Бугун оқшоми. Ўзбекистон — шахмат Олимпиадаси чемпиони, ўзбекларни Украинадаги урушга чорлаган диаспора раҳбари, Қримдаги ҳарбий аэродром портлаши

Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.

Бугуннинг (албатта, «Bugun»нинг ҳам) энг яхши, қувончли хабари: Ўзбекистон терма жамоаси ўз тарихида илк бор Бутунжаҳон шахмат Олимпиадаси чемпионига айланди.

Ҳиндистоннинг Ченнай шаҳрида бўлиб ўтаётган Бутунжаҳон шахмат Олимпиадаси сўнгги турида Ўзбекистон эркаклар жамоаси Нидерландияни мағлуб этиб, тарихий натижа қайд этди. Шубҳасиз, кун қаҳрамонлари! Баракалла, йигитлар!

Фото: Ўзбекистон шахмат федерацияси матбуот хизмати

Нодир Ёқуббоев Йорден ван Фореест билан, Нодир Абдусатторов Гири Аниш билан дуранг ўйнади. Жавоҳир Синдоров ҳам дуранг қайд этди. Жаҳонгир Воҳидов эса ғалаба қозониб, Ўзбекистонга сўнгги турда ҳам ғалаба келтирди. Умумий ҳисоб — 2,5:1,5.

Фантастик бешлик қуйидагича:

  • Нодирбек Абдусатторов (2688);
  • Нодирбек Якуббоев (2620);
  • Жавоҳир Синдоров (2629);
  • Жаҳонгир Воҳидов (2564);
  • Шамсиддин Воҳидов (2552);

Чемпионларни Президентнинг шахсан ўзи телефон орқали табриклади. Бундай кадрлар доим ҳам чиқавермайди.

Эслатиб ўтамиз, Президентнинг 5 августдаги қарорига биноан, Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида олтин медални қўлга киритган спортчиларга 600 млн сўм пул мукофоти берилади, уларнинг мураббийсига эса 300 млн сўм бир марталик пул мукофоти берилади.

Яхши нарса бор жойда, албатта ёмони ҳам бўлади, лекин мана бундай расвоси камдан кам учрайди: Россияда ўзбек диаспораси раҳбари ватандошларини Украинадаги урушда қатнашишга чақирди.

Россиянинг Перм шаҳридаги ўзбек диаспораси етакчиси (Россия фуқаролигини олган) Жаҳонгир Жалолов бир гуруҳ ўзбекистонлик мигрантларни (видеода уларни бир жойга йиққанини кўриш мумкин) Россиянинг Украинани демилитаризация қилиш ва деназиялаштириш бўйича махсус ҳарбий операциясини қўллаб-қувватлашга, урушда кўнгилли бўлиб қатнашишга чақирди.

Мазкур ҳолат юзасидан Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги муносабат билдириб, фуқаролардан ундай даъватларга эргашмасликни, зиддиятли ҳудудларга бормасликни ва ҳарбий ҳаракатларда иштирок этмасликни сўраган.

Провокацияларга учманг, урушда қатнашманг, бегуноҳ одамларнинг ўлимига сабаб бўлманг, зулмни қўллаб-қувватламанг. Бундай разил инсонларнинг ўзбек диаспораси раҳбари бўлиши уятли ҳолат.

«Asalhoney»нинг қотили 16,5 йилга қамалди.

Фото: Instagram

«Asalhoney» номи билан танилган блогер Асал Хўжаевани ўлдирган йигитга нисбатан суд ҳукми ўқилди. Жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судида судланувчи К. Ш. (1997 йилда Хоразм вилоятида туғилган) Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) 2-қисми «и» банди ва 164-моддаси (босқинчилик) 3-қисми «в», «г» бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга Жиноят кодексининг 59-моддасига асосан тайинланган асосий жазоларни қисман қўшиш йўли билан 16,5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Жиноят иши бўйича «Ипак Йўли» ОАИТБ Чилонзор филиалида сақланаётган 10 269 000 сўм жабрланувчининг қонуний вакилига қайтарилиши ва судланувчидан қонуний вакил фойдасига 20 849 899 сўм қопланмаган зарар ундирилиши белгиланган.

Статистика: Ўзбекистон аҳолиси энг кўп Instagram ижтимоий тармоғидан фойдаланади.

Фото: «Bugun.uz»

Ўзбекистон аҳолисининг қарийб 70 фоиз қисми интернет фойдаланувчиси ҳисобланади, аҳолининг 18,3 фоизи ижтимоий тармоқлардан фойдаланади. Mамлакатда фойдаланувчилар томонидан энг кўп Instagram ижтимоий тармоғидан фойдаланилади. Ҳозирги кунда ушбу тармоқдан фойдаланувчилар сони 4,8 миллиондан ортиқ ҳисобланади. Фойдаланувчиларнинг 34,4 фоизи аёллар. Фойдаланувчиларнинг асосий қисми ёшларни (18-35 ёш) ташкил этади.

Маълум қилинишича, Ўзбекистонда жами 24,1 миллион нафар интернет фойдаланувчилари мавжуд. Ушбу рақамлар йилига ўртача 1,4 фоизга ўсмоқда. Бундан ташқари, аҳолининг 28,5 фоиз қисми 18-35 ёш оралиғида бўлиб, ижтимоий тармоқлар, жумладан, мессенжерлардан фаол фойдаланади.

Ўзбекистонда 2022 йилнинг ўтган даврида 2 миллиондан ошиқ истеъмолчининг ҳуқуқ ва манфаати бузилган. Етказилган зарар миқдори — 40 миллиард сўм.

Фото: «Bugun.uz»

Қайд этилишича, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигига 2022 йилнинг ўтган даври мобайнида истеъмолчилардан жами 12 мингга яқин мурожаат келиб тушган. Уларнинг 40 фоизи уй-жой коммунал, қурилиш ва транспорт хизматларига тўғри келса, 38 фоизи савдо ва умумий овқатланиш хизматлари, 16 фоизи алоқа, молия ва ижтимоий хизматлар ҳамда 6 фоизи реклама муносабатлари ва бошқа масалаларга тўғри келади.

Агентлик мутахассислари томонидан мурожаатларни кўриб чиқиш ва ўрганиш жараёнида 2 миллион 240 мингга яқин истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари бузилганлиги аниқланган. Шундан, истеъмолчиларга етказилган зарар миқдори 40 миллиард ташкил этган.

Бугунги кунга қадар Агентлик саъй-ҳаракати билан истеъмолчилар фойдасига 24,5 миллиард дан ортиқ маблағ қайта ҳисоб-китоб қилиб берилган. Қолган маблағларни истеъмолчиларга қайта ҳисоб-китоб қилиш чоралари кўрилмоқда.

Хўш, оламда нима гап?

Қримдаги Саками яқинидаги ҳарбий аэродромда кетма-кет портлашлар юз берди. Ҳодисадан сўнг 5 нафар жаброҳатланган, жумладан, бир нафар бола касалхонага ётқизилди.

Маълум қилинишича, воқеадан сўнг Қримдан чиқишда катта тирбандлик юзага келган. Портлаш содир бўлгани туфайли фавқулодда ҳолат эълон қилинган. Сайёҳлар хавф остида эмаслиги маълум қилинган.

Маҳаллий полиция портлаш содир бўлган Новофедоровка қишлоғига киришни чеклаган. Кейинчалик Новофедоровка аеродромидаги портлашлар оқибатида бир киши ҳалок бўлгани маълум қилинди.

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.

Ëқутистонда аёллар ҳарбий сафарбарликка қарши норозилик намойиши ўтказди — видео
Жамият19:15 | 25.9.22
Ëқутистонда аёллар ҳарбий сафарбарликка қарши норозилик намойиши ўтказди — видео
Ўзбекистонда БМТ шафелигида Биринчи Оролбўйи халқаро форуми ўтказилади
Жамият18:11 | 25.9.22
Ўзбекистонда БМТ шафелигида Биринчи Оролбўйи халқаро форуми ўтказилади
Термизда Афғонистонни гуманитар қўллаб-қувватлаш бўйича жамғарма ташкил этиш таклиф қилинди
Жамият17:16 | 25.9.22
Термизда Афғонистонни гуманитар қўллаб-қувватлаш бўйича жамғарма ташкил этиш таклиф қилинди
Миллий PR-маркази томонидан BBC медиа корпорацияси билан ҳамкорликда Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти ҳақида видеоролик тайёрланди
Жамият16:14 | 25.9.22
Миллий PR-маркази томонидан BBC медиа корпорацияси билан ҳамкорликда Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти ҳақида видеоролик тайёрланди
Тожик-қирғиз чегарасида барча ҳарбий ҳаракатлар тўхтатилди
Жаҳон15:14 | 25.9.22
Тожик-қирғиз чегарасида барча ҳарбий ҳаракатлар тўхтатилди
Тожикистон ва Қирғизистон чегаранинг 61 фоизини бўлишишга келишиб олди
Жаҳон13:14 | 25.9.22
Тожикистон ва Қирғизистон чегаранинг 61 фоизини бўлишишга келишиб олди