Маймунчечакнинг энг хавфли асорати маълум бўлди
Бу ҳар ўнинчи беморда кузатилади
Маймунчечак билан касалланган ҳар ўнинчи бемор кўриш қобилиятини йўқотади, ҳар бешинчисида фотофобия, ҳар учинчисида конъюнктивит кузатилади. Бу ҳақда «Известия» хабар берди.

Маймунчечакдан кейин узоқ муддатли кўриш билан боғлиқ асоратлар юзага келади. Агар вирус кўзга кирса, одам бутунлай кўр бўлиб қолиши мумкин. «Роспотребнадзор» мутахассисн Наталья Пшеничная мазкур оқибатлардан огоҳлантирган.
«Кўзлар инфекцияланганида, шох парданинг яллиғланиши ривожланиши хавфи мавжуд. Бу кўзнинг хиралшиши, яллиғланиши ва чандиқ бўлишига олиб келади. Охиро-оқибат бемор кўриш қобилиятидан маҳрум бўлади», — дейди мутахассис.
Мисрнинг Танта университети тадқиқотчилари томонидан келтирилган маълумотларга кўра, беморларнинг 17 фоизида конъюнктиванинг зарарланиши, 7,5 фоизида кўзнинг яллиғланиши ва 4 фоизида шох парданинг яраси пайдо бўлади.
Маймунчечак — кам учрайдиган вирусли касаллик. Ҳасталик аломатлари орасида титроқ, чарчоқ, юқори иситма, бош оғриғи ва юздан бошланиб, тананинг қолган қисмига тарқаладиган тери тошмаси, яра киради. Маймунчечакка қарши махсус даволаш усули, шунингдек, унга қарши вакцина ҳам мавжуд эмас.
Маймунчечак касалланган ҳайвонларнинг қони, сўлаги ёки касал териси, шиллиқ пардалари билан бевосита алоқа қилиш орқали юқади. Яна бир омил, бу касал ҳайвонларнинг гўштини истеъмол қилиш ҳисобланади. Шу билан бирга, маймунчечак одамдан одамга ҳаво томчилари орқали ёки жинсий йўл билан юқиши мумкин. Европада касалликнинг кўп ҳолати жинсий алоқада бўлган эркакларда аниқланган.
Касаллик болалар ва аёллар орасида ҳам кузатилмоқда. Россиялик мутахассис маймунчечакка қарши эмланиш хавфли ҳисобланишини айтган. Касалликнинг одамлар орасида тарқалаётгани сабаби маълум қилинган.
Ўз навбатида, ҳудудида маймунчечак аниқланган Россия Ўзбекистонга бу касалликни аниқловчи тестларни топширган.