Тошкентда 5 ёшли пиёданинг ўлимига олиб келган ЙТҲ сабаби маълум бўлди
«Matiz» ҳайдовчисининг айтишича, баклажка тормоз тепкисининг тагига тиқилиб қолган
Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида вояга етмаган пиёда ҳалок бўлгани тўғрисида хабар берилганди. «Milliy» телеканалининг «Миллар» дастурида маълум қилинишича, ЙТҲ ҳайдовчининг эҳтиётсизлиги оқибатида юз берган.

Гувоҳларнинг сўзларига кўра, қизил чироқ ёнган вақтда она ва бола пиёдалар йўлагидан ўтаётганида «Matiz» уриб юборган. Машина зарби болакайни учириб юборган.
Маълум қилинишича, 30 июль куни соат 15:30 ларда 21 ёшли А.Ш. ўзининг бошқарувидаги «Matiz» русумли автоуловда Олмазор тумани Фаробий кўчаси бўйлаб ҳаракатланиб келаётиб, йўлнинг қарама-қарши қисмига чиқиб кетган. Натижада у 14-сонли оилавий поликлиника қаршисида йўлни кесиб ўтаётган пиёда 34 ёшли аёл ва унинг фарзандини уриб юборган.
Жароҳатланганлар дарҳон пойтахтдаги Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига олиб келинган.
Аёлга ёпиқ бош мия жароҳати, бош мия чайқалиши, юз-даҳан соҳаси, қўл-оёқ соҳасидаги юмшоқ тўқималарнинг шилиниш ташхиси қўйилган. Бемор 3 кун давомида муолажаларни олиб, уйига жавоб берилган.
Шифокорларнинг айтишича, болакай бош миясидан жиддий жароҳат олгани сабаб вафот этган.
«Машинани тўхтатиш учун тормозни босдим. Тормоз ушламаяпти. Сув ичиб, оёқ тагига баклажка қўйиб қўярдим, ўша тепкининг тагига тиқилиб қолибди. Рулни чап томонга бурдим, пиёдалар йўлагидан ўтаётган она-бола кўришга улгурмадим», — дейди ҳайдовчи.
Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ Тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳайдовчига нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси танланган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Бундан олдин, Қашқадарёда ҳайдовчи машинасида 2 пиёдани уриб, қочиб кетгани, Тошкент вилоятида «Labo» пиёдани уриб, воқеа жойидан яширингани тўғрисида хабар берилганди.