Стокгольмда Ўзбекистон элчихонаси очилади
Нодир Ғаниев дипломатик миссия маслаҳатчиси этиб тайинланди
Ўзбекистоннинг Швециядаги янги элчихонасининг биринчи дипломати 3 август куни Стокгольмга етиб борди. Бу ҳақда «Дунё» хабар берди.

Қайд этилишича, дипломатик миссия маслаҳатчиси лавозимига тайинланган Нодир Ғаниев Ўзбекистоннинг Швеция Қироллигидаги Муваққат ишлар вакили вазифасини бажаради.
У Фарғона шаҳрида туғилган, 50 ёшда. 1993 йил Тошкент давлат университетини (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети) филолог-шарқшунос мутахассислиги бўйича тамомлаган.

1994 йилдан буён Ташқи ишлар вазирлиги тизимида фаолият юритиб, марказий аппаратда ва мамлакатимизнинг хориждаги дипломатик ваколатхоналарида турли лавозимларда ишлаган.
Швецияга жўнаб кетишдан олдин у Ташқи ишлар вазирлигининг Европа мамлакатлари ва ЕИ институтлари билан ҳамкорлик бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган.
Маълумот ўрнида, Стокгольмдаги дипломатик ваколатхона Ўзбекистоннинг хорижий давлатлардаги 36-элчихонаси бўлади.