Шавкат Мирзиёев «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги қонунни имзолади
Президент Шавкат Мирзиёев «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги қонунни имзолади. Бу ҳақда Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ахборот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, қонун вазирлик ва идоралар мутахассислари, хорижий экспертлар ва жамоатчилик вакиллари иштирокида тайёрланган бўлиб, 10 та боб ва 64 та моддадан иборат.
Мазкур қонун Ўзбекистонда ижро ҳокимияти функцияларини амалга оширувчи давлат органлари ва ташкилотларидаги 118 мингдан ортиқ давлат фуқаролик хизматчиларининг фаолияти билан боғлиқ барча муносабатларни ягона қоидалар асосида тартибга солади.
Бундан буён давлат фуқаролик хизмати татбиқ этиладиган барча вазирлик ва идораларда ходимларни ишга қабул қилиш, фаолияти самарадорлигини баҳолаш, уларни хизмат поғоналарида ўстириш, рағбатлантириш ёки интизомий жазолаш ва хизматни тугатиш масалаларида ҳар хил ёндашувларга барҳам берилади.
Қонун билан давлат фуқаролик хизмати соҳасида ваколатли орган этиб — Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги белгиланди.
Аввалроқ «Солиқ маъмуриятчилигини ислоҳ қилиш даврида бизнес учун қулай шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент фармони қабул қилинганди.