Бугун оқшоми. Ўзбекистонлик шахматчиларнинг зафарлари юриши, хизмат машинасида одам уриб юборган «замҳоким», Фарғонада кесилган салкам 1 млрд сўмлик дарахтлар

Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.

Бугун кун бўйи бошингиз оғридими? (Бу ерда бирорта дорининг рекламаси бўлиши мумкин эди) Бу севганингиз ташлаб кетганидан эмас, шунчаки бугун кун давомида кузатилган кучли магнит бўрони сабаб шундай бўлган, кўп ўйланманг, яхши бўлиб кетади (айнан бу ерда бўлмаса ҳам, бошқа жойда шундай бўлиши умид бор). Бу шунчаки маълумот учун эди, энди хабарлар «гулдастаси»га ўтамиз (лекин бугунги хабарларнинг кайфиятидан жа гул ҳам деб бўлмайди).

Янги Ўзбекистонга «Янги Ўзбекистон»лар ярашади: Тошкент вилоятида яна бир «Янги Ўзбекистон боғи» қурилади. Бу сафар Нурафшонда (бу сўз битта гапда қанча бўлса, шунча кам).

Фото: Президент матбуот хизмати

Тошкент вилояти ҳокими Зоир Мирзаев Нурафшон шаҳар ҳудудида «Янги Ўзбекистон боғи» қурилиши учун ер майдони ажратиш тўғрисидаги қарорни имзолади. Унга кўра, Тошкент вилояти Нурафшон шаҳар «Янгиобод» МФЙ «Nurafshon biznes city» ҳудудидаги 22,28 гектар ер майдони «Янги Ўзбекистон боғи» қурилиши учун бош режага асосан Тошкент вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги «Бизнес марказларни қуриш дирекцияси» давлат унитар корхонасига доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратиб берилади.

Маълумот учун, Тошкент вилоятида аллақачон «Янги Ўзбекистон боғи» ва ҳаттоки Мустақиллик монументини ўз ичига олган «Янги Ўзбекистон» мажмуаси бор. «Оригинал Янги Ўзбекистон» 2021 йилнинг 31 августида очилган.

Диққат, премьера: «Дарахтлар қирғини». 2-мавсум. «Суратга олиш» жойи — Фарғона.

Кадр: Telegram

Ўзбекистонда 80 дан ортиқ кесилгани аниқланди (Ўзбекистон — Фарғонадаги бир кичик тумани. Энди Ўзбекистон республикаси бўйлаб бундай ҳолатларни тасаввур қилиб кўринг). Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаевнинг маълум қилишича, Фарғона вилоятининг Ўзбекистон туманида 80 дан ортиқ дарахт ноқонуний кесилган. Аниқланишича, бу ҳолат бир ой олдин содир бўлган (агар депутат бу видеони эълон қилмаганда, шундай қолиб кетаверармиди бу жиноят, деган савол — ухлаш олдидан ўйланиш учун яхши мавзу).

Mазкур ҳолат «Қирғкетмон» МФЙда туман «Электр тармоқлари» ходимлари томонидан амалга оширилган ва 48 тўп қарағай, 9 туп шумтол, 30 тупдан ортиқ мевали дарахтлар ноқонуний равишда остидан кесиб юборилган.

Бошқарма ходимлари томонидан манзарали дарахтларни ноқонуний равишда остидан кесилиши натижасида 856,5 миллион сўм миқдорида табиатга етказилган зарар суммалари ҳисобланган ва тўпланган ҳужжатлар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 278-моддасига (материалларни прокурорга топшириш) асосан қонуний чора кўриш мақсадида вилоят прокуратурасига юборилган. Ҳолат Бош прокуратура томонидан назоратга олинган.

Бу икки кун ичида аниқланган иккинчи ҳолат: аввалроқ Тошкент шаҳри Чилонзор тумани ҳудудида юзлаб дарахтларнинг илдизи йўл қурилиши сабаб шикастлангани ҳақида хабар берилганди.

Янги Ўзбекистонга фақат ва фақат дарахтлар ярашади (жумладан, Зоир Мирзаев қурмоқчи бўлаётган боғга ҳам). Бундан кўра яхшироқ ярашадиган нарса фақат янада кўпроқ дарахт бўлиши мумкин.

Президентнинг ҳафталик иш графиги: Шавкат Мирзиёев ушбу ҳафтадаги иш режасидан мамлакатнинг иқтисодий-ижтимоий ривожига бағишланган йиғилиш, муҳокамалар, хусусан, металлургия саноати, Тошкент шаҳрида амалга оширилаётган лойиҳалар тақдимоти ва умуман кенг жамоатчилик эътиборида бўлган масалаларга оид тадбирлар ўрин олган.

