19:25 | 08.08.22 275

Наманганда маст ҳайдовчи устидан кулган ЙПХ ходимларига хизмат текшируви тайинланди — видео

Ҳайдовчи ЙПХ ходимларининг камерасига қараб, бошқа ичмасликка сўз берган

Наманган вилояти ИИБ Тўрақўрғон туманида ЙПХ ходимлари маст ҳолатдаги фуқаронинг устидан кулгани тасвирланган видеога муносабат билдирди.

Кадр: Telegram

Ижтимоий тармоқларда ҳайдовчи камерага қараб, бошқа спиртли ичимлик ичмаслигини, «агар ичсам, машинасини қайтариб бермасликларини» айтгани тасвирланган видео тарқалди.

Наманган вилояти ИИБга кўра, 29 июль куни Тўрақўрғон туманига хизматга жалб этилган Наманган вилояти ИИБ ЖХХ ЙҲХБ 2-сафарбар гуруҳи инспекторлари соат 10:00 лар чамасида «ВАЗ-2106» русумли автомашинани тўхтатиб текширган. Аниқланишича, ҳайдовчи спиртли ичимлик таъсирида автомашина бошқариб келаётган бўлган. Автомашинани вақтинчалик жарима майдонига жойлаштирилиб, тегишли тартибда маъмурий баённома расмийлаштирилган.

Видеотасвирда акс этган ходимларнинг фуқаро олдидаги хатти-ҳаракатлари юзасидан хизмат текшируви тайинланган.

Аввалроқ Қорақалпоғистонда бош кийимидан алкотестер сифатида фойдаланган ходимга хизмат текшируви тайинлангани, Тошкентда ҳайдовчи билан қўпол муносабатда бўлган «ГАИ» иши бўйича хизмат текшируви ўтказилгани тўғрисида хабар берилганди.