16:59 | 09.08.22 1001

«Asalhoney»ни ўлдирган йигитга нисбатан суд ҳукми ўқилди

У Жиноят кодексининг икки моддаси бўйича айбдор деб топилди

«Asalhoney» номи билан танилган блогер Асал Хўжаевани ўлдирган йигитга нисбатан суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар судлари ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, 2022 йил 9 август куни, жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судида судланувчи К. Ш. (1997 йилда Хоразм вилоятида туғилган) га нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни ниҳоясига етиб, суд ҳукми эълон қилинган. Ушбу жиноят иши жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман суди раиси Т. Обидов раислигида кўриб чиқилган.

Эълон қилинган суд ҳукмига кўра, К. Ш. Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) 2-қисми «и» банди ва 164-моддаси (босқинчилик) 3-қисми «в», «г» бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга Жиноят кодексининг 59-моддасига асосан тайинланган асосий жазоларни қисман қўшиш йўли билан 16,5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Жиноят иши бўйича «Ипак Йўли» ОАИТБ Чилонзор филиалида сақланаётган 10 269 000 сўм жабрланувчининг қонуний вакилига қайтарилиши ва судланувчидан қонуний вакил фойдасига 20 849 899 сўм қопланмаган зарар ундирилиши белгиланган.

Қонуний вакилга етказилган моддий ва маънавий зарарни ундириш юзасидан фуқаролик тартибида судга мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилган.

Ҳукм устидан апелляция шикояти ва протести ҳукм эълон қилинган кундан эътиборан 20 сутка ичида, маҳкум ва фуқаровий даъвогар томонидан эса уларга ҳукмнинг кўчирма нусхаси топширилган кундан эътиборан шу муддат ичида Тошкент шаҳар судига берилиши мумкин.

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда «Asalhoney» номи билан танилган Асал Хўжаева ўз уйида ўлдириб кетилгани ҳақида ҳабар тарқалган. Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси блогер ўлдириб кетилганини тасдиқлаган. Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳруҳ Ғиёсов ушбу ҳолат юзасидан ижтимоий тармоқларда тарқалаётган хабарларга муносабат билдирган. Кейинроқ унинг ўлимида гумонланаётган шахс процессуал тартибда ушлангани хабар қилинган.