Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш қандай муаммоларга ечим бўлади?

2022 йилнинг энг эсда қоларли воқеаси бу — Қомусимизга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш жараёнлари бўлади, дея башорат қилишимиз мумкин. Мана, уч ойдан бери 7 ёшдан 70 ёшгача бўлган аҳолимиз орасида кўча-кўйда, оилаларда, маҳаллаларда, ишхоналарда қизғин муҳокама кетмоқда, ҳамманинг тилида бир гап. Қонун лойиҳаси муҳокамаси халқ билан мулоқот майдонига айланиб бормоқда.

Бу майдон ҳар бир инсоннинг йиллар давомида тўпланиб қолган дарду-ташвишларини ҳал этиб, оғирини енгил қиладиган, дардини тушуниб, уларнинг муаммоларини тубдан ҳал қила оладиган таклифлар мунозараси, муҳокамасини назарда тутади. Мана шундай катта умидлар боғланган жойда баъзи бир одамларнинг «Конституцияни ўзгартириш шарт эмас» деган фикри бироз ташвишга ва ҳайратга соладиган ҳолат.

Келинг, «ўзгаришлар нега керак?» деганларнинг ҳаётини бир кун Конституциявий ўзгаришларсиз тасаввур қиламиз…

Ватанимизда тонг отмоқда, ҳамма ишга шошмоқда. Ишдан олдин болаларни боғчада қолдириш керак. Лекин боғча мудираси микроучастка важи билан болаларни қабул қилмади, юқори синфда ўқийдиган боласи эса пахтага бориши шарт эканлиги уқдирилди. Бу етмаганидек, олий таълим муассасасидан телефон орқали, оиладаги 2 нафар талаба фарзандига энди таълим кредити берилмаслиги эълон қилинди.

Буларни ҳал қилишга улгурмай туриб, ишга кирмоқчи бўлган корхонадан «қариндошингиз судланганлиги туфайли сизга рад жавоби берилди» деган жавоб келди. Энди орқага қайтишга тўғри келади, деган фикр хаёлидан ўтди. Ахир, ишга жойлаша олмагандан кейин, уй-жой ҳам олиш муаммо, рўйхатдан ўтиш ҳақидаку, ўйламаса ҳам бўлади. Бу етмаганидек, уй-жойининг сносга тушгани ҳақида смс-хабар келди. Шуларни йўлда ўйлаб кетар экан, 3-4та ёшгина безори бехосдан хужум қилиб, чўнтакларини ўмариб кетишди. Ички ишлар ходимлари эса ҳеч нарсани тушинтирмасдан, уни участкага олиб кетишди. Бу ҳолат оила аъзоларига жуда қаттиқ таъсир қилди…

Хўш, Қонун лойиҳасига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилганда-чи?

Конституциянинг 1-моддасига киритилаётган Ўзбекистон «ижтимоий давлат» деган қўшимча кўп болали оилалар, кам таъминланганлар, ногиронлар давлат ҳимоясида бўлишини мустаҳкамламоқда.

Киритилаётан 25-модда сабабли энди «Шахс суднинг қарорисиз 48 соатдан кўп муддат ушлаб турилиши мумкин эмас. Агар ҳибсга олиш ёки озодликни бошқача тарзда чеклаш тўғрисидаги қарор белгиланган муддатда суд томонидан қабул қилинмаса, шахс дарҳол озод қилиниши керак ҳамда шахсни ушлаш чоғида унинг ҳуқуқлари ва ушланиш асослари унга тушунарли тилда тушунтирилиши керак. 26-моддага кўра, «шахснинг судланганлиги ва бундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар унинг қариндошлари ҳуқуқларини чеклаш учун асос бўлмаслиги керак». Демак, энди ҳар ким қилмишига яраша фақат ўзи жавоб беради. Унинг айби қариндошларига тамға бўлмайди.

27-моддага таклиф этилаётган «Ҳар ким уй-жой дахлсизлиги ҳуқуқига эга. Суднинг қарорисиз уй-жойдан маҳрум этилишга йўл қўйилмайди» деган норма ҳам жуда долзарбдир. Унинг Конституцияга киритилиши аҳолини узоқ йиллардан бери  қийнаб келаётган ‘снос’ хавфидан халос этади. 28-модда эса эндиликда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қонуний асосларда бўлиб турган ҳар бир шахс республика ҳудуди бўйлаб эркин ҳаракатланиш, турар ва яшаш жойини эркин танлаш ҳуқуқига эгаликни беради. Демак, Ватанимизнинг истаган бурчагидан уй сотиб олишга имкон бўлади.

64-моддага ўзгартишлар киритилиши оғриқли нуқталаримиз бўлган  етим болалар муаммосини ҳал қилиш имконини беради. Бугун янги тизим натижасида 18 та меҳрибонлик уйидан 10таси ёпилди. Демак, янги тизимнинг натижалари бардавом бўлиши учун уни Қомусимизда муҳрлаш керак, албатта.

Хулоса қилар эканмиз, аввало, кўп миллатли халқимизнинг турли қатламлари, турли ёшга мансуб ва турли касб эгалари томонидан билдирилган таклифлар асосида Конституциямизнинг 64та моддасига киритилиши кутилаётган 200дан ортиқ ўзгартиш ва қўшимча халқимизни ўйлантириб келган ижтимоий муаммоларнинг ечимини топишга, аҳолини рози қилишга хизмат қилади. Қомусимизнинг ҳар бир моддаси инсон қадрини эъзозлашга қаратилган. Иккинчидан, ҳар бир инсон ҳаётидан рози бўлар экан, юртимизда тинчлик ва тотувлик ҳукм суради. Тинчлик хукм сурган юртгина жадал суръатлар билан ривожланади ва жаҳон ҳамжамияти олдида обрў-эътиборга эга бўлади.

Феруза Усарова,

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ҳузуридаги Ўзбeкистоннинг энг янги тарихи масалалари бўйича Мувофиқлаштирувчи-мeтодик марказ директори

Ҳарбийлар билан селфи тушаётган вице-президент, Виндзордаги кийиклар подаси, тўфон келтирган талафотлар — бугун суратлари
Жаҳон23:58 | 30.9.22
Ҳарбийлар билан селфи тушаётган вице-президент, Виндзордаги кийиклар подаси, тўфон келтирган талафотлар — бугун суратлари
Apple Россиядаги аксарият ходимларини Қирғизистонга кўчирди
Жаҳон23:37 | 30.9.22
Apple Россиядаги аксарият ходимларини Қирғизистонга кўчирди
Тошкентда қизларни Туркияга фоҳишаликка жўнатмоқчи бўлган икки аёлга суд ҳукми ўқилди
Жамият, Тошкент вил.23:06 | 30.9.22
Тошкентда қизларни Туркияга фоҳишаликка жўнатмоқчи бўлган икки аёлга суд ҳукми ўқилди
Ўзбекистонга илк бор Техас штати савдо миссияси келади
Жаҳон22:35 | 30.9.22
Ўзбекистонга илк бор Техас штати савдо миссияси келади
АҚШ Сенати Украинага қўшимча 12,4 млрд долларлик ёрдам лойиҳасини маъқуллади
Жаҳон22:08 | 30.9.22
АҚШ Сенати Украинага қўшимча 12,4 млрд долларлик ёрдам лойиҳасини маъқуллади
Ўзбекистон ва Жаҳон банки ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича «йўл харитаси» қабул қилинади
Жамият21:42 | 30.9.22
Ўзбекистон ва Жаҳон банки ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича «йўл харитаси» қабул қилинади