Нишон ҳокими ўринбосари хизмат машинасида 49 ёшли фуқарони уриб юборди. Жабурланувчи шифохонада вафот этди.

Фото: «Bugun.uz»

Нишон ҳокимининг биринчи ўринбосари 30 июль куни соат тунги 23:50 да хизмат автомобилида йўл-транспорт ҳодисасини содир этиб, 49 ёшли фуқаро ўлимига сабаб бўлди. «Янги Нишон» МФЙда яшовчи Нишон тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари Эркин Бобоқулов ўзининг бошқарувида бўлган «Gentra» русумли автомашинасини Қарши шаҳар Катта ҳалқа йўли бўйлаб Чироқчи тумани томон кетаётган вақтида фуқарони уриб юборган. Қашқадарё вилояти ИИБга кўра, ушбу шахс пиёдалар ўтиши учун мўлжалланмаган жойидан кесиб ўтаётган бўлган. Жабрланувчи шифохонада вафот этган.

Фото: Telegram

Бош прокурор матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновнинг маълум қилишича, мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Қисқа, аммо жуда катта хабар: Бутунжаҳон шахмат Олимпиадаси 2026 йилда Ўзбекистонда ўтказилади. Бу сафарги мусобақа Ҳиндистонда бўлиб ўтмоқда ва унда Ўзбекистон терма жамоаси етакчилар қаторида бормқода, ғолибликни қўлга киритиш имконияти сақланиб қолмоқда.

Ўзбекистонлик шахматчилар Ҳиндистон-2 жамоаси билан дуранг ўйнади. 9 турдан бери мағлубиятга учрамаган Гукешни Нодир Абдусатторов ютди!

Фото: Ўзбекистон шахмат федерацияси матбуот хизмати

Учрашувда Нодир Ёқуббоев ва Жаҳонгир Воҳидов рақиблари билан дуранг ўйнаган бўлса, Жавоҳир Синдоров мағлубиятга учради. Нодир Абдусатторов эса мусобақа давомида ҳали мағлуб бўлмаган Гукеш Доммарамжуни ютиб, дуранг натижани таъминлади.

Яна бир қулайлик (шунақа деб умид қиламиз): Ўзбекистонда 2023 йилдан масофадан маълумот узатувчи сув ҳисоблагичлар ўрнатилади. Бунда тадбиркорларга солиқ имтиёзлари берилади.

2023 йил 1 январдан бошлаб юридик шахс ва юридик шахс ташкил этмасдан тадбиркорлик фаолиятини амалга оширувчи истеъмолчилар томонидан ҳудудий сув таъминоти корхоналарига масофадан маълумот узатувчи замонавий сув ҳисоблагичлар ўрнатилиши белгилаб қўйилган.

Фото: «Bugun.uz»

Шу билан бирга, қарор билан тадбиркорларга енгиллик яратиш мақсадида сув ҳисоблагичларини ўрнатганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 4 бараваригача (1,2 миллион сўм) солиқ имтиёзлари берилади.

2024 йил 1 январдан бошлаб масофадан маълумот узатувчи замонавий сув ҳисоблагичларни ўрнатмаган юридик шахс ва юридик шахс ташкил этмасдан тадбиркорлик фаолиятини амалга оширувчи истеъмолчиларга ичимлик сув таъминоти ҳамда оқова сув хизматлари учун сувни ҳисобга олиш ускунаси билан таъминланмаган истеъмолчилар сифатида ҳисоб-китоб қилинади.

Ҳа-я, айтганча, Ўзбекистонда ОТМларга кириш имтиҳонлари бошланди. Биринчи куннинг ўзида Фарғонада тест синовларида телефондан фойдаланган қиз аниқланди. Ва ДТМга кўра, ҳеч қандай имтиҳон саволлари тарқалиб кетмаган, тарқалган хабарлар (ва саволлар) ёлғон.

Академик лицейларга кириш имтиҳонлари эса 22 август куни Давлат тест маркази томонидан махсус белгиланган ҳудудларда бир сменада ўтказилади. Тест синовлари соат 8:00 бошланади.

Хўш, оламда нима гап?

«Толибон» Ўзбекистондан яна афғон учувчилари олиб ўтган авиатехникани қайтаришни сўради. Ўзбекистон жараён Ўзбекистон суди ҳукмига биноан амалга оширилишини, лекин воситаларни олиб кетиш Америка ихтиёрида эканини айтган. Америка эса улар Ўзбекситонда қолишини таъкидлаган.

