамчи ходимларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш ва рағбатлантириш билан боғлиқ харажатлари;
  • бир нафар талабани ўқитиш учун жорий харажатлар;
  • бошқа харажатлар (коммунал хизматлар, ўқитиш харажатлари, жорий таъмирлаш) ҳамда асосий активларни харид қилиш ва капитал таъмирлаш учун ажратиладиган маблағлар.

Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиявий мустақиллик берилган олий таълим муассасаларини молиялаштириш тартиби:

  • давлат буюртмасини молиялаштириш давлат буюртмаси (давлат гранти) асосида таълим олаётган талабаларни ўқитишни молиялаштириш бўйича Намунавий битимга мувофиқ амалга оширилади. У буюртмачи (вазирлик, идора) ҳамда олий таълим муассасаси ўртасида тузилади. Битим имзолангандан сўнг ОТМ бюджет маблағлари бўйича харажатлар сметасини шакллантиради ва тасдиқлайди;
  • молиявий мустақиллик берилган олий таълим муассасаларига молия йили учун ажратиладиган бюджет маблағлари ҳажмини харажатлар сметасида режалаштириш ҳамда молия йили давомида қайта кўриб чиқиш тартиби.

Низом нормалари қуйидагиларга татбиқ қилинмайди:

  • талабаларга стипендия тўловлари;
  • олий ўқув юртидан кейинги таълим харажатлари, педагогларнинг малакасини ошириш;
  • етим ва ота-онасининг қаровисиз қолган талабалар моддий таъминоти бўйича харажатлар белгилаш;
  • Президент ва Вазирлар Маҳкамаси қарорлари асосида ажратиладиган маблағлар.

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 1 августдан кучга кирган.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йил 1 январдан бошлаб 35 та етакчи давлат олий таълим муассасаларига, жумладан, қуйидаги ваколатлар бўйича молиявий мустақиллик берилгани маълум қилинганди. Шунингдек, Президентнинг «Давлат олий таълим муассасаларининг академик ва ташкилий-бошқарув мустақиллигини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинган.

Унга кўра, молиявий мустақиллик берилган давлат олий таълим муассасаларига 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб академик ва ташкилий-бошқарув соҳалари бўйича қўшимча ваколатлар тақдим этилади.