Шавкат Мирзиёев Конституциявий ва Олий суд раисларига номзодларни Сенатга киритди
Президент маслаҳатчиси Бахтиёр Исломов Олий суд раисига номзод сифатида кўрсатилган
Ўзбекистон Президенти Конституциявий суднинг ваколатлари 24 август куни тугаётган 6 нафар судьясининг ўрнига номзодлар юзасидан Олий Мажлис Сенатига тақдимномалар киритди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот котиби хабар берди.

Ушбу номзодлар:
- Балкибаева Жанагул Исмайловна;
- Гафуров Аскаржон Бойисович;
- Давлетова Кароматжон Худайбергеновна;
- Исмайлов Рахат Аминбаевич;
- Рахимов Абдуманноб Кузиевич;
- Рахманов Акмал Эргашевич.
Улар Сенат томонидан сайланган тақдирда, ўз ваколатларига 24 август кунидан бошлаб киришади.
Бундан ташқари, Президент ўз тақдимномаси билан Конституциявий суд судьяси вакант лавозимига Олий суд раиси лавозимини эгаллаб келган Козимжон Комиловнинг номзодини таклиф этган.
Шунингдек, давлат раҳбари ўз тақдимномаси билан Президентнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш масалалари бўйича маслаҳатчиси Бахтиёр Исломовнинг номзодини Олий суд раиси лавозимига кўриб чиқиш учун Сенатга киритган.
Маълумот учун, Козим Комилов 2017 йил 27 май куни илк марта Олий суд раиси этиб сайланганди, шу йилнинг 13 июнида эса Олий суд раиси лавозимига қайта сайланган эди. Шунингдек, Бахтиёр Исломов 2021 йилнинг 15 ноябрида Президентнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимига тайинланган.
Эслатиб ўтамиз, Президент 2021 йилда Конституциявий суд тўғрисидаги қонунни имзолаганиди. Шунингдек, Судьялар олий кенгаши аъзоларининг янги таркиби тасдиқланган.