Хитой ўзининг ядровий арсеналини АҚШники билан солиштирди
Хитой делегацияси ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисидаги шартномани қўриб чиқиш конференциясида ўзининг ядро арсеналини АҚШники билан солиштирди. Бу ҳақда «ТАСС» хабар берди.

Пекин Вашингтон ядро арсеналини бутун дунё ва глобал хавфсизликка таҳдид деб атаган.
«АҚШ ядровий қудратли давлат сифатида минтақавий ва халқаро тинчлик, хавфсизликка таҳдид солаётган улкан ядро арсеналига эга», — деган Хитой делегацияси.
Хитой АҚШ билан солиштирганда, миллий хавфсизликни таъминлаш учун зарур бўлган минимал ядро арсеналини сақлаб қолишини билдирган. Бундан ташқари, делегация вакили АҚШнинг ядро қуролини чеклашни муҳокама қилиш бўйича таклифларига изоҳ берган.
«Хитой кўплаб давлатлар билан қурол назорати бўйича диалогга эга. Илгари АҚШ билан бундай мулоқот бўлган. Аммо улар Хитой билан муносабатларни рақобат деб таърифлайди ва Хитойни бостириш, унинг суверенитети, ҳудудий яхлитлигига тажовуз қилиш чораларини кўрмоқда», — деган Хитой расмийси.
Шунингдек, у мамлакат ҳеч қачон қуролланиш пойгасида қатнашмаслиги ва биринчи бўлиб ядро қуролидан фойдаланмаслигини қайд этган.
«Хитой ҳеч қачон қуролланиш пойгасида қатнашмаган ва қатнашмайди», — деган у.
Аввалроқ Исроил Яқин Шарқда ядровий қуролланиш бошланишидан огоҳлантирганди. Шунингдек, «Ядровий бешлик» етакчилари муҳим баёнот билан чиққанди.



