Ўзбекистонда ўқишни ички кўчириш бўйича рад этилган аризаларни таҳрирлаш имконияти берилди
Ўзбекистондаги олий таълим муассасаларида ўқишни ички кўчириш бўйича рад этилган аризаларни 10 августга қадар таҳрирлаш имконияти берилди. Бу ҳақда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

5 август куни хорижий ва нодавлат олий таълим ташкилотларидан ҳамда республика давлат олийгоҳлариаро ўқишни кўчириш бўйича аризалар қабули якунланганди.
Қайд этилишича, аризаларни кўриб чиқиш натижасига асосан кўплаб мурожаатлар тегишли ҳужжатлар тўлиқ юкланмагани, сўралган ҳужжат ўрнига бошқаси киритилгани, турдош бўлмаган йўналиш белгилангани ҳамда яна бошқа сабабларга кўра рад этилган.
«Шуни инобатга олиб, 5 августгача ‘Transfer.edu.uz’ тизимидан республика давлат ОТМаро ўқишни кўчириш бўйича ариза юборган, лекин аризаси рад этилган талабаларга аризаларни қайта таҳрирлаш имконияти яратилди», — дейилади хабарда.
Аввалроқ Ўзбекистонга хорижий ва нодавлат олий таълим муассасаларидан Олий таълим вазирлиги тизмидаги ОТМларга ўқишни кўчириш бўйича ўтиш бали белгиланганди. Шунингдек, 4 августдан 2022/2023-ўқув йилида олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига ўқишга кириш учун онлайн рўйхатдан ўтган абитуриентларга «Абитуриент рухсатномаси»ни бериш бошланган.



