Финляндия ҳукумати наркотик қабул қилинадиган хоналар очмоқчи
Финляндия ҳукуматининг Оила ишлари ва асосий ижтимоий хизматлар вазири Аки Линден гиёҳванд моддаларни назорат остида қабул қилиш учун махсус хоналарни яратиш ғоясини маъқуллади. Бу ҳақда «YLE» хабар берди.

Маълум қилинишича, июль ойида бундай хоналарни ташкил қилиш учун фуқаролик ташаббуси зарур 50 минг имзони тўплаган. Эндиликда ташаббус парламент кўриб чиқиш учун тақдим этилади.
Вазир августда мазкур масалани ўрганиш бўйича ишчи гуруҳга ҳам топшириқ бермоқчи. Хусусан, бундай хоналарни очиш учун қонунчиликка қандай ўзгартиришлар киритиш кераклиги кўриб чиқилади.
Ташаббус муаллифлари бундай хоналар наркотик дозасини ошириб юбориш ва заҳарланиш оқибатидаги ўлимлар сонини камайтиришини айтмоқда. Вазирнинг таъкидлашича, бундай тажриба, масалан, Хельсинкида амалга оширилиши мумкин.
Аввалроқ Финляндия бош вазири давлат бюджетидан нонушта учун олган пулларини қайтариб берганди. Шунингдек, Финляндияда президент 1 кун 16 ёшли қиз билан бирга ишлаганди.


