16:52 | 06.08.22 493

Чилонзорда 99 туп дарахтнинг илдизи шикастлангани аниқланди — фото

Туман ҳокимлиги бунга қурилиш ишлари сабаб бўлганини маълум қилди

Тошкент шаҳри Чилонзор тумани ҳудудида 99 туп дарахтнинг илдизи шикастлангани ҳақида хабар берилганди. Туман ҳокимлиги бунга қурилиш ишларини сабаб қилиб кўрсатди.

Фото: Чилонзор тумани ҳокимлиги ахборот хизмати

Ҳокимлик масъулларининг маълумотларига кўра, бугунги кунда туман ҳудудида кенг кўламли ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда. Аҳоли ҳордиқ чиқарадиган жойлар, аллеялар, сайилгоҳлар қурилиши ишлари давом этмоқда.

Фото: Чилонзор тумани ҳокимлиги ахборот хизмати

«Шу ўринда, қурилиш ишлари кетаётган айрим ҳудудларда қурилиш ташкилоти томонидан дарахтларга эътиборсизлик қилинган ҳолатлар ҳам бўлган.

Ҳозирда туманда қурилиш кетаётган ҳудудлардаги дарахтларнинг ҳолати ўрганилиб, туман экология ва атроф муҳитни ҳимоя қилиш бўлими масъуллари томонидан назоратга олинган.

Бу борада аҳолининг жамоатчилик назоратига ҳам эътибор қаратилиб, келиб тушган мурожаатлар тезда ўрганилмоқда ва зарурий чоралар кўрилмоқда», дейилади ҳокимлик хабарида.

Фото: Чилонзор тумани ҳокимлиги ахборот хизмати

«Нова24» хабарига кўра, пойтахт ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев воқеа жойига бориб, аҳоли ва мутасаддилар билан учрашган. Шундан сўнг Экология қўмитаси раиси Нарзулло Обломуродов ва шаҳар прокуратураси ходимлари дарахтлар шикастланган ҳудудга борган.

Аввалроқ Қашқадарё вилояти Қарши шаҳри Баҳодир Шерқулов кўчасида 8 та дарахт илдизигача бетонлаб кетилгани ҳақида хабар берилганди. Ўрганиш ишларидан сўнг бетонланган дарахтларнинг илдизлари очилиб, сув қуйиш ва ишлов бериш учун қулай ҳолатга келтирилган.