14:45 | 06.08.22 238

Андижонда 62 ёшли эркакнинг уйидан марихуна топилди

Аниқланишича, у бундан олдин уч марта жиноий жавобгарликка тортилган

Андижон вилоятининг Избоскан туманида яшаш хонадонида марихуана сақлаб келаётган фуқаро аниқланди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Сирдарё вилояти ИИБ ахборот хизмати

Маълум қилинишича, вилоят миқёсида «Қорадори-2022» кенг қамровли профилактик тадбирларининг иккинчи босқичи ўтказилмоқда. Избоскан тумани ИИБ ЖҚБ ходимлари билан ҳамкорликда 3 август куни ўтказилган тадбирда туманнинг «Жаҳонобод» МФЙ Лолазор кўчасида яшовчи 62 ёшли фуқаронинг уйи кўздан кечирилган.

Текширув давомида тўрт нафар фарзанди бор эркакнинг уйидаги шкаф устидан қора рангли целлофан пакетда шубҳали модда топилган. Мазкур иш бўйича тайинланган суд-кимёвий экспертизаси хулосасига кўра, бу марихуана гиёҳвандлик моддаси бўлиб, унинг оғирлиги 105 граммни ташкил этган.

Маълумотларга кўра, ушбу эркак бундан олдин ҳам бир неча бор судланган. Хусусан, 1994 йилда Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) билан, 2004 йилда Жиноят кодексининг 273-моддаси (гиёвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) 3-қисми билан, 2012 йилда эса Жиноят кодексининг 219-моддаси (ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) 2-қисми билан жавобгарликка тортилган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан туман ИИБ масъул ходимлари томонидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ ДХХ жойларда катта миқдордаги гиёҳванд моддаларни мусодара қилгани ва Тошкентда эркаклар онлайн наркотик дўконларининг флаерларини тарқатиб юргани маълум қилинган.