АҚШ қандай ҳолатда ядро қуролидан фойдаланади?
Мамлакат қайси давлатларга ядро қуроли билан таҳдид қилмаслиги очиқланди
АҚШ Давлат котибининг қурол назорати бўйича ўринбосари Бонни Женкинс мамлакат қандай ҳолатда ядро қуролидан фойдаланишини очиқлади. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар берди.

Женкинснинг сўзларига кўра, Вашингтон фақат ҳаётий манфаатларни ҳимоя қилиш учун экстремал вазиятларда ядро қуролидан фойдаланишни кўриб чиқади.
«АҚШ ядро қуролидан фақат экстремал шароитларда Вашингтон ёки иттифоқчи ва ҳамкорларимиз ҳаётий манфаатларини ҳимоя қилиш учун фойдаланишни кўриб чиқади», — деган у.
Унинг сўзларига кўра, АҚШ ядро қуролига эга бўлмаган давлатларга қарши бундай қуролидан фойдаланмайди ёки қўллаш билан таҳдид қилмайди.
АҚШ Энергетика вазирлиги қошидаги Миллий Ядро хавфсизлиги бошқармаси раҳбари Жилл Хрубининг айтишича, АҚШ модернизация доирасида ядро арсеналини кенгайтирмаяпти.
Аввалроқ Хитой ўзининг ядровий арсеналини АҚШники билан солиштирганди. Шунингдек, Германия дунё давлатларини ядровий қуролсизланишга чақирганди.