Бугун оқшоми. Чилонзорда шикастланган дарахтлар, миллий мессенжер ва ижтимоий тармоқ, таътилдаги Бердимуҳамедов
@bugunoqshomi — бир кунда бир марта бериладиган хабарлар канали
Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.
Тошкент шаҳрининг доимий аҳолиси 3 миллионга яқинлашди (Қашқадарёнинг статистикаси ҳам кўтариляпти, ҳавотир олманглар). Энг кўп аҳоли Олмазор туманида яшайди.

Тошкент шаҳрининг доимий аҳолиси сони 2022 йил 1 июль ҳолатига кўра, 2 909 500 кишини ташкил этмоқда. Йил бошидан бери доимий аҳоли сони 47,1 минг кишига ёки 101,6 фоизга кўпайган. Аҳолининг 1 426 400 нафарини эркаклар ташкил этмоқда, аёллар сони бироз кўп — 1 483 100 нафар.
Туманлар кесимига кўра, пойтахт аҳолисининг энг кўпи Олмазор туманида қайд этилган — 390 минг, энг ками эса Бектемир туманида — 54 минг киши. Ушбу ҳаволада барча туманлардаги аҳоли сони келтирилган (спойлер қилишимиз мумкин: Чилонзорда сиз ўйлаганчалик кўп одам яшамайди, туриши мумкин, лекин яшамайди).
Ўзбекистонда 2017 йилдан бери 48 триллион сўм хорижий инвестиция ўзлаштирилди. Ўзлаштирилди — олиб келинди, ўғриланди эмас.

Статқўм маълумотларига кўра, 2022 йилнинг январь-июнь ойларида Ўзбекистонда 48 триллион сўмлик хорижий инвестиция ва кредитлар ўзлаштирилган. Ўзбекистонда сўнгги 5 йилда ўзлаштирилган хорижий инвестиция ва кредитлар ҳажми:
- 2017 йилда – 17,1 триллион сўм;
- 2018 йилда – 30,2 триллион сўм;
- 2019 йилда – 85,4 триллион сўм;
- 2020 йилда – 89,8 триллион сўм;
- 2021 йилда – 101,4 триллион сўм.
Ўзбекистон топ-50 инновацион давлатлар қаторига киритилади. 2026 йилгача. Насиб қилса. Қилсин.

Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларда инновацион ривожланиш стратегиясида мамлакатни 2026 йилда Тoп-50 инновацион давлатлар қаторидан жой эгаллаши асосий мақсад этиб белгиланган. Президент қарорига кўра, ҳудудларда 224 та, тармоқларда 441 та, олийгоҳлар ва илмий ташкилотларда 1 086 та лойиҳани амалга ошириш белгиланган.
Шунингдек, стратегияга мувофиқ ҳудудлардаги инновацион марказлар сонини 494 тагача, инновацион стартапларни 1 437 тагача етказиш ва яратиладиган янги технологияларни 384 тагача ошириш, инновацион тадбиркорлик натижасида яратиладиган янги иш ўринларини 4 бараварга кўпайтириш, тижоратлаштириш натижасида яратиладиган янги инновацион ишланмалар сонини 2 бараварга ошириш мақсад қилинган.
Ўзбекистонда миллий мессенжер ва ижтимоий тармоқ яратиш бўйича танлов эълон қилинди.
Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан ўтказиладиган «Миллий мессенжер ва ижтимоий тармоқлар бўйича стартап лойиҳалар» мавзусидаги стартап лойиҳалар танлови эълон қилинди.Танловда иштирок этувчи стартап лойиҳа ташаббускорларининг аризалари 2022 йил 31 июлдан 1 октябрга қадар қабул қилинади.

Лойиҳа ташаббускори — стартап лойиҳа асосчиларидан бўлиши (компания бўлган тақдирда асосий улушдорлардан бўлиши) лозим, шунингдек, ташаббускор (1 та иштирокчи) 1 та лойиҳа билан иштирок этиши мумкин. Стартап лойиҳалар асосида тайёр маҳсулот, дастурий маҳсулот, хизматлар ва технологиялар яратишнинг ҳамда вазирлик томонидан молиялаштиришнинг энг кўп муддати 1 йилдан ошмаслиги лозим.
«Ўзсувтаъминот» АЖ — энг қоғозбоз давлат ташкилоти. «Ҳудудгазтаъминот» иккинчи ўринда, лекин «сувчи»лардан икки баравар камроқ ҳужжат талаб қилган.
Адлия вазирлиги қатор вазирлик ва идоралар қонунчилик ҳужжатлари талабларига риоя қилмаган ҳолда фуқаролар ҳамда тадбиркорлик субъектларидан давлат хизматлари кўрсатилишида, ишга қабул қилиш жараёнида ортиқча ҳужжатлар талаб қилинганини аниқлаган.

Рўйхат бошидан «Ўзсувтаъминот» АЖ ўрин олган — 600 дан ортиқ. Шунингдек, қуйидаги вазирликлар ҳам энг кўп ҳужжатбозликка йўл қўйган:
- «Ўзсувтаъминот» АЖ – 600 дан ортиқ;
- «Ҳудудгазтаъминот» АЖ – 300 дан ортиқ;
- Бандлик ва меҳнат муносбатлари вазирлиги – 50 дан ортиқ;
- Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги – 20 дан ортиқ;
- Таълим сифатини назорат қилиш инспекцияси – 20 дан ортиқ;
- «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ – 40 дан ортиқ.
Адлия вазирлиги томонидан мазкур қонунчилик ҳужжатларининг бузилишига йўл қўганлиги юзасидан юқоридаги вазирлик ва ташкилотларга нисбатан тақдимнома ҳамда огоҳнома таъсир чоралари қўлланилган.
Бечора дарахтлар: Чилонзорда 99 туп дарахтнинг илдизи шикастлангани аниқланди.
Тошкент шаҳри Чилонзор тумани ҳудудида 99 туп дарахтнинг илдизи шикастлангани ҳақида хабар берилди. Туман ҳокимлиги бунга қурилиш ишларини сабаб қилиб кўрсатди.
Ҳокимлик масъулларининг маълумотларига кўра, бугунги кунда туман ҳудудида кенг кўламли ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда. Аҳоли ҳордиқ чиқарадиган жойлар, аллеялар, сайилгоҳлар қурилиши ишлари давом этмоқда.
«Шу ўринда, қурилиш ишлари кетаётган айрим ҳудудларда қурилиш ташкилоти томонидан дарахтларга эътиборсизлик қилинган ҳолатлар ҳам бўлган.
Ҳозирда туманда қурилиш кетаётган ҳудудлардаги дарахтларнинг ҳолати ўрганилиб, туман экология ва атроф муҳитни ҳимоя қилиш бўлими масъуллари томонидан назоратга олинган.
Бу борада аҳолининг жамоатчилик назоратига ҳам эътибор қаратилиб, келиб тушган мурожаатлар тезда ўрганилмоқда ва зарурий чоралар кўрилмоқда», дейилади ҳокимлик хабарида.
«Нова24» хабарига кўра, пойтахт ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев воқеа жойига бориб, аҳоли ва мутасаддилар билан учрашган. Шундан сўнг Экология қўмитаси раиси Нарзулло Обломуродов ва шаҳар прокуратураси ходимлари дарахтлар шикастланган ҳудудга борган.
Пунктлардаги хабарлар:
- Ўзбекистонда миллий мессенжер ва ижтимоий тармоқ яратиш бўйича танлов эълон қилинди. Танловда иштирок этувчи стартап лойиҳа ташаббускорларининг аризалари 2022 йил 31 июлдан 1 октябрга қадар қабул қилинади;
- Ўзбекистондаги олий таълим муассасаларида ўқишни ички кўчириш бўйича рад этилган аризаларни 10 августга қадар таҳрирлаш имконияти берилди.
Хўш, дунёда нима гап?
Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов таътилни қандай ўтказаётгани намойиш қилинди. 4 августь куни давлат раҳбари ва унинг ўғли Керимгули билан «Аваза» шаҳри ва Каспий денгизи қирғоқлари бўйлаб велосипедда саёҳат қилган.
Сўнгра улар «Аваза» спорт мажмуасига ташриф буюрган, у ерда «Давлат раҳбари тренажёрлар ва спорт турлари бўйича жисмоний машқлар билан шуғулланган», дейилади хабарда.
Хитой Тайван атрофига 68 та самолёт ва 13 та кема юборди.
Хитой Тайван атрофига ҳарбий машқлар учун 68 та самолёт ва 13 та кема юборди. Cамолётлар Тайваннинг ҳаво ҳужумидан мудофаа идентификация зонасида парвоз қилмоқда.

Бу маневрлар Хитой орол атрофида ўтказаётган кенг кўламли машқлар давомида амалга оширилган. Уларнинг мақсади қўшинларнинг турли бўлинмалари ва турларининг биргаликдаги ҳаракатларини ишлаб чиқиш, шунингдек шартли нишонларни йўқ қилишдир.
Британияда аҳолининг сувдан фойдаланишига чеклов жорий қилинди.
Буюк Британияда жазирама иссиқ шароитида жорий қилинган сув чекловлари жами 20,5 миллион кишига таъсир қилиши мумкин.

Маълум қилинишича, иккита йирик коммунал хизмат кўрсатувчи корхона аллақачон бу бўйича чора-тадбирлар жорий қилган. Улар ўсимликларни суғориш, автомобилларни ювиш, ҳовуз ва фаввораларни тўлдириш учун шланглардан фойдаланмасликка чақирган.
Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.