17:46 | 06.08.22 208

«Қўйлиқ» бозорида 188 кг сифатсиз гўшт маҳсулоти аниқланди — фото

Истеъмолга яроқсиз гўштлар ИИБнинг кинология бўлимига топширилган

Тошкент шаҳридаги «Қўйлиқ» деҳқон бозорида истеъмолга яроқсиз гўшт маҳсулотларининг савдосига чек қўйилди. Бу ҳақда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати хабар берди.

Фото: Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати

Маълум қилинишича, хизматнинг Тошкент шаҳар бошқармаси Бектемир туман бўлими санитария-гигиенаси бўлинмаси мутахассислари ва ишчи гуруҳ томонидан тумандаги «Қўйлиқ» АЖ деҳқон бозорида белгиланган тартибда санитария назорати ўтказилган

Бозор ходимлари билан олиб борилган тадбир натижасида сифати бузилган 188 килограмм гўшт ва гўшт маҳсулотлари савдоси аниқланган. Истеъмолга яроқсиз деб топилган маҳсулотлар савдоси бекор қилиниб, ўрнатилган тартибда бартараф этилган. Гўшт маҳсулотлари Тошкент шаҳар ИИБнинг кинология бўлимига топширилган.

Фото: Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати
Фото: Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати

«Йўл қўйилган камчиликлар юзасидан бозор маъмурияти, жавобгар шахслар ва фуқароларга овқатдан заҳарланиш ва уни олдини олиш бўйича тегишли тавсиялар берилди. Профилактик суҳбат ўтказилиб, ВСEЛ ходимлари томонидан фуқарога нисбатан тегишли чора кўрилди», дейилади хабарда.

Аввалроқ Қашқадарёдан Тошкентга қарийб 500 килограмм ноқонуний гўшт олиб кетаётган «Cobalt» тўхтатиб қолинганди. Ҳайдовчи ушбу гўшт маҳсулотларини Тошкент шаҳрига сотиш учун олиб кетаётганини маълум қилган, бироқ ҳеч қандай ҳужжат тақдим эта олмаган.