Фото: «Reddit»

Афғонистон Мудофаа вазирлиги 8 августь куни Тожикистон ва Ўзбекистондан республикага афғон учувчилари олиб ўтган авиатехниакни қайтаришни сўради. «Толибон» ҳаракати расмийси Иноятуллоҳ Хоразмий мазкур масала юзасидан мурожат қилган.

«Вертолётлар афғон халқининг мулки саналади. Улар Афғонистоннинг амалдаги ҳукумати, Мудофаа вазирлигига қайтарилиши керак», дейилади мурожатда.

Айрим таҳлилчилар фикрича, «Толибон» ҳукумати халқаро ҳамжамият томонидан тан олинмагунча вертолётлар қайтарилмайди.

«Вертолётларга келсак, бу авиатехника ҳужжатлари Афғонистонга тегишли эканига ишончим комил эмас. Иккинчи муаммо бу ‘Толибон’ ҳукумати, чунки уни ҳеч бир давлат тан олмаган», — дейди собиқ афғон дипломати Фаҳим Коҳдаманий.

Маълумот учун, 2021 йил август ойида «Толибон» Кобулни эгаллаб, президент Ғани мамлакатдан кетганида афғон ҳарбийлари самолёт ва вертолётда Ўзбекистонга қочиб ўтган. Президентнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматилла Эргашев Ўзбекистонга собиқ афғон учувчилари томонидан олиб ўтилган самолёт ва вертолётлар «Толибон» ҳаракатига қайтарилмаслигини таъкидлаган.

Эргашевнинг сўзларига кўра, АҚШ ҳукумати авиатехника учун пул тўлаган ва Афғонистон собиқ ҳукуматига вақтинчалик фойдаланиш учун топширган. Сиёсатчи афғон самолётлари Ўзбекистонга кирган пайт чегарада бўлиб, воқеанинг бевосита иштирокчисига айланганини айтган. Расмий жараён Ўзбекистон суди ҳукмига биноан қарор қилиниши, лекин воситаларни олиб кетиш Америка ихтиёрида эканини айтган.

«Авиатехника суд қарорига асосан озод этилгач, улардан қай мақсадда фойдаланиш АҚШнинг иши», — дейди Афғонистон бўйича махсус вакил. Эргашев «Толибон» томонидан самолёт ва вертолётларни қайтариш бўйича Ўзбекистонга мурожаат бўлганини тасдиқлаган. Сиёсатчи улар билан учрашиб масалага ойдинлик киритганини айтган.

АҚШ Марказий қўмондонлиги раҳбари Майкл Курилла афғон ҳарбийлари Тожикистонга олиб ўтган авиатехника шу мамлакатда қолиши мумкинлигини билдирган.

«Мақсадимиз самолётнинг бир қисмини ёки тўлиқ қисмини Тожикистон ҳукуматига топшириш», — дея қўшимча қилган генерал. Бу қачон содир бўлиши ҳақида маълумот берилмаган, лекин АҚШ буни амалга ошириш учун ҳаракат қилаётгани қайд этилган.

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.

Тошкентнинг айрим туманларида электр энергияси вақтинча ўчирилди
Жамият, Тошкент ш.13:14 | 6.10.22
Тошкентнинг айрим туманларида электр энергияси вақтинча ўчирилди
Павел Дуров хакерлар WhatsApp орқали телефонларга киришидан огоҳлантирди
Жаҳон12:54 | 6.10.22
Павел Дуров хакерлар WhatsApp орқали телефонларга киришидан огоҳлантирди
Қозоғистон ва Ўзбекистон чегарасидаги пост икки кунга ёпилди
Жамият12:38 | 6.10.22
Қозоғистон ва Ўзбекистон чегарасидаги пост икки кунга ёпилди
«Qo‘qon etnosport chellenj—2022» республика фестивали ўтказилади
Жамият12:16 | 6.10.22
«Qo‘qon etnosport chellenj—2022» республика фестивали ўтказилади
Афғонистондаги масжидда содир бўлган портлаш қурбонлари 25 кишига етди
Жаҳон11:59 | 6.10.22
Афғонистондаги масжидда содир бўлган портлаш қурбонлари 25 кишига етди
Ўзбекистон яна 34 та замонавий электропоезд харид қилади
Жамият10:56 | 6.10.22
Ўзбекистон яна 34 та замонавий электропоезд харид қилади