Сталинга ким зўрлигини кўрсатиб қўймоқчи бўлган Трумен, 100 мингдан ортиқ одамни йўқ қилган «Кичкинтой». Ҳиросима ва Нагасакидаги фожиага 77 йил бўлди

Бундан 77 йил аввал, 1945 йил 6 ва 9 август кунлари тарихда илк бор атом бомба портлатилиб, Япониянинг Ҳиросима ва Нагасаки шаҳарлари вайрон бўлган. «Bugun.uz» бегуноҳ инсонларнинг ҳаёти сонияга қолмай кулга айланиши, тирик қолганлари эса кўп ўтмай нурланиш ва лейкемиядан вафот этишига сабаб бўлган машъум воқеага тўхталиб ўтади.

Ҳаммаси қандай бошланганди?

Фото: «Getty Images»

Япониядаги икки шаҳарнинг кули кўкка совурилиши 1945 йил, иккинчи жаҳон урушига бориб тақалади. Ўша вақтда Германия мағлубиятга учраган бўлса-да, Осиёда иттифоқчиларнинг Япония билан уруши давом этарди. Мамлакатнинг таслим бўлишни истамагани воқеалар ривожини тезлаштириб юборади.

Атом бомбанинг Японияга ташланиши АҚШ президенти Гарри Трумен даврига тўғри келса-да, аслида уни яратиш ишлари аввалроқ, Франклин Рузвелт раҳбарлик қилган вақтда бошлаб юборилганди. Лекин ҳаётдан кўз юмган Рузвелт мазкур «оламшумул» ихтирони қандай талофатларга олиб келишини кўролмай қолади. Президентлик курсисига ўтирган Трумен бўлса, урушда ютиб чиқиш, ундан ҳам кўра дунёга ким зўрроқ эканини кўз-кўз қилишни истаб, ишни жадаллаштиришга буйруқ беради.

1945 йил, Аламогордодаги синов
1945 йил. Аламогордодаги синов
Фото: «Wikipedia»

«Манҳеттен режаси» доирасида атом бомбани яратишга физик Роберт Оппенгеймер ва генера Лесли Гровс бош-қош эди. Ўша вақт учун ақлбовар қилмас — 2 миллиард долларга яқин маблағ сарфланиб учта бомба яратилади. «Кичкинтой» ва «Бақалоқ»дан бошқа учинчи бомбадан Ню-Мексико штатидаги Аламогордода синов вақтида фойдаланилади.

Трумен Шарқий Европага эга чиқаётган Сталинга ўзи раҳбарлик қилаётган Американинг нақадар қудратли эканини кўрсатиб қўйишни истарди. Буни 1945 йил, Европанинг келажаги масаласида ўтказилган Потсдам конференциясида Сталинга айтган гапидан ҳам билиш қийин эмасди. Ўшанда у Сталинга дунёни зир титратадиган қурол яратилганини айтади-ю, лекин СССР раҳбари парвойи палак бўлиб, бунга жиддий эътибор бермайди.

Ўша даврада бўлган Британиянинг бош вазири Черчилл эса гап нима ҳақида кетаётганини бир зумда илғайди. Кейинчалик у ўзининг китобида Япониянинг икки шаҳрига ташланган бомба Трумен ўшанда Сталинга мақтанган қурол эканлигини ҳақида ёзиб қолдиради.

Харобага айланган Нагасаки
Фото: «Wikipedia»

26 июль куни АҚШ, Хитой ва Буюк Британия ҳеч қандай шартларсиз Японияни капитуляция қилиш декларациясини имзолаб, Япониядан таслим бўлишни талаб қилади. Япониянинг ўша вақтдаги бош вазири Кантаро Сузуки таслим бўлиш талаби қўйилган декларацияни тан олмаслигини билдиради. Императори Хирохито бош вазирнинг мазкур қарорига қўшилади. Ўзи шундоқ ҳам нима қилишни олдиндан режалаштириб турган АҚШга Япония бош вазири ва императорининг таслим бўлмаслик ҳақидаги қарори тайёр баҳона бўлади. Японларнинг Американинг Перл-Ҳарбордаги ҳарбий-денгиз базасига қилган ҳужуми учун ўч олиш мавриди келганди, гўё.

Aвиабазадаги «Бақалоқ»
Фото: «Wikipedia»

Генерал Дуглас Макартур ва бош қўмондон Дуайт Эйзенҳаур оқибатини чамалаб, ядровий қуролдан фойдаланишга қарши бўлади. Олимлардан айримлари ҳам ундан қарши томонга психологик босим кўрсатиш учунгина фойдаланиш кераклиги, ҳарбий мақсадда фойдаланиш эса аморал ва хавфли эканини таъкидлайди.

Аммо турли ҳисоб-китобларга кўра, ҳарбий ҳаракатларнинг давом этиши тахминан бир миллионга яқин америкалик ҳарбийнинг ўлимига сабаб бўлиши мумкин эди. Шуни рўкач қолган Трумен ишни пайсалга солмасдан, тезроқ ҳужумга киришишга буйруқ беради. Аслида 3 августга мўлжалланган операция об-ҳаводаги ўзгариш сабаб уч кун кейинга сурилади.

Америкаликлар бутун дунёга ва биринчи навбатда иккинчи жаҳон урушида ғалаба қозонган Совет Иттифоқига янги давр келаётгани ва унда ягона мамлакат — Америка Қўшма Штатлари гегемон бўлишини кўрсатмоқчи бўлади.

Аслида бомбани дастлаб деярли кимсасиз ҳудуд — далаларга ташлаш режалаштирилади. Лекин Трумен бунинг на японларга, на русларга таъсири бўлади деб ўйлаб қолади. У каттароқ резонанс, Япония даҳшатдан зир титраши, бутун дунё эса эслида «ким хўжайин» эканини билиб қўйишини хоҳларди. Шундан келиб чиқиб режалар ўзгаради.

Ҳиросима

«Энола Гей» самолёти
Фото: «Wikipedia»

1945 йил 6 август. Америка биринчи бомбани Кокура ёки Нагасакига ташлашни мўлжаллаганди, лекин ҳар икки шаҳарнинг осмони булутли экани сабаб аввалдан ўйлаб қўйилган Ҳиросимага ҳужум қилинади.

Оддий японлар яшайдиган Ҳиросима бежизга танланмаганди. Ёғочдан ишланган биноларнинг кўплиги Трумен кутгандек кенг кўламда вайронгарчиликни таъминларди. Қолаверса, ҳарбий порт ва омборлар, денгиз флотининг штаби, умуман Япония армияси учун ўта муҳим экани Ҳиросима, унда яшайдиган бегуноҳ одамларнинг тақдири олдиндан ҳал қилинишига сабаб бўлганди.

6 август куни соат 8 дан 15 дақиқа ўтганда Ҳиросимадаги ҳаёт жаҳаннамга айланади. Унда асосий роллардан бирини ўйлаган — Б-29 самолётини полковник Пол Тиббет бошқарганди.

Ҳавога шаҳардан 2500 километр узоқдаги Тиниан оролидан кўтарилган АҚШнинг Б-29 «Энола Гей» самолётидан, оғирлиги 4350 килограммни ташкил қиладиган «Кичкинтой» номли бомба ташланади. 9 километр баландликдан улоқтирилган бомба шаҳар узра 500 метр юқорида портлаб қўзиқорин шаклидаги булут ҳосил бўлади. Шаҳар олов, тутун ва радиация чирмовида қолади.

1945 йил 6 август. Ҳиросима
Фото: «Wikipedia»

Пол самолётга уни тиббиётни ташлаб, учувчи бўлишини қўллаб-қувватлаган онаси — Энола Тиббетснинг исмини берганди. Шимолий Африка ва Европа узра қийин кечган парвозларда у онасининг тасалли берувчи сўзларини эслар, самолётни шундай аташ орқали эса унга ҳурмат бажо келтиришни режалаштирганди.

Бомба ташлангач, самолётни шамол тезлигида ҳаракатлантирган экипаж командири Пол
Тиббетснинг тишлари зирқираб, оғзида қўрғошин таъми сезила бошлайди. Дунёда ҳали ҳеч ким ядро қуроллари билан ишлаш тажрибасига эга эмаслигига қарамай, Пол бунинг радиация эканини бир зумда билади.

Бу вақтга келиб эса Ҳиросимадаги шу кунгача бўлган ҳаётдан асар ҳам қолмаган, тирик қолган аҳолининг тақдири қандай бўлиши эса ўша лаҳзаданоқ тайин эди. Шаҳар кулга айланган, портлаш эпимарказидан узоқда бўлганларнинг эса жисмигина қолганди, холос.

Ҳиросиманинг атом бомбасидан кейинги аҳволи
Фото: «Wikipedia»

Ўлимлар сони тобора ортиб, портлашдан омон қолганлар, кейинроқ куйиш, нурланиш ва саратонидан ўлади. Турли маълумотга кўра, Ҳиросимада 90 мингдан 166 минггача бўлган аҳоли вафот этган.

Нагасаки

Б-29 га ортилаётган «Бақалоқ»
Фото: «Wikipedia»

1945 йил 9 август. Ҳиросимадаги даҳшатнинг ўзи америкаликларни тўхтата олмайди. Негаки, Япония қўрқувдан ларзага келган, лекин ҳали таслим бўлмаганди. Орадан 3 кун ўтгач маҳаллий вақт билан соат 11 дан 2 дақиқа ўтганида, Япониянинг энг машҳур портларидан бири — Нагасакига учувчи Чарлз Суини бошлиқ Б-29 Боcксcар самолётидан «Бақалоқ» номли атом бомбаси ташланади. Бу тарихда иккинчи ва охирги марта ишлатилган ядровий қурол эди.

Фото: «Wikipedia»

Аслида нишонда Кокура бўлганди, лекин осмондаги қора булутлар шаҳарни бу офатдан сақлаб қолади. Шундан буён японлар «Кокура сингари омадли» деган иборани ишлатиб келади.

Ҳамма нарса парчаланиб кетади. Бир неча ўн минг одам воқеа жойида вафот этади. Шаҳарда ёнғин бошланади. Шаҳар жасадлар уйилган харобага айланади. Ўн минглаб инсон ҳалок бўлади, юз минглаб одамлар майиб-мажруҳ бўлиб қолади. Мавжуд 52 000 бинодан 14 000 таси харобага айланади. Йил охирига келиб Нагасаки аҳолисининг жароҳат ва касалликлардан ўлганлар сони 140 мингдан ошади.

Уруш тўхтади

Нагасакидаги харобалар
Фото: «Wikipedia»

Бўлиб ўтган қақшатқич зарбалардан кейин японларнинг таслим бўлишдан бошқа иложи йўқ, душманда мамлакатни йўқ қилиб юборишга қодир шафқатсиз қурол бор эди. Бош вазир Кантаро Сузуки ва ташқи ишлар вазири Того Сигенори иттифоқчиларга Япониянинг ҳеч қандай сўзсиз таслим бўлишини маълум қилади. Енгилганлиги ҳақидаги хабар 15 августда эълон қилинса-да, бу ҳақидаги ҳужжат 2 сентябрьда имзоланади.

Портлаган бомбалардан кейин Осиёдаги уруш тўхтаб, иккинчи Жаҳон уруши якунига етади.

Японларнинг 1940 йилларнинг сўнгидаги ҳисоб-китобига кўра, ташланган икки бомба 200 минг кишининг ҳаётига зомин бўлган. ХХI асрга келиб атом тўлқини қурбонларига, куйиш ва радиациядан вафот этганлар сони қўшилганда ўлганлар икки бараварга кўпайгани, яъни 450 мингга яқинни ташкил этгани маълум бўлади.

Йиллар ўтиб ҳам асорати йўқолмаган фожиа

Садако Сасаки
Фото: «Wikipedia»

Ҳиросимада бўлган портлашдан катта-ю кичик бирдек азият чеккан. Ўшанда 2,5 ёшда бўлган Садако исмли қизалоқ эпимарказдан бир ярим километр узоқликда жойлашган уйида бўлган. «Кичкинтой» нинг тўлқини қизалоқни ойнадан ташқарига улоқтириб юборган, лекин шунга қарамай у тирик қолганди.

Аммо орадан 10 йил ўтгач унга лейкемия ташхиси қўйилади. Дугонасидан минг нафар қоғоз турначалар ясаган одамнинг истаги амалга ошишини эшитган Садако тузалиб кетиш илинжида оригами усулида қушчалар ясашга киришади. 1955 йилнинг 25 октябрь куни вафот этган Сасакига атаб Ҳиросимада ҳайкал қўйилади. Дунёнинг турли бурчагидан келган инсонлар унинг атрофига қоғоздан ясалган турначаларни қўйиб кетади.

Ҳар йили Япониядаги тинчлик боғида одамлар йиғилиб, соат 08:15 яъни бомба ташланган вақтда бир лаҳзалик сукут сақланади. Хиросима ва Нагасакига ташланган бомба қурбонларига рамзий қабр тошига: «Тинч ухланглар, бу бошқа қайтарилмайди!», — деб ёзиб қўйилган. Яна ҳар йили вафот этганлар ҳурмати учун ҳар йили қўнғироқ чалинади.

Оиласи билан хайрлашаётган астронавт аёл, шаҳар ўртасидаги улкан мушук, автомобиль йўлига ўтириб олган намойишчи — бугун суратлари
Жамият23:52 | 6.10.22
Оиласи билан хайрлашаётган астронавт аёл, шаҳар ўртасидаги улкан мушук, автомобиль йўлига ўтириб олган намойишчи — бугун суратлари
«Uztelecom Starlink’дан кўра 4-5 баробар арзон ва тез интернетни исталган хонадонга олиб бориши мумкин» — Шерзод Шерматов
Жамият, Тошкент ш.23:13 | 6.10.22
«Uztelecom Starlink’дан кўра 4-5 баробар арзон ва тез интернетни исталган хонадонга олиб бориши мумкин» — Шерзод Шерматов
Россия Беларусга импорт ўрнини босиш учун 1,5 млрд доллар ажратди
Жаҳон22:51 | 6.10.22
Россия Беларусга импорт ўрнини босиш учун 1,5 млрд доллар ажратди
Қашқадарёда туман электр тармоқлари корхонаси ходими ток уриши оқибатида вафот этди
Жамият22:35 | 6.10.22
Қашқадарёда туман электр тармоқлари корхонаси ходими ток уриши оқибатида вафот этди
«Сафарбарликдан қочаётган россияликлар Европадан бошпана сўрашга ҳақли» — Meduza
Жаҳон22:04 | 6.10.22
«Сафарбарликдан қочаётган россияликлар Европадан бошпана сўрашга ҳақли» — Meduza
Гулнора Каримовага тегишли бўлган «Сижжак» дам олиш маскани қайта сотувга қўйилди
Жамият21:44 | 6.10.22
Гулнора Каримовага тегишли бўлган «Сижжак» дам олиш маскани қайта сотувга қўйилди