
Бош прокуратура Чилонзорда дарахтларга зарар етказилган ҳолатни назоратга олди
Тошкент шаҳри Чилонзор тумани ҳудудида 99 туп дарахтнинг илдизи шикастлангани ҳақида хабар берилганди. Бош прокуратура ушбу ҳолатни назоратга олди.

Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов хабарига кўра, Чилонзор кўчасини реконструкция қилиш жараёнида дарахтларга зарар етказилганлиги ҳолати Бош прокуратура томонидан текширилмоқда. Натижаси ҳақида хабар қилинади.
Telegram’даги «Преззузб» каналининг ёзишича, Кўчадаги камида 7 та дарахтга шикаст етказилган, бунинг учун қурувчи ташкилотга 261 миллион сўм жарима белгиланган. Кўчадаги умумий 99 та дарахтда шикастланиш хавфи аниқланган.
Аввалроқ Чилонзор туман ҳокимлиги дарахтларнинг шикастланишига қурилиш ишларини сабаб қилиб кўрсатганди. Ҳозирда туманда қурилиш кетаётган ҳудудлардаги дарахтларнинг ҳолати ўрганилиб, туман экология ва атроф муҳитни ҳимоя қилиш бўлими масъуллари томонидан назоратга олинган